10.09.2021

Ота-онанинг фарзандига одоб бериши садақа беришдан яхшидир

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ  صلى الله عليه وسلم  لأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ مِنْ أَنْ يَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:

Кишининг фарзандига одоб бериши, бир соъ (ўлчов бирлиги) садақа беришдан яхшидир”, – дедилар” Имом Термизий ривояти.

Ислом динида болаларга одоб ва ахлоқдан таълим-тарбия бериш энг муҳим вазифа саналади. Ахлоқий тарбия диний тарбия билан мустаҳкам боғликдир. Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади. 

Ҳар бир фарзанд фитратда, яъни соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилади. Ундан кейин бола ота-онасининг тарбияси билан солиҳ ёки ноқобил фарзанд бўлади. Бола улғайган сари ота-онаси ва бошқалар таъсири остида одоб-ахлоқи шакллана боради. Фарзанднинг ота-она олдидаги биринчи ҳаққи уларни таълим тарбияли ва одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашдир. Шундай экан, ота-она фарзанди тарбиясида жуда қаттиқ эътибор бериши керак.

Аслида ота-она бола тарбияси ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаши керак. Ота-она яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлса, фарзандининг таълим-тарбияси ҳам яхши бўлади. Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.

Оиладаги ҳар бир кишининг ўз масъулияти бор. Буларнинг барчаси учун ота жавобгардир. Ота, оила бошлиғи ҳисобланади. Ота-она фарзандларининг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг барчасини таъминлайди. Уларга Роббиси ва Пайғамбарини танитиш, исломни ўргатиш ва одоб-ахлоқни ўргатиш асосий бурчи ҳисобланади. Ота-она ўз оиласига одоб-ахлоқни ўргатиши ва уйида ўзининг яхши хулқи билан фарзандларига ўрнак бўлиши, ҳар қандай бузуқ фикрлардан,  ахлоқсиз хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиши лозим. Ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва раҳм-шафқат каби фазилатларни ўргатиши лозим.

Ота-она уйда ўрнак бўлиши керак. Ота-она аввало ўзларининг яхши хулқ-атвори билан фарзандларига намуна бўлиши керак. Масалан, ота-онанинг ибодатларни биринчи бўлиб ўқишлари, дуо қилишлари, ёлғон гапирмасликлари, ёмон сўзлар айтмасликлари, ғийбат қилмасликлари лозим. 

Ота-она, фарзандининг одобли бўлиши учун қилинган хизматнинг ўзи худди садақа қилганнинг савобини бераверади. Агар ҳар бир оила ўзининг ҳар бир боласини одобли этиб тарбияласа, оилалар одобли бўлади. Бундай одобли оилалардан ташкил топган жамият ҳам одобли бўлади. Бу эса, бутун дунё учун яхшилик бўлади.

 

Олинадиган фойдалар:

  1. Ота оиланинг бошлиғи эканлиги;
  2. Ота-онанинг фарзандлари тарбиясига жавобгар эканлиги;
  3. Ота-она бола тарбияси ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаши кераклиги;
  4. Ота-онанинг фарзандига одоб бериши садақадан беришдан ҳам яхши эканлиги.

 

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

илмий ходими Олим Жўраев

 

Izoh qoldirish