Ислом динида мўъжиза ва каромат тушунчалари

Ислом динида мўъжиза ва каромат тушунчалари

Инсон дунёга келгандан буён мўьжиза ва каромотларга ишониб, яшайди. Зотан мўьжиза ва кароматсиз ҳаёт қуруқ ҳаётга ўхшаб қолади. Шу сабаб қадимдан ота-боболаримиз мўьжиза ва кароматларга ишониб, ҳаёт ўтказишган. Мўьжиза ва кароматни инкор қиладиган тоифалар ёши улуғларни ,қадрли устозларни, инсоний қадриятларни менсимайди.Баьзи Ислом динига ёт оқимларда ака-ука,ёр-оғайни,ота-она ,азиз-авлиёларга ҳурмат масьаласида аҳли суннат жамоасига хос бўлмаган қарашлар кузатилмоқда. Бу қарашлардан ёшларимизни огоҳлантириш мақсадида, Мўьжиза ва каромат нима? Бу ҳақда улуғларимиз нима дейишган? Суҳбатимиз шу ҳақда бўлади. «Мўъжиза» сўзи араб тилида «ожиз қолдирувчи» деган маънони билдиради. Уламолар истилоҳида эса қуйидагича: «Пайғамбарлик даъвосини қилаётган шахснинг Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланишига далолат қилувчи ғайриоддий иш мўъжизадир».

Ушбу таърифдан мўъжизанинг шартлари келиб чикади.

Мўъжиза Аллоҳ таолонинг иши бўлиши, инсоннинг иши бўлмаслиги шарт.

Мўъжиза одатдан ташқари иш бўлиши, одамлар одатланиб қолмаган иш бўлиши шарт.

Мўъжиза унга қарши чиқишнинг имкони йўқ иш бўлиши, одамлар унга ўхшаш нарсани қила олмасликлари шарт.

Мўъжиза пайғамбарлардан содир бўлади. Пайғамбарлар ўз истаклари билан ё бирор кишининг сўрови билан мўъжиза қила оладилар. Аммо авлиёлар ўзи истаган вақтда каромат қила олмасликлари мумкин. Лекин ғайридин, куфр аҳлидан содир бўлган ғайриоддий ҳолатлар истидрож (вақтинчалик омад), дейилади.

 

Пайғамбарлар томонидан содир этилган мўьжизалар.

Инсон тарафдан содир этилувчи, ақлни лол қолдирувчи ғайри оддий ишлар уч турга бўлинади:

1. Пайғамбарларнинг мўъжизалари;

2. Авлиёларнинг кароматлари;

3. Кофирларнинг кўзбўямачиликлари.

Мўъжиза деб солиҳ инсон тарафидан, пайғамбарлик даъвоси билан содир этилган ғайри оддий ишга айтилади. Пайғамбарларнинг ғайри оддий ишларини “мўъжиза” деб номланишига сабаб шуки, уни пайғамбарлардан бошқалар асло амалга ошира олмайди, ожизлик қилишади. Масалан, ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг ҳассаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан ойнинг иккига бўлиниши кабилар.

Каромат Аллоҳ таолони яхши танийдиган ориф, солиҳ инсонлар тарафидан, у орқали пайғамбарликни даъво қилмасдан содир этилган, ақлни лол қолдирувчи ғайри оддий ишларга айтилади. Аҳли сунна вал жамоа уламолари “Авлиёларнинг каромати жоиз ва ҳақдир” деб таъкидлаб келадилар. Мўътазилий ва улар каби фикрловчи айрим эътиқоди бузуқ тоифалар авлиёларнинг кароматларини инкор этишади.

Мўъжиза билан каромат орасида бир қанча фарқлар бор:

1. Пайғамбарларнинг мўъжизаларини кофирлар, мусулмонлар, солиҳлар, фосиқлар ва осийлар ҳам кўриши ва гувоҳи бўлиши мумкин. Авлиёларнинг кароматларини эса фақат ўзларига ўхшаган авлиёлар кўради, холос.

2.Пайғамбарлар мўьжизаси бардавом давом этаверади.Авлиёларнинг каромати эса ҳамиша ҳам содир бўлавермайди. Махсус вақтларда, Аллоҳ уларни тоат-ибодатга тарғибини ирода қилган чоғларда бўлади.

3. Учинчи фарқ шуки, мўъжизанинг мўъжиза эканини пайғамбар билади ва Аллоҳдан унга берилган мўъжизаси эканини аввал тан олади. Кейин уни бошқаларга ошкор этади. Каромат эса, уни авлиёлар бу менинг кароматим деб айта олмайди, балки камтарлик юзасидан, бу бошқа азиз инсонлар (масалан устози, муршиди ва ҳоказо) билан боғлиқ каромат, ўшаларнинг барокати туфайли содир бўлган каромат деб айтади.

4. Пайғамбарлар ўз мўъжизаларини халққа ошкор қилишга буюрилганлар. Авлиёлар эса кароматларини халқдан яширишлари мақсадга мувофиқроқ,чунки риё сабабли яхши амаллари савобсиз қолиши мумкин.

5. Пайғамбарлар ўзлари кўрсатган мўъжизани бошқа инсон қила олмайди деб қатъий айта оладилар. Авлиёлар эса ўзлари тарафдан содир бўлган кароматни бошқа инсонлар қила олмайди, деб айтишга ҳақлари йўқ.

Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарларга ҳам уларнинг ҳақ эканликларини тасдиқловчи мўъжизалар берди. Баъзиларига қавмларининг талабларига биноан ҳам мўъжиза кўрсатди. Ҳар бир пайғамбар ўзига берилган бош мўъжиза билан бошқаларидан ажралиб турадиган бўлди. Уларнинг ҳаммаси моддий ва ҳиссий мўъжизалар бўлиб, замонларига, шароитларига мос эди. Шу билан бирга, у мўъжизалар пайғамбарлар алайҳимус-саломнинг шахслари ва ҳаётлари билан ҳам боғлиқ эди. Ўша пайғамбарларнинг ҳаёти тугаса, шахси бу дунёдан кетса, мўъжиза ҳам тамом бўлар эди.

Ҳар бир пайғамбарнинг ўз уммати яхши биладиган бирор ҳунар ёки шунга ўхшаш нарсадан мўъжизаси бўлган.

Фиръавн қавми математика, табиат илмлари, айниқса сеҳрга жуда уста эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга юборган пайғамбари Мусо алайҳис-саломга берган мўъжизасини шуларга мос қилиб бердики, аввало уламо ва сеҳргарлар Мусо алайҳиссалом кўрсатаётган нарса Аллоҳ тарафидан берилган эканига иймон келтирдилар. У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарларнинг сеҳр қилган нарсаларини ютиб юборди.

Ийсо алайҳиссалом келганда эса кишилар орасида табиат илми ва тиб ривожланган бўлиб, улар руҳий нарсаларни инкор қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳис-саломга кўр бўлиб туғилганларнинг кўзини очиш, тузалмайдиган касалларни тузатиш ва ўликларни тирилтириш мўъжизасини берди. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари охирги шариат бўлгани, у зотнинг рисолатлари қиёматгача туриши лозимлиги учун Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларини моддий эмас, маънавий қилди, муваққат эмас, абадий қилди. Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларидир. Бу мўъжиза у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ва шахсларига боғлиқ эмас. У зотдан кейин ҳам қиёматгача абадий мўъжиза бўлиб тураверади.

 

عن أبى هريرة قال: قال النبي: مامن الأنيياء نبي الاأعطي ما مثله آمن عليه البشر، وإنما كان الذي أوتيت وحيا أوحاه الله إلي، فأرجو أن أكون أكثرهم تابعا يوم القيامة. رواه البخاري ومسلم وأحمد والنسايي.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Анбиёлар ичида бирорта набий йўқки, унга одамлар иймон келтирганлари мислича (мўъжизалар) ато этилмаган бўлса. Менга берилгани эса Аллоҳ менга ваҳий қилган ваҳийдир. Умид қиламанки, мен қиёмат куни уларнинг ичида тобеси энг кўпи бўламан».

Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Насоийлар ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан олдин ўтган барча набийларга Аллоҳ таоло ўзига яраша мўъжизалар берганини ва ўша мўъжизаларни кўриб, одамлар уларга иймон келтирганини таъкидламокдалар. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари кўп бўлган. Аммо асосий ва бош мўъжиза Аллоҳ таоло у зот алайҳис-саломга юборган ваҳий - Қуръони Карим бўлган. Бошқа набий алайҳимус-саломнинг шариатлари вақтинчалик бўлгани учун мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган. Ўзлари бу дунёдан ўтишлари билан мўъжизалари ҳам йўқолган. Аммо Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача давом этиши бор ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло У Зотнинг бош мўъжизалари ваҳий - Қуръони Карим бўлишини ирода қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу дунёдан ўтиб кетсалар ҳам, бош мўъжизалари - Қуръони Карим қиёматгача боқий тураверади. Одамлар Қуръони Карим мўъжизасидан таъсирланиб, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтираверадилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчилар қиёмат куни ҳамма набийларнинг эргашувчиларидан кўра кўп бўлади.

Инсон ақлини лолу ҳайрон этувчи ишларнинг кейинги тури бу Аллоҳнинг душманлари тарафдан содир этилувчи кўзбўямачиликдир. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари наздида унинг ҳақиқати шуки, шайтонлар Аллоҳнинг душманларининг истагига кўра ҳар хил суратларга киради. Уларнинг хоҳишини амалга оширади. Масалан, бир нарсани одамлар олдида чумчуқ ё кабутарга айлантиради. Аҳли сунна эътиқодига кўра, мўъжиза ва кароматлар тан олинади, ишонилади, ҳақ деб иймон келтирилади. Аллоҳ душманларининг ғайри оддий ишларига эса алдов ва кўзбўямачилик – деб қаралади. Улардан содир бўлган ғайри оддий ишлар, қиёматда уларнинг зиёнига, жаҳаннамдаги уқубатларининг яна ҳам кўпайишига, дўзахдаги даражаларини оширилишига сабаб бўлади, деб эътиқод қилинади.

Каромат ва мўьжизаларга ишониш ва унга эътиқод қилиш инсонни яхшиликга етаклайди. Юртимиз авлиё ва соҳиб каромат инсонлар яшаб ўтган алломалар юртидир .Бу эьтиқод инсонга буюк инсонлар, устози, ота-онаси, умуман жамиятга бўлган дунё қарашини ўзгартиради. Инсоннинг яратилишини ўзи бир мўьжиза эканлигини чуқур ҳис этади. Атрофга муҳаббат билан назар солади. Барчамизни Аллоҳ яхши инсонлар сафидан жой олмоқлигимизни насиб этсин!

 

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

ҳадисшунослик бўлими етакчи илмий ходими

Худайназаров.Ф.