Қурбонликни муҳтожларга улашинг

Қурбонликни муҳтожларга улашинг

Аллоҳ таоло “Кавсар” сурасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”.

Уламо аҳлларимиз ушбу ояти каримадаги “намоз”дан мурод, ийди қурбон намози, “жонлиқ”дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Қурбонлик ­- Аллоҳга яқин бўлиш, яъни ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда маълум турдаги ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.

Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиш мустаҳаб саналади. Бир қисмини ўзи аҳлу оиласи билан истеъмол қилади. Яна бир қисмини фақир, бева-бечораларга садақа қилади. Учинчи қисмини қариндош-уруғ, ёру биродарлари, қўни-қўшниларига ҳадя қилади. Бунга далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: “Ундан енглар, сақлаб қўйинглар ва садақа қилинглар” (Муттафақун алайҳи).

Агар у одамнинг қарамоғидагилар кўп бўлса ёки эҳтиёжлари бўлса, қурбонлик гўштини уйда ҳеч кимга тарқатмасдан истеъмол қилса ҳам жоиздир.

Юртимиз ва маҳалла-кўйдаги бева-бечора ва муҳтожларга ёрдам бериш билан ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади ва бошқа бир қанча фойдалар олинади.

Ислом дини одамларни фақир-мискин, бева-бечора ва муҳтожларга моддий ёрдам бериш, уларнинг қорнини тўйдиришга чақиради. Бу Ислом дини камбағалпарварлигининг энг муҳим томонларидан биридир.

Таом инсон ҳаётининг давом этиши учун зарурий ҳожат бўлиши билан бирга, уни бошқаларга тақдим қилиш карам кўрсатишнинг белгиси ҳамдир. Исломда ўзгаларга таом тарқатиш савобли иш, баъзи хато ва гуноҳларнинг каффорати ҳам ҳисобланади. Бошқаларга таом бериш гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида суннат, гоҳида мустаҳаб амалдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роҳманга ибодат қилинг. Таомни едиринг. Саломни ёйинг. Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз», дедилар». Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Ислом динида бева-бечораларга ёрдам кўрсатиш жуда фазилатли амаллардан саналади. Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари кўп бўлиб, улардан бири моддий ҳолатини яхши бўлмаган камбағал ва бева-бечораларнинг кўнгилларини кўтаришдир. Бу билан фақир ва мискинларга нисбатан меҳр-шафқат туйғуларини оммалашади. Баъзи одамлар моддий имконияти йўқлиги сабабли хафталаб, балки ойлар давомида гўшт истеъмол қилмайди. Бундай кишилар қурбонлик гўшти сабабли қора қозонларига гўшт киради ва оиласига қисман бўлсада хурсандчилик киради. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, айби нуқсони бор ҳайвонлар гўштини эмас, балки энг афзал бенуқсон, бақувват ҳамда соғлом ҳайвонлар гўштини ҳадя қилиш керак. Бундан камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади.

Қурбонлик қилишнинг нафақат охиратда балки, шу дунёда ҳам бир қанча манфаатлари бор. Айниқса, ҳозирги пандемия даврида қурбонлик қилиб яқин қийналган бева-бечоралар, етим-есирлар ва муҳтож оилаларга тарқатиш билан меҳр-оқибатнинг пайдо бўлиши ва ижтимоий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади

 

Олим Жўраев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими