ҲАДИСШУНОСЛИК ЙЎНАЛИШИГА ОИД АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

ҲАДИСШУНОСЛИК ЙЎНАЛИШИГА ОИД АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

Охирги икки юз йилда ҳадис илми ва унинг ғоявий асосларига турли фитналар оқибатида кўплаб нотўғри талқинлар киритилиши кузатилмоқда. Охирги вақтларда ҳам бу йўналишлар кучайса кучаяптики, сусаймаяпти. Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Менинг умматим залолат узра жам бўлмас” мазмунидаги ҳадислари бизга таянч ўлароқ,гарчи бу нотўғри ва ноўрин талқинлар ҳали бутун умматни эгаллаб олмаган бўлса-да, аммо огоҳлик зарур.

Ушбу ғояларнинг келиб чиқишига “илм ар-рижол” – ҳадис ровийлари ҳақидаги илм, яъни, ровийларнинг ишончли ёки ишончсиз эканлиги ҳақидаги баҳсларнинг ҳеч бир заруратсиз қайтадан таҳлил қилина бошлаганлиги асосий сабаблардан биридир. Натижада ҳал бўлиб улгурган ҳадисларни қайтадан таҳлил этиш иши бошлаб юборилди. Ахир, Имом Термизий ҳазратлари ўз китобини битгач, уни Ироқ, Хуросон Ҳижоз ва Хуросон олимларига кўрсатганлари ва улар рози бўлишганлиги қанчалик катта гап эканлигини англаш лозим эмасми? Пайғамбар алайҳиссалом уларни мақтаган биринчи уч асрдаги учинчи асрнинг олимлари ушбу китобга тан беришлари кифоя эмасми? Унинг ҳадисларини танқид этиш ёки саҳиҳ ва заифга ажратиш нега керак? Қуйидаги ажратиб кўрсатиладиган сўзлардан Имом Термизий асарларининг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини билиб оламиз:

Абулфатҳ деди: “Ибн Исо (яъни Имом Термизий) шундай деган: “Бу китобни (яъни “Ал-Жомеъ”ни) тасниф қилдим ва уни Ҳижоз, Ироқ, Хуросон олимларига кўрсатдим. Улар китобимдан рози бўлишди. Кимнинг уйида бу китоб турса, унинг уйида гўёки Пайғамбар гапириб тургандекдир” (Ибн Нуқта “Ат-Тақйид” китобида келтирган).

Албатта, охирги гап Имом Термизийнинг ўзларининг китобларини мақтаганлари сабабидан эмас, балки улуғ олимларнинг ундаги маълумотларни тасдиқлашганлари, Имом Термизийнинг эса олимлар ва устозларни қанчалик қадрлаганларининг ифодасидир! Бугун айниқса ушбу қадриятларга муҳтожмиз.

Ҳадисни, айниқса, икки саҳиҳдан бошқа “Сунан” асарларини саҳиҳ ёки заифга бўлиб, бу масалада ноўрин ҳаддан ошиш биринчи масала.Бунинг ортидан келадиган иккинчиси янада ёмонроқ бўлиб, у ҳам бўлса, ҳадиснитўғридан-туғри тушуниб, таҳлил қилиб, ундан ўзича далил ясаган ҳолда мазҳабларга тош отишнинг бошланганлигидир. Ҳатто олимлардан бирининг айтишича, “улар ҳадисларни ислом уммати кўксига санчиладиган ханжар сифатида тутишмоқда-ишлатишмоқда”. Ҳатто Имом Моликдек зотга халифа Мансур “Муватто” ҳадислар тўплами китобингизга барча умматни жамлайми?” деган мазмунда савол берганида, улуғ Имом: “Одамларни ўзларига етиб борган нарсада тек қўйинг” қабилида жавоб берганлар. Яъни, бу – улар ўз шароитларидан келиб чиқиб маълум бир ҳадисларни ёки бошқа шаръий далилларни тутишган бўлса, ўша улар учун яхшироқ, маъносидаги энг юксак илмий жавобдир! Ислом бир минтақага эмас, бутун ер юзига жорий бўлган диндир. Имом Шофеъий ҳазратлари ҳам Бағдодда ва Мисрда алоҳида вазиятлар нуқтаи назаридан иш кўрганлар.

“Ҳадис” луғатда “сўз” бўлиб, у Пайғамбар алайҳисслом тарафидан турли хил муносабатларда айтилгани маълум. Аммо “сунна” бу йўл бўлиб, унда равон юриладиган нарсадир. Мазҳаблар ҳам шу асосда вужудга келган. Шу асосда маълум маънода “сўз”ни ҳадисшунослар, “сунна”ни фақиҳлар ўрганган бўлиб, ҳар иккисининг ҳам Исломга буюк хизматлари бор. Уларнинг бири бошқасига қарши эмас, балки ўзаро ҳамкорликда бир-бирларини тўлдиришлари асосида омма мусулмонлар учун ғоятда фойдали натижаларни чиқариб берганлар. Асрлар давомида бунга амал қилиниб келиб, жиддий ихтилофлар кенг қулоч ёймаган эди. Буларни англаш учун аслида чуқур илмнинг ҳам кераги йўқ. Аммо охирги икки юз йилда буни билиб, билмаганга олиш ёки илмда, айниқса, фаросатда етарли даражаси бўлмаганлиги оқибатида бошқа нарсалардан таъсирланиб, нотўғри йўналишга тушиб қолиш ҳолатлари бошланди ва давом этмоқда.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг “Ал-Жомеъ ал-кабир” асари ҳам айрим илмда холислик ва илмий усулларга эътибори кам тоифалар томонидан турли талқинларда тақдим этилиш ҳолатлари бор. Шунинг учун бугунги кунда уни ҳақиқий илмий ҳадисшунослик ва Ислом динининг барча учун умумий бўлган усуллари асосида ўрганиш долзарблик касб этмоқда.

Тадқиқотчи Одил Ҳамидов ва бошқа тадқиқотчилар билан ўтказилган илмий мажлисда Имом Термизийнинг ушбу шоҳ асарининг мазҳаблар билан, хусусан, ҳанафий мазҳаби билан ҳам муносабати, жумладан, Имом Аъзам ва бошқа ҳанафий уламоларнинг “Ал-Жомеъ”да қайд этилиши, унда раъй – фиқҳ аҳлига бўлган муносабатлар масаласи ниҳоятда асосли ва теран таҳлиллар орқали очиб берилди. Қолаверса, “Ал-Жомеъ ал-кабир” асарнинг араб ва урду тилидаги қанчалаб шарҳлари мавжуд эканлиги қайд этилди. Бу масалада Ҳиндистоннинг ҳанафий уламолари ҳатто алоҳида йўналишга асос солишгани маълум бўлди. Ушбу йўналиш эса ҳадис ва мазҳабни бир-бирига қаршилантирмаслик, бунинг ниҳоятда тубан бир иш эканлиги, илмий усулларга ҳам номувофиқлиги каби масалаларни ҳам қамраб олганлиги қувонарли ҳолдир.

Келажакда бу масалада тегишли илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва юқоридаги масалаларга тегишли асарларни юртимизга, хусусан, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига келтириш жиддий мақсад сифатида қўйилди.

шуки, ушбу илмий анжуманни ўтказишдан мақсадимиз – бугунги кунда ҳадис илми ва унинг туб ғоявий асосларини илмий таҳлил этган ҳолда бу масаладаги минг йилдан ошиқроқ тарихга эга илмий анъаналаримиз асосидаги асл стратегиямизни белгилаб олиш ва уни ривожлантиришни муҳокама эта олишдир. Бизнингча, ушбу мақсадга маълум даражада етишдик, десак муболаға бўлмайди. Бу, насиб этса, бошланиши кутилаётган илмий ҳаракатларимизнинг муҳим асоси бўлишидан умидвормиз.

Ҳадисшуносликдаги асл мақсадимиз эса уларни мазҳабларга ҳурмат асосида ўрганиш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг умматга қолдирган “усватул ҳасана” – юксак намуналаридан баҳраманд бўлиш, ўтган олимларимизнинг ҳадисга оид асарларини уларга ҳурмат кўрсатган ва илмларига тўғри баҳо берган ҳолда ўрганишдир.

 

 

Жўрабек Чўтматов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази