ПАЙҒАМБАРИМИЗ ﷺ ВА БОЛАЛАР

ПАЙҒАМБАРИМИЗ ﷺ ВА БОЛАЛАР

Бутун жонзотларни яратган Роббимиз Қуръони каримда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун борлиққа раҳмат ўлароқ юборганини айти ва у зотнинг шафқат, марҳамат ва меҳрга тўла пайғамбар эканлигини таъкидлайди. Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида “Аллоҳ таоло мени оламларга айни раҳмат этиб юборди” (Имом Термизий ривояти), дея инсонларга ўз жонларидан ҳам яқин эканликларини ифода этадилар. Суюкли Пайғамбаримизнинг бу меҳр ва шафқатидан энг болалар ўз насибасини олган десак тўғри бўлади. Зеро, рисолат келгунга қадар Маккада қиз фарзландлар мусибат ўлароқ кўрилар ва марҳаматдан маҳрум бир шаклда ўстирилар эдилар. Пайғамбаримиз ушбу хатоларнинг барчасини йўқ қилди ва болаларга муносиб қиймат ва ҳурматни берди.

Расулуллоҳ иймон, ибодат, ахлоқ ва ижтимоий ҳаётда энг тўғри йўлни кўрсатишлари билан бир қаторда болалар билан мулоқот, уларга бериладиган меҳр ва муҳаббатда ҳам биз умматлари учун энг гўзал намуна бўлдилар. Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийнинг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайн ўптилар. Ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис ат-Тамимий бор эди. Шунда Ақроъ: “Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳечҳам ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Фарзандларимиз олдидаги ота-оналик бурчимиз шунчаки уларни боқиш ва кийдиришда эмас. Уларнинг қадр-қимматини жойига қўйишимиз ва ҳурмат кўрсатишимиз тўғри таълим ва тарбия беришимиз ҳамда ўзимиз энг гўзал намуна бўлган ҳолда уларнинг маънавий камолотини таъминлашимиз даркор.

Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Ул зот елкаларида Ҳасанни кўтариб: “Эй, Аллоҳ, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин”, деб айтардилар” (Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо болаларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига энг аввал пишган мевалардан келтирилса, олдиларидаги болаларга тарқатардилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айниқса етим-есирларга алоҳида эҳтиром кўрсатар эдилар. Улар билан бирга юрар, имкон қадар уларнинг ҳожатларини раво қилардилар (Имом Насоий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган).

Етимларга нисбатан ўзлари гўзал муомалада бўлардилар, уларга яхшилик қилардилар ва саҳобаларни ҳам шундай қилишга, етимларни ўз қарамоғига олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар.

Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта қўлларини бирлаштириб ишора қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ривоятда Пайғамбар : “Мусулмонлардаги энг яхши уй бу унда етимга хайр-саховат қилинадиганидир”, деб айтганлар (Ибн Можа ривояти).

Пайғамбар кичкинтойлар бўлган жойга кирганда, улар билан саломлашар, уларга гўзал сўзлар билан мурожаат қилиб, ҳазиллашар эдилар. У зот меҳр билан болаларнинг ёноқларига тегиб, уларни ўпар эдилар. “Ҳеч бир ота-она фарзандига адаб ва гўзал тарбиядан кўра қимматроқ мерос қолдиролмайди”, дея ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрларини ҳам айнан тарбия масъулияти орқали шараф билан адо этишга даъват этадилар.
 

Жониев Музаффархон
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директор ўринбосари