ИМОМ МОТУРИДИЙ – АЛЛОҲНИ ТАНИШДА АҚЛНИНГ ЎРНИ ҲАҚИДА

ИМОМ МОТУРИДИЙ – АЛЛОҲНИ ТАНИШДА АҚЛНИНГ ЎРНИ ҲАҚИДА

232/847 йили халифа Мутаваккил уламоларга эркинликларини қайтариб берди. Уларга кўплаб яхшиликлар қилди. Ундан аввалги халифалар даврида таъқиқланган калом илми ва тавҳид масалалари тўғрисида сўзлаш ва баҳс юритишга изн берди. Имом Мотуридий мўътазилийлар билан аҳли сунна вал жамоа ўртасидаги баҳс-мунозаралар авжига чиққан бир даврда ҳаёт кечирди. Ўз даврининг буюк уламолари ва имомлари қўлида сабоқ олди. Унинг устозлари силсиласи бевосита Имом Абу Ҳанифага бориб тақалади.

Имом Мотуридий калом илмининг билимдони сифатида жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳатто унинг қарашлари хуросонлик мусулмонларнинг ҳам ақидавий мазҳабига айланди. Манбаларда айтилишича, мотуридийлар ва ашъарийлар ўртасида ўттизга яқин масалада ихтилоф мавжуд. Аммо кўпчилик уламолар улар жузъий масалалар бўлиб, ихтилоф ҳам лафзийдир, бинобарин, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий асл мақсад ва унга олиб борадиган кўпгина воситаларда ҳамфикрдир, деган фикрни илгари суради.

Имом Мотуридий мафкуравий йўналишлар ва мактаблар кўпайган, уларнинг фаолияти жадаллашган бир замонда яшади. Бу вақтга келиб, мусулмонлар географик жиҳатдан ўзларига яқин бўлган форслар, ҳиндлар ва юнонлар каби цивилизация эгаларидан кириб келган илмларга ҳам катта қизиқиш билан боқаётган эди. Халифа Маъмун давридан бошлаб, таржимачилик ҳаракати анча фаоллашди, яъни Имом Мотуридий замонида у ишлар барқарорлашиб, ўз самарасини бериб бўлган эди.

Эски дин вакиллари қўлдан келганча мусулмонларни ўз дини борасида шубҳага солиб қўйишга уринган, ҳатто мусулмон зиёлилар ҳам юнон маданияти, айниқса, Арастунинг таълимотидан таъсирланган эди. Қуръони карим оятларининг ҳамма якдиллик билан қабул қиладиган пухта ва мукаммал тафсири йўқлиги туфайли уламолар орасида оятларни таъвил қилиш ҳамда ихтилоф авжига чиқди. Ҳадиси шарифлар масаласида ҳам ана шундай ихтилофлар урчиган, улар ичига сохта ва тўқима ҳадислар киритиб юборилган эди. Ҳадиснинг санад жиҳатидан тўғрилик даражасидаги ихтилоф мафкуравий оқимлар ва таълимотлар вужудга келишига катта туртки берди. Шундай бўлса-да, манбалари турлича бўлган гуруҳлар ўртасидаги ихтилофларнинг кўпчилиги назарий масалалар атрофида кечар эди. Илоҳиёт ва унга боғлиқ масалалар, жумладан, қиёмат куни, турли тоифадаги инсонларнинг масалан, гуноҳи кабира қилган кишиларнинг дунёдаги амаллари эътибори билан йўлиқадиган оқибатлари кабилар шулар жумласидандир. Мусулмон гуруҳлар дунё ҳақида бажаралиши лозим ҳисобланган диний рукнлардан бирортаси ва Қуръони каримдаги ҳукмлардан бири устида ихтилоф қилмаган.

Мантиқий рационал аслаҳалар ёки мантиқнинг чалкаштирувчи масалаларидан кенг фойдаланилган ўша муҳитда Имом Мотуридий ўзининг суннийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабидан келиб чиқиб, ислом динини ҳимоя қилишга киришди. Имом Мотуридийнинг асарлари суннийлик ақидасидаги мусулмон сунний олим маҳкам тутиши шарт бўлган барча нарсага ишонувчи шахс сифатида кўкси ва ақлида барқарор ўрнашиб қолган қарашларидан келиб чиқиб ёзилган.

Имом Мотуридий ўз асарларида гуноҳи кабира содир этган мусулмон масаласида адашган гуруҳлардан тўрттасига раддиялар берганини кўрамиз. Улар хаворижлар, муржиийлар, қадарийлар ва мўътазилийлардир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари хусусидаги позициялари учун шиаларга ҳам кескин раддиялар берган. Тақлид (ақидавий масалаларда кўр-кўрона бошқаларга эргашиш) борасида мўътазилийларга қарши фикрда бўлган. Имоннинг зиёда ва ноқис бўлиши масаласида хаворижларга уларнинг ўз исмлари – шаккокийларни ишлатиб, кучли раддиялар берган. Аллоҳ Арш устида ўтирибди, деган ақидани илгари сурган карромий, мушаббиҳалар, Каъбий сингари мўътазилий олимларга ҳам қониқарли раддиялар берган.

Аллоҳ таолони таниш энг буюк вожиб амал экани шак-шубҳасиз. У Зот инсонларга ҳақиқий Яратувчини танитиш учун пайғамбарлар юборгани аниқ. Бу борада мўътазилийлар ҳам, ашъарийлар-у мотуридийлар ҳам якдил фикрда. Аммо Аллоҳ таолони нақлий ёки ақлий далиллардан қайси бири билан таниш вожиб эканлигида ихтилоф қилганлар. Уч томоннинг манбаларига назар солганимизда қуйидаги ёндашувларни кўришимиз мумкин:

Биринчиси, ақлий ёндашув. Бу мўътазилийларга тегишлидир. Чунки Аллоҳ таоло ҳақидаги илм улар наздида фақат ақлнинг далолати билангина пайдо бўлади. Бу хусусда қози Абдул Жаббор: “Аллоҳ таоло фақат ақлнинг ҳужжати билан таниб олинади, холос”, деб ёзади. Кўрамизки, мўътазилийлар бу борада ақлга қаттиқроқ таянган.

Иккинчиси, нақлий ёндашув. Бу – Аллоҳ таолони танишда насс, яъни шаръий матнларни далил қилиб ушлаб олган, бу борада ақлнинг ҳеч қандай дахли йўқ, чунки Аллоҳ таоло ҳақида баҳс юритиш Пайғамбар алайҳиссалом бизга чизиб берган чегарага тажовуз қилишдир, деб ҳисоблаган ҳашавийлар ёндашувидир. Кўрамизки, улар ақлни умуман эътибордан соқит қилади, Аллоҳни танишда унинг ўрни борлигини ҳисобга олмайди.

Учинчиси, ақл ва нақл ўртасини умумлаштирувчи ёндашув. Бу ашъарийлар ва мотуридийлар ёндашувидир. Фақат улар орасида бироз ихтилоф бор, чунки ашъарийлар Аллоҳ таоло ҳақидаги илм далил излаш ва назар солиш йўли билан шариат орқали собит бўлади, деб ҳисоблайди. Имом Мотуридий фикрича, Аллоҳ таолони ақл билан таниш билимларнинг энг олий даражасидир. Инсон ақли мана шу билимга эришишга қодир. Аллоҳ таолони таниш ақлан вожиб ва бунда хилоф йўқ.

Имом Мотуридий Аллоҳ таоло ҳақидаги билим борлиқнинг Унга далолати орқали пайдо бўлади, деб билади. Ўз фикрини исботлаш учун Қуръони каримда ақл юритиш, тафаккур ва мулоҳаза қилиш каби ишларга тарғиб қилган оятларни келтиради. Ўзини таниган киши Парвардигорини танийди. Яъни киши ўзини ўраб турган борлиққа назар соладиган, ўзининг қаердан ва қандай вужудга келгани ҳақида фикр юритадиган бўлса, албатта, Парвардигорини танийди. Имон келтиришга бўлган буйруқ ҳам ақлга боғлиқ, киши имоннинг моҳиятини тафаккур ва ақл билан англаб етади, деб ҳисоблайди Имом Мотуридий. У Аллоҳ таолони ақл билан таниш вожибдир, деганида ақл ана шу вожибликнинг воситаси эканини, билъакс вожиб қилувчи омили эмаслигини назарда тутади. Яъни ақл бўлмаса, Аллоҳ таоло фарз амаллар ва шариат аҳкомларидан ҳеч бирини вожиб қилмайди, шунинг учун ҳам бу ишда ақл мавжуд бўлиши шарт, деб ҳисоблайди.

Хулоса қилиб айтганда, баъзилар даъво қилганидек, Имом Мотуридий ақлни нақлдан устун қўймайди. Уни Аллоҳ таолони таниш, шариат аҳкомларини адо этиш лозим бўлиши учун восита деб билади, холос. Нақлий илм бўлмаса, ақл ҳам хатога йўл қўйиши бор гап, чунки унинг ўзи мустақил равишда бундай билимларга олиб боришга қодир эмас, деб ҳисоблайди. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш ақлга нисбатан Имом Мотуридийнинг ёндашуви энг мўътадил ва тўғри йўлдир. Зеро, унда ақл умуман эътиборсиз ҳам қолиб кетмайди ва унга мутлақ эркинлик ҳам берилмайди.

Алоуддин ҲОФИЙ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот

маркази илмий ходими