САЙЙИД АЛИ ТЕРМИЗИЙ

САЙЙИД АЛИ ТЕРМИЗИЙ

Бугун Термизий алломаларни нафақат юртимиз, балки бутун Ислом дунёси миқёсида катта таъсирга эга бўлган улкан шахсиятлар сифатида ўрганиш лозимлиги ойдинлашиб бормоқда. Бу улуғ зотлар дин-у диёнат, илм-у маърифат ва одоб-ахлоқ зиёсини тарқатишда пешқадам бўлишиб, бу йўлда ҳаётдаги турли мураккаб синовларни енгиб ўтишиб, улкан муваффақиятларга эришишган. Уларнинг ҳаётлари ҳам ибрат мактаби ва тарбия ўчоғи сифатида барчамиз учун фойдали илмни ҳосил қилади.

Саййид Али Термизий “Пирбобо” лақаби билан машҳур бўлган. Саййид Қанбар “Амир Назар Баҳодур”  оиласида  908/1502 ҳижрий-қамарий йиллар атрофида дунёга келган. Уларнинг аждодлари саййидлардан бўлганлиги учун Саййид деб ном олган. 991/1583 йилда оламдан ўтган. Унинг қабри Покистоннинг Почокулий қишлоғининг Бунийр ноҳиясида жойлашган. Қабри устида зиёратчилар учун рамзий маънода мақбара қурилган.

Бу зот илмга бўлган иштиёқи сабабли исломий илмларни чуқур ўзлаштиради. Сўнгра ирфоний илмларга берилиб тасаввуф ва тариқатлар билан боғлиқ Чиштия, Суҳравардия, Ҳалложия пирларидан ижоза олади. Мужоҳада, шавқ, истиғроқ, мушоҳада таъсири натижасида Кубравия тариқатининг пири бўлишга мушарраф бўлади. Илоҳий муҳаббат шайдоси, мужоҳада ва ихлос аҳли бўлганлиги учун ҳаётлик даврида халқ ичида шуҳрат қозонади. Вафотидан кейин ҳозиргача унинг мақбарасини илм аҳли, мухлислари ҳамда маҳаллий ва хорижий зиёратчилар зиёрат қилишади.

Унинг аждодлари Термиздан бўлган, сўнгра ижтимоий ҳаёт тақозоси билан Афғонистоннинг шимолида жойлашган Қундузга муҳожират қилишган. Саййид Али Термизий бошланғич диний таълимни Жомийнинг “Фавоид уз-Зиёия” китобигача бобоси Саййид Аҳмад Нурдан олади. Маълумотларга қараганда, бобоси олим, зоҳид ва соҳибҳол зот бўлган экан. Бобоси вафотидан сўнг отаси Саййид Қанбар Али билан биргаликда  943/1545 йили Ҳиндистон подшоҳи Муҳаммад Ҳумоюн дарборига бориб, бир қанча муддат яшайдилар. Аммо илм, риёзат, зуҳд, ирфон иштиёқи уни Панжобдаги шайх Силуна ҳалқасига ундади. У шу сабаб билан дарборни тарк этди. Саййид Али шайх ҳузурида фиқҳий китоблардан “Кифоя”, “Виқоя” ва “Ҳидоя” китобларини ўқиди. Тасаввуф илмини ўрганиш учун Ажмирда Шайх Румий номи билан танилган зотдан тариқатнинг сайр-у сулукини ўрганади. Устози Шайх Румий унинг бу йўлдаги муҳаббат ва садоқатини кўриб, кўп қувонади.

Риёзат ва гўзал фазилатлар соҳиби бўлганини устози пайқаб уни шаҳардан тоғли қишлоқ жойига юборишни азм қилади. Чунки ўша замонда кўплаб одамлар, бидъат, жаҳолат ва турли хурофотларга берилганди. Саййид Али Пирбобо Кашмирнинг Гужурот деган тоғли қишлоғига боради, у ерда вақтинчалик маскан қилиб, халқни маърифат ва ҳақиқат йўлига даъват қилишни бошлайди. Ҳумоюншоҳ тахтдан қулашидан сўнг, у яна устози Шайх Солор Румий ҳузурига келишни қасд қилади. Йўлда келаётганида Сурий Ширшоҳнинг сипоҳийлари билан юзма-юз бўлади, Пирбобо улар билан форс тилида мулоқот қилганида, сипоҳийларнинг жаҳли чиқиб, уни ўлдиришга уринадилар. Лекин Саййид Алининг отаси унга икки ҳамён олтинни фақирларга тақсимлаб бериш учун берганди. У ана шу олтинларни бериб, улардан қутулади.

Саййид Али Термизий устози Шайх Румийга бўлган садоқати сабабли унинг зиёратига боради. Саййид Али Термизийни бу ерда Шайх Румийнинг ўғли Шайх Ҳусайн кутиб олади. Ундан шайх вафот этганининг хабарини эшитиб, қайғуга ботади. Шайх Ҳусайн отасининг васиятига биноан унинг жомасини унга табаррукан ҳадя этади. Саййид Али Ажирдан она ватани Қундузга қайтишни қасд қилганди. Аммо Пишоварга етганида, Покистоннинг Юсуф Заий деган қишлоғида икки нафар “пирони гумроҳ” (залолатга ботган пирлар) халқни бидъат, хурофот ва фитнага солаётганини эшитиб, шу ерда соф Ислом ақидасига халқни чорлашни бошлайди. Одамларни ҳидоятга бошлаш унинг бош вазифаси бўлиб қолганди. Қаерга бормасин, халқни илм ва маърифат йўлига қизиқтирарди. Кўплаб одамлар унинг шахсий фазилатидан баҳраманд бўлиб, ҳидоят топишган. Унинг хайрли ишларини ва чиройли хулқ соҳиби эканлигини Юсуф Заийдаги кишилар кўриб, унга мақтовлар айтишарди. У ердаги аъёнлар ва қабила бошлиқлари Пирбобони жуда ҳурмат қилишарди. Шунинг учун, мўътабар кишилардан саналган Мулло Зоий синглиси Биби Марямга Саййид Алини уйлантиридалар. Фарзанд соҳиби бўлганидан кейин у зот Қундузга, отаси ва онаси зиёратига келади. Бир қанча ўтар-ўтмас отаси вафот топади. Онаси унга оиласи ва фарзандлари олдига боришни тавсия этади. У онасининг тавсияси билан яна Юсуф Заийга қайтади. Ҳисор бобо номи билан танилган Охунд Саййид Муҳаммад Иброҳимшоҳ унинг шогирдларидан эди. Пуштун қабилалари ичида унинг издошлари икром ва марҳамат соҳиби бўлишган. Саййид Али Термизий аждодлари ва қариндошлари Ҳумоюн ҳукморонлигидан Шоҳ Шужоъ Абдолий замонасигача Афғонистоннинг Кунар ва унинг атрофида иқтидор ва аморат соҳиби бўлишган. Кутали Моркала, Ҳазора, Кунар, Маҳобан, Кобул дарёси атрофи Саййид Али Термизий фарзандларининг ерлари бўлган. Бугунги кунда бу минтақларнинг аксари Покистон иҳтиёрига ўтган.

Саййид Али Термизий насабномаси қуйдагича:

1.  Саййид Али Термизий

2.  Саййид Али Қанбар Али

3.  Саййид Аҳмад Нур (Хожа Ғалтон)

4.  Саййид Юсуф Нур

5.  Саййид Муҳаммад Нурбахш

6.  Саййид Аҳмад Наъим

7.   Саййид Аҳмад Али Буроқ

8.   Саййид Аҳмад Муштоқ

9.   Саййид Абу Туроб

10.  Саййид Ҳомид

11.  Саййид Муҳаммад

12.  Саййид Исҳоқ

13.  Саййид Усмон

14.  Саййид Жаъфар

15.  Саййид Умар

16.  Саййид Муҳаммад

17.  Саййид Ҳисомуддин

18.  Саййид Носир

19.  Саййид Жалол Бухорий

20.  Саййид Амир Али

21.  Саййид Абдураҳим

22.  Саййид Маҳмуд Маккий

23.  Саййид Муҳаммд Самарқандий

24.  Имом Али Нақи*

 

* Юқоридаги Насабнома Саййид Али Термизийнинг қабртошига битилган.

 

Бугунги кунда ҳам пуштун қабилаларининг Пирбобоси бўлган ушбу аллома қабри зиёратгоҳ сифатида сақланиб қолган бўлиб, Термизий алломаларнинг устозлик мақомини биз авлодларга эслатиб турибди. Ҳаёт мазмун-моҳиятини ўз ҳаёти орқали кўрсатиб бериб, хизмат камарини белга боғлаш йўлида чинакам фидойилик намунаси бўлган улуғ зотлардан Аллоҳ рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин!

 

Жамаҳматов КАРОМИДДИН

Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази илмий ходими