Ҳаким Термизий ижодини ўрганиш истиқболлари

Ҳаким Термизий ижодини ўрганиш истиқболлари

Жорий йилнинг 8 июн санасида етук олим, ҳаким, муҳаддис Ҳаким Термизий ижодини атрофлича ўрганиш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Ҳаким Термизий таълимотида маърифат ва қалбининг мақомлари” мавзусида ташкил этилган онлайн семинар бўлиб ўтди.

Ушбу семинарда Туркиянинг Салжуқ университети Ислом илмлари факултети профессори, доктор Ибраҳим Ишитан бошчилигидаги бир қатор турк олимлари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ходимлари, Термиз давлат университетининг бир қатор профессор ўқитувчилари ҳамда Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчилари иштирок этдилар.

Ислом илмлари факултети профессори, доктор Ибраҳим Ишитаннинг илмий тадқиқотининг асосий йўналиши Ҳаким Термизий илмий меросини тадқиқ этишга қаратилган. Иброҳим ишитаннинг бугунги кунга қадар айнан аллома илмий мероси бўйича ёзилган бир қанча китоблари ва илмий мақолалари фикримизни яққол далилидир.

Ушбу ўтказилган семинар асосан Ҳаким Термизий таълимоти билан боғлиқ бўлиб, олимнинг турли исломий илмлари, жумладан калом илми борасида, хусусан, Имом Мотуридий ва мотуридийя мактаби билан алоқаси ва Мовароуннаҳр миқёсида тутган ўрни, аллома асарларининг бугунги кундаги аҳамияти ҳамда аллома ижодини ўрганишда истиқболда амалга оширилиши керак бўлган ишлар каби мавзулар доирасида фикр алмашинилди.

Семинар эркин мулоқот тарзида ташкил этилди ва якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан илмий далиллар асосида жавоб берилди.
 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати