ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ВА ИМОМ БУХОРИЙНИНГ УСТОЗ-ШОГИРДЛИК АНЪАНАСИ ҲАҚИДА

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ВА ИМОМ БУХОРИЙНИНГ УСТОЗ-ШОГИРДЛИК АНЪАНАСИ ҲАҚИДА

Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (825-892) бошқа муҳаддислар сингари жуда кўп шайх устозлардан ҳадис ўрганган. Буларнинг орасида Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (810-870) ҳам, ҳатто унинг устозлари ҳам бор. Тадқиқотчилар айтишича, Имом ат-Термизийнинг жами устозларининг номлари рўйхатини 221 (икки юз йигирма бир) нафарга етказганлар. Шулардан тўққиз нафар шайхдан “Сиҳоҳи ситта”нинг ҳаммасида ривоят қилинганини кўриш мумкин. Ўн тўққиз нафар шайхдан эса Имом ат-Термизий билан бирга Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳам ривоят олганлар. Йигирма етти нафар шайхдан эса Имом ат-Термизий билан бирга Имом Бухорий ривоят қабул қилганлар. Қирқ бир нафар шайхдан эса Имом ат-Термизий билан бирга Имом Муслим ривоят олганлар[1].

Умуман олганда, Имом ат-Термизийнинг устозларидан тўрт нафари жуда машҳур. Улар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом ад-Доримий.

Имом ат-Термизий 241 ҳ./855 м. йилгача Нишопурда бўлган бўлиши керак. У Имом ал-Бухорийдан Нишопурда илм ўрганганлар. Тадқиқотчи Нуриддин Итр Имом Бухорий барча сафарларидан кейин Нишопурга келиб, 250-255 ҳижрий йилда беш йил туриб қолганида, Имом ат-Термизий унга шогирд тушган, деган фикрни илгари сурган[2]. Бу вақтда Имом ат-Термизий бошқа бир қанча устозлар қўлида таълим-тарбия олиб, олим бўлиб шаклланиб улгурган даври эди. Шунинг учун, у Имом ал-Бухорий билан бемалол илмий суҳбатлар ва баҳс-мунозаралар қила олар эди.

Имом ат-Термизийнинг энг катта устози, ҳадис фанидан энг кўп илмни ўрганган зот Имом ал-Бухорий эканлигига шак-шубҳа йўқ. Ибн Халликон (1211-1282) “Вафаёт ал-аъён” асарида: “У Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг шогирди бўлиб, унинг айрим шайхларида шерик ҳам бўлган”, деган[3]. Яъни, Имом ал-Бухорийнинг устозларига ҳам шогирдлик қилганини айтиб ўтган. Имом ат-Термизий устозидан фақатгина ҳадис илмидан сабоқ олмаган, балки фиқҳни ҳам ўзлаштирган эди. Чунончи, Шамсиддин аз-Заҳабий (1274-1348) “Тазкират ал-ҳуффоз” асарида: “Ҳадисда Бухорийдан фиқҳ ўрганган”, деган эди[4].

Айрим тадқиқотчилар Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳни туғма кўр бўлган, шунинг учун унинг “аз-Зарийр” (“Кўзи ожиз”) лақаби бўлган, деганлар. Бироқ, бу унчалик тўғри эмас. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ умрларининг охирларида Аллоҳ таолодан қўрқуви кучлилиги сабабли нобийно аъмо бўлиб қолганлар[5]. Баъзи олимлар унинг кўзи ожиз бўлиб қолишининг сабабини айнан устози Имом Бухорийнинг вафоти қайғусида йиғлайвергани учун бўлганини айтганлар[6]. Бу Имом ат-Термизийнинг устози Имом ал-Бухорийга қанчалик содиқлиги ва меҳр-муҳаббатини англатади.

Имом ат-Термизийни ҳамма устозлари иззат-икром қилишар экан. Зеро, одоб, зеҳн бобида беназир эканлар. Ҳатто Имом ал-Бухорий шогирди бўлмиш Имом ат-Термизийга қарата: ما إنتفعت بك أكثر ما إنتفعت بى – “Мендан фойдаланганингдан кўра кўпроқ сендан мен фойдаландим!”, деганлар. Одатда, шогирд зеҳнли ва иқтидорли бўлса, устоз уни ўқитишга кўпроқ меҳнат қилади. Яъни, кўпроқ китоб кўриб, дарсга жиддий тайёрланади. Имом ат-Термизий бир жиҳатдан Имом ал-Бухорийнинг устоз-шайхлари сирасига ҳам кириб қолганлари у зотга фахр ҳосил бўлади. Чунки, Имом ал-Бухорий бир неча ҳадисни Имоми Термизийдан ривоят қилганлар. Бу ҳол Имом ат-Термизийга ҳам шогирд бўлиш, ҳам устозлик мақомини берганининг белгисидир. Имом ат-Термизий иккита ҳадисни ривоят қилиб, Имом ал-Бухорийга айтиб берган эканлар. “Мана шу иккита ҳадисни мендан Имом ал-Бухорий эшитганлар”, деб ифтихор қилганлар.

Имом ал-Бухорийга Имом ат-Термизий айтиб берган ҳадисни Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Ҳазрати Али ривоят қилганлар:

لا يحلّ لأحد أن يجنب فى هذا المسجد غيرى و غيرك

“Мен билан сендан бошқа ҳеч кимга ушбу масжидда жунуб ҳолда ўтиш ҳалол бўлмайди!” (Термизий, 5/3811).

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни ривоят қилиб бўлиб, و قد سمع محمد بن إسماعيل منى هذا الحديث و استغربه – “Бу ҳадисни ҳақиқатдан ҳам мендан Имом ал-Бухорий эшитдилар ва бу ҳадисни ғаройиб санадилар”, – деганлар. Бу ерда “ғаройиб”, яъни “ғариб” саналишлиги ҳадис фанидаги заифликни билдирадиган истилоҳий ғариб эмас, балки олдин эшитмаган, ажойиб ва ғаройиб ҳадис, демакдир.

Бу эътироф ва ифтихор Имом ат-Термизийнинг илми ва ҳифзи муҳаддислар орасида нақадар юксаклигини англатади.

Имом ат-Термизийнинг китобларида барча муҳаддисларнинг ҳадис тўпламларида бўлгани каби тафсир бўлими ҳам бор. “Ҳашр” сурасининг тафсирида бир ҳадис ривоят қилинган. Унда “Имом ал-Бухорий уни мендан эшитди”, деган эканлар (Термизий, 4/3303).

Имом ат-Термизий “ал-Жомеъ”сининг иловаси – хотима қисми бўлмиш “ал-Илал ас-сағир” асарида Имом ал-Бухорий тўғрисида бундай деган эди:

Китобда ҳадислар, кишилар ва тарихий маълумотлардаги иллатлар ҳам зикр қилинган бўлиб, уларни мен тарих китобларидан чиқарганман. Уларнинг кўпчилигини Муҳаммад ибн Исмоил (ал-Бухорий) билан муҳокама қилганман... Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам иллатларнинг маъноларини, тарихий маълумотларни, иснодларни танишда Муҳаммад ибн Исмоил (ал-Бухорий) дан кўра кўпроқ биладиган бирор кишини кўрмаганман!”[7].

Имом ат-Термизийнинг бу эътирофи унинг Имом Бухорийни бошқа устозларидан ва жами муҳаддислардан устун санагани, устозликда афзал эканини англатади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Имом Термизий Имом Бухорий билан учрашиб, ундан ҳадис илмидан сабоқ ола бошлаган вақтда ўзи олим бўлиб шаклланиб улгурган эди. Шунинг учун, у ўз устози билан баҳс-мунозараларга киришар, илмий муҳокамаларда бемалол қатнашаверар эди. Имом Термизий “Жомеъ ас-сунан” асарида Имом Бухорий билан муҳокама қилган ҳадисларни бирма-бир қайд қилиб борган. Шу билан бирга, бошқа олимлар билан ҳам ушбу мавзулар бўйича суҳбатлашганини алоҳида кўрсатиб кетган.

Имом Термизийнинг “ал-Илал ал-кабир” асари ҳозиргача топилмаган. Бироқ, унинг Қози Абу Толиб томонидан тартиб берилган варианти бизгача етиб келган. У “ал-Илал ал-кабир”ни Термизийнинг шоҳасари “Жомеъ ас-сунан” асосида тузиб чиққан эди. Мазкур асарда Имом Термизийнинг ҳар бир ҳадис борасида Имом Бухорийдан сўраб олгани бирма-бир кўрсатиб ўтилган. Айрим ўринларда Бухорийнинг тўлиқ номи “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий” деб келтирилса, кўп ўринларда: “Муҳаммаддан сўрадим” шаклида, баъзи жойларда: “Абу Абдуллоҳ менга айтишларича”, деб келтирилади. Бу эътирофлардан Термизийнинг бу шоҳасари Имом Бухорийнинг бевосита раҳнамолигида ва устозининг қатъий маслаҳатлари асосида яратилган дейиш мумкин.

анъанаси исломда қадрланади. Ҳақиқий устоз ва шогирдларнинг ўзаро алоқасидан буюк ишлар вужудга келади.

 

Ҳамидулла Аминов

Тарих фанлари номзоди

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

 

 

[1] Акрам Зиё ал-Умарий. Турос ат-Термизий ал-илмий. – Мадина: Мактабат ад-Дор, 1991. – Б. 12.

[2] Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий ва ал-мувозана байна жомеъиҳи ва байна ас-саҳиҳайн. – Миср: Матбаа лажнат ат-таълиф ва-т-таржима ва-н-нашр, 1970. – Б. 17.

[3] Ибн Халликон. Вафаёт ал-аъён. 4-жилд. – Байрут: Дор Содир, 1968. – Б. 278.

[4] Шамсиддин аз-Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1955. – Б. 634.

[5] Нуриддин Итр. Ал-Имом ат-Термизий ва ал-мувозана байна жомеъиҳи ва байна ас-саҳиҳайн. – Миср: Матбаа лажнат ат-таълиф ва-т-таржима ва-н-нашр, 1970. – Б. 30.

[6] Юсуф ибн Муҳаммад ад-Дахийл. Суалот ат-Термизий лил-Бухарий. – Мадина: Жомеъа ал-исламия, 2003. – Б. 149.

[7] Имом ат-Термизий. ал-Жомеъ ал-кабир. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. – Б. 229.