БУЮК МУҲАДДИСЛАР АБУ ИСО МУҲАММАД ТЕРМИЗИЙ

БУЮК МУҲАДДИСЛАР АБУ ИСО МУҲАММАД ТЕРМИЗИЙ

 

 
ИМОМ ТЕРМИЗИЙ -  алломанинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савро ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Термизий Буғий. 
Минглаб ҳадисларни ёддан билган – буюк муҳаддис,  ҳофиз, фақиҳ ва олим бўлиб, ҳадисшунослик йўналишида энг етук олимлардан бири саналиши билан бирга тафсир ва фиқҳ илмларига ҳам катта ҳисса қўшган. Уламолар Имом Термизийнинг ҳадис илмида имомлиги ва машҳурлигига иттифоқ қилишган. Зеҳн ва хотираси ҳамманинг ҳайратига сабаб бўладиган даражада ўткир ва кучли бўлиши билан ўз даврининг олимларидан ажралиб турган.
Имом Термизий Термиз қишлоқларидан бири бўлган “Буғ” қишлоғида 824 (ҳижрий 209) йилда туғилган. Ўзидан ривоят қилинишича, бобоси Марвдан Термизга кўчиб ўтган. Саккиз Термизий нисбасидаги олимдан эллик тўрт ҳадис ривоят қилганига қараганда ёшлигида Термизда таълим олгани келиб чиқади. 
Илмий сафарлари 846-849 йилларда, яъни 20 ёшларидан кейин бошланган. Хуросон, Ироқ (Кўфа, Басра, Бағдод, Восит) ва Ҳижозга (Макка ва Мадина) сафар қилиб, у ердаги уломалардан ҳадис ўрганган. Шом ва Мисрга боргани ҳақида маълумот йўқ. Тахминан 864 йиллардан олдин юртига қайтган. Асарларида ҳаммаси бўлиб 224 шайх-устозидан ҳадис ва бошқа тур илмий  ривоятлар келтирган.
Имом Термизийнинг Мовароуннаҳр ҳадис мактабининг ривожланишида алоҳида ўрни бор. Энг кўп шогирдлари Насафдан бўлиб, уларнинг сони ўнтадан ошади. Бундан ташқари Самарқандда ҳам шогирдлари бўлганлиги  манбаларда зикр қилинган. Ўзининг “Китоб ал-илал” асарини Самарқандда ёзиб тугатган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Ғунжор Бухорийнинг  “Тарихи Бухоро” асарида келтирилишича, аллома Бухорода ҳам бўлиб, у ерда ҳадис ривоят қилган. 
Имом Термизий ўз ижодий фаолияти даврида ўндан ортиқ асарлар ёзган. Алломанинг асарлари ва илмий мероси ҳақидаги маълумотларни қуйидагича умумлаштириш мумкин:
1. Имом Термизийнинг шоҳ асарининг мухтасар шаклда энг кўп тарқалган номлари “Сунан” (Суннатлар) ва “Ал-Жомеъ ал-кабир” (Катта тўплам) ҳисобланади. Унинг тўлиқ номи “Ал-Жомиъ ал-мухтасар мина-с-сунан ъан Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва маърифату-с-саҳиҳ ва-л-маълул ва ма алайҳи амал” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари, саҳиҳ ва иллатлар маърифати ва унга амал қилинувчи (ривоят)лар борасида мухтасар тўплам). 
Бу ном ушбу қимматли асарнинг маъно-мазмунини тўла очиб бериши билан ҳам қийматлидир. Асар энг машҳур тан олинган “Сиҳоҳи ситта” (олти саҳиҳ) ҳадис китоби орасида тўртинчи ўринда туриши кенг қабул қилинган бўлса-да, айрим олимлар уни учинчи ўринга қўйиши ҳам учрайди. “Ал-Жомеъ ал-кабир”нинг замонавий тадқиқий нашрларининг бирида, асарда 3956 та ҳадис келтирилган. 
Асар ўз ичига иймон, Қуръон тафсири, Қуръон фазилатлари, сийратлар, дуолар, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж, жаноза, никоҳ, савдо-сотиқ, қурбонлик, либос, таомлар, ичимликлар, хайр-эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, жаннат ва жаҳаннам сифатлари, илм, изн сўраш, панд-насиҳат, одоб-ахлоқ ва бошқа мавзуларда ҳам ҳадиси шарифлар қамраб олган. 
Ушбу асар олти ҳадис тўпламидаги “Сунан” йўналишида битилган асарлар ичида ҳам “Сунан” ҳам “Ал-Жомеъ” йўналиши шартларини ўзида жамлаши билан ажралиб туради. “Сунан” номи аҳком ҳадисларини қамраган, уларни фиқҳий бобларга бўлган китобларга нисбатан ишлатилади. “Ал-Жомеъ” номи эса муҳаддислар истилоҳида унда сийратлар, одоблар, риқоқ (кўнгилни юмшатувчи ривоятлар), тафсир, ақоид, тарих, сийратлар, фитналар, аҳкомлар, шартлар, маноқиблар ва қиёмат аломатлари жамланган асарга нисбатан қўлланади.
Имом Термизий ушбу асарини милодий 884 (ҳижрий 270) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган.
2. “Аш-Шамоил ан-набавийя ва хасоис ал-мустафавийя” (Пайғамбарлик сийратлари ва танланган шахс хусусиятлари). У ҳадислар асосида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташқи ва ички сийрати хусусиятларини уйғун тарзда тасвирлашга қаратилган ниҳоятда қимматли илк манба бўлиши билан бирга бу йўналишда ёзилган энг мукаммал асар саналади, уни бугунги кунгача ўз бобидаги энг яхши асар сифатида баҳолаш мумкин. Бу асарнинг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, муаллиф имкони борича пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган. Асар 56 боб, 397 (баъзи нашрларда 394, 408, 415, 424)  ҳадисдан иборат.  
3. “Ал-Илал ал-кабир” (Ҳадис илмининг нозик жиҳатларига тегишли катта китоб). Ҳадис илмининг матн ва санадга тегишли нозик жиҳатларига тегишли ушбу асарнинг нашр нусхаларининг бирида 716 ривоят рақамланган. Бу асар қози Абу Толиб Маҳмуд ибн Али Тамимий Асбаҳоний (ваф. 585/1189 й.) томонидан бобларга бўлиб, тартиб берилган. 
4. “Китоб ал-илал” (Ҳадис илмининг нозик жиҳатларига тегишли китоб) ёки “Ал-Илал ас-сағир” (Ҳадис илмининг нозик жиҳатларига тегишли кичик китоб). Бу рисола “Ал-Жомеъ” асари сўнгига илова қилинган бўлса-да, унга мустақил асар сифатида қараш устиворлик қилади. У ҳадис илмининг қонун- қоидаларини баён этишга қаратилган муҳим рисоладир. 
5. “Тасмийяту асҳабу Расулиллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг номланиши) ёки “Ас-саҳоба”. Унда 728 шахс ҳақида маълумот берилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги саҳобалар ташкил қилади. У ҳадис ривояти асносида саҳобаларнинг исми ва уларга тегишли айрим маълумотларни аниқлаштиришга қаратилган.
6. “Аз-Зуҳд” (Зуҳдга тегишли ривоятлар). Муҳаддис олимларнинг бу турдаги китобларида зуҳд ва тақвога далолат қилувчи ҳадис ва ривоятлар жамланиши маълум.
7. “Ал-Асмо вал куна” (Исмлар ва кунялар). Бу тур китобларда ривоятларнинг санадларида келган ровийларнинг исмларига тегишли жиҳатларга аниқлик киритилади. 
8. “Ат-Тарих” (Тарих). Бу тур китоблар ҳам ҳадис ровийлари ҳаётига оид маълумотларга бағишланиши маълум.
9. “Ал-Мавқуф” (Мавқуф ривоятлар ҳақида). Санади Пайғамбар алайҳиссаломгача етиб бормасдан, саҳобада тўхтаган ва унга изофа қилинадиган ривоят “мавқуф” саналади.
10. “Рисолату фил хилоф вал жадал” (Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола).
11. “Ат-Тафсир” (Қуръон тафсирига оид).
Бугунги кунда бизга юқоридаги рўйхатдаги биринчи беш асар маълум бўлиб, улар нашр этилган, қолганлари эса бизнинг давримизгача етиб келмаган.

беш асар маълум бўлиб, улар нашр этилган, қолганлари эса бизнинг давримизгача етиб келмаган.
Имом Термизий исломий илмларга улкан ҳисса қўшган олим. У зотнинг илмдаги даражаси қай даражада юксак бўлганлигини устози Имом Бухорийнинг қуйидаги сўзи ҳам кўрсатади: “Муҳаммад ибн Исмоил менга: “Менинг сендан олган фойдам, сенинг мендан олган фойдангдан кўпроқдир”, деди. Имом Бухорий ҳам Имом Термизийнинг устози бўлишига қарамай, у кишидан ҳадислар эшитган. 
Имом Термизий ҳам: “Ҳадис илмида Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам Муҳаммад ибн Исмоил (имом Бухорий)дан кўра илмлироқ бирор кишини кўрмадим”, деб устозига бўлган чексиз ҳурматини намоён қилади.
Аллома ўзининг “Ал-Жомеъ” асари ҳақида шундай дейди: “Бу китобни тасниф қилдим ва уни Ҳижоз, Ироқ, Хуросон олимларига кўрсатдим. Улар китобимдан рози бўлишди. Кимнинг уйида бу китоб турса, унинг уйида гўёки Пайғамбар гапириб тургандекдир”. У “Ал-Жомеъ” китобида “фиқҳ ал-муқорин” (мазҳабларни қиёсий ўрганиш) йўналишига ҳам асос солган. Шунингдек, аллома бу асарини мутлақо янгича услубда битиб, унда илк бор ҳадисларни ўн тўрт хил илм асосида таҳлил қилган. 
“Аш-Шамоил” асари бизгача етиб келган ушбу мавзудаги энг қадимги ва яхши асардир. “Китоб ал-илал” эса бизгача етиб келган ҳадис илми қоидаларига оид энг қадимги ёзма асардир.
Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий 279 йил ражаб ойидан ўн учинчи кун ўтиб, иккинчи куни (душанба) кечасида (892 йил, октябр) Термизнинг Буғ қишлоғида вафот этган ва шу ерда дафн қилинган. 
Мустақиллик йилларида Имом Термизийнинг “Сунан” асарининг икки жилди, “Шамоили Муҳаммадийя”, “Илал ас-сағир” ва “Тасмияту асҳоби расулиллаҳ” (“Расулуллоҳ сафдошлари”) каби асарлари таржима қилинди. Шунингдек, аллома ҳаёти ва ижодига бағишланган “Термизлик икки аллома”, “Муҳаддис ва фақиҳ аллома”, “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Имом Абу Исо Термизий ҳаёти ва ижоди саҳифалари”, “Имом Термизий”, “Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи”,  термизийлар мероси ҳақида “Термизлик алломалар асарларининг қўлёзмалари каталоги”, “Имом Термизийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига кириш” ва бошқа китоблар нашр этилди. 
Абу Исо Термизий мақбараси тарихи ҳақида узил-кесил фикрлар бўлмаса-да, айрим олимлар фикрича, у XI-XII асрларга тегишли бўлиши мумкин. 1905-1909 йилларда Шеробод вилоятини бошқарган Мирзо Салимбек томонидан Имом Термизий ёдгорлигида таъмирлаш ишлари олиб борилди, хусусан, унга айвон қўшилди. Унинг маълумотига кўра, мақбарага туташ масжид Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф Мирзо томонидан қурилган. 1990 йилда Ўзбекистонда Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Шу муносабат билан ва 2001 йилда Термизнинг 2500 йиллик тадбирлари сабабли Имом Термизий мақбараси ва унга ёндош масжидда таъмирлаш ишлари олиб борилди. 
2016 йилда Имом Термизий мақбараси зиёратгоҳини мутлақо янгича кўринишга келтириш ишлари бошланди. Қисқа вақт ичида зиёратгоҳда беш юз ўринли масжид, унга ёндош тарзда кутубхона ва кичик анжуманлар зали, эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси, ошхона комплекси, беш айвон, Имом Термизий мақбарасига кириш вазифасини ўтовчи қўшимча иншоот кабилар қурилиб, жами 1,75 гектар майдонда улкан ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февраль куни “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан Термиз шаҳрида “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази”, 2020 йил 8 июнда эса Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди. 

 

https://www.google.com/maps/d/edit?mid=1c7F_QUlb5lP2wd_okANZySbH1MRzkTKC&usp=sharing