14.09.2021

Қуръони каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш мумкинми?

Жалолиддин Суютий ўзларининг Қуръон илми борасида ёзган китобларида Аллома Заркашийдан нақл қиладилар: «У киши, жумладан, шундай деганлар: «Уни (Қуръонни араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишни) жоиз деб эҳтимол қилиниши ҳам мумкин, чунки уни арабча талаффузда ўқийдиган киши тўғри ўқиши мумкин. Аммо ҳақиқатга яқин гап жоиз эмаслигидир, худди уни араб тилидан бошқа тилда ўқиш жоиз бўлмагани каби. Бунга, қалам икки тилнинг бири, деган нақл ҳам далолат қилади».

Демак, Қуръон араб тилидан бошқа тилга ўгирилганда Қуръон бўлмагани каби, араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзилса ҳам, Қуръон ҳисобланмайди, яъни уни Мусҳаф дейилмайди.

2. Маълумки, Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг замоналарида фақат араб алифбосида ёзилган, ҳолбуки, саҳобалар ичларида форс, ҳабаш, румлик ва бошқа араб бўлмаган кишилар ҳам бор эди. Уларнинг бирорталари уни ўз ҳарфларида ёзишни ўйлаган ҳам эмас ёки Пайғамбар (алайҳиссалом) уларга ўзлари ё қавмлари учун осон бўлсин, деб бошқа ҳарфни тавсия қилган ҳам эмаслар. Балки у Зот: «Қуръонни нозил бўлгандек ўқинглар», деганлар. Шу боис барча саҳобалар маълум расмга кўра ёзганлар ва арабий нутқда талаффуз этганлар.

3.Аллоҳ таоло мусулмонларга Қуръон тиловатини осонлаштириш учун уни турли қироатларда, яъни ўқиш услубларида нозил қилди ва ҳар ким улардан ўзига осон бўлганида ўқишига рухсат берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни саҳобаларга ҳарфма-ҳарф таълим бердилар. Буни Ислом умматига енгиллик учун ва Қуръоннинг мўъжизаси ўлароқ Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилди. Аммо У Зот Ўз Каломини араб тилидан бошқа тилда ўқишга ёки араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишга рухсат бермади. Агар мумкин бўлганида, Пайғамбар (алайҳиссалом) уни, албатта, жорий қилган бўлардилар. Чунки у Зот доимо умматларига енгиллик бўлиши учун ҳаракат қилардилар. Қуръонни турли қироатларда ўқилишига рухсат бўлишини ҳам Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўраган эдилар.

4.Кейинчалик Абу Бакр Сиддиқ ва Усмон (розияллоҳу анҳумо) даврларида Қуръон жамланганида Ислом диёрлари кенгайиб, мусулмонлар сони кескин ошган, кўплаб араб бўлмаган халқлар Исломга кириб, Қуръон ўрганишга киришган эдилар. Шунга қарамай, саҳобаи киромлар мусҳафларни фақатгина араб алифбоси асосида ёзганлар ва бунга бутун Ислом уммати ижмоъ қилган. Ҳолбуки, уларнинг ораларида бошқа ҳарфларда ёзишни биладиганлар, фақатгина ўша ёзувларни танийдиганлар, Қуръон ўқишни осон ўзлаштиришлари учун уни ўз алифболарида ёзишга муҳтож бўлганлар ҳам бор эди. Аммо улардан бирорта инсоннинг араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш ҳақида фикр билдиргани ҳам нақл қилинмаган. Чунки улар Қуръонни муҳофаза қилишда Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг тутган манҳажларини маҳкам ушлаганлар ва буни энг ишончли йўл эканини яхши билганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса бизларни уларга эргашишга амр қилиб: «Менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг», деганлар.

5. Аллоҳ таоло Қуръони Каримни фасиҳ араб тилида, махсус кайфият ва суратда нозил қилган. Қуръонни айнан нозил бўлгандагидек ўқиш вожиб эканига бир қанча оят ва ҳадислар далолат қилади. Уни ҳар ким ўзича ўқиши умуман мумкин эмас. Бинобарин, уни ёзувда ифодалаш учун қўлланиладиган ҳарф унинг тўғри ўқилишини таъминлаши лозим. Акс ҳолда, уни ёзган ҳам, ўқиган ҳам гуноҳга қолади. Қуръон товушларини араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан тўлиқ ва тўғри ифодалашнинг имкони йўқлиги ойдек равшан. Агар шартли белгилар (трансикрипция, транслетерация) билан буни уддалашга ҳаракат қилинган тақдирда ҳам бу нарса араб нутқ товушларини, уларнинг махраж ва талффуз меъёрларини пухта ўзлаштиргандагина фойда бериши мумкин. Акс ҳолда, унинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Қолаверса, у ўқувчини чалғитиши, кўпроқ ўз тилига мойил талаффуз этишига сабаб бўлиши ванатижада Қуръони Каримнинг лафзларини нотўғри талаффуз этишга олиб келиши тажрибалардан маълум.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, трансикрипция арабча исмлар, истилоҳлар, ҳарф номлари каби қисқа матнлар учун ишлатилади, холос. Ҳеч қачон у билан бир бутун матн ёки китоб ифодаланмайди.

6. Қуръон ёзиладиган алифбо қироат тўғри бўлишининг шарти ҳисобланган мад, ғунна, тафхим, тарқиқ каби қироат ва тажвид қоидаларини ҳам ифодалаши керак. Шунингдек, тиловат мобайнида вақф ва васл, яъни тўхташ ва қўшиш қоидаларини аниқлаш учун ҳам яна алоҳида белгилар тайин қилиш лозим. Буларни араб алифбосидан бошқа алифбода кўрсатиш жуда ҳам мушкул. Хусусан лотин, кирилл ва шунга ўхшаш алифболарда бунинг, умуман, иложи йўқ, чунки уларда ёзилганда бир бутун сўзни бўлишга, бўлинган сўзларни қўшиб юборишга тўғри келади.

Агар бу талабларни бир иложини қилиб қондириш мумкин, деб фараз қилинганда ҳам уларни ўргатиш учун бир неча саҳифани истилоҳларни тушунтириш учун ажратиш керак. Энди ўша бир неча саҳифани ўзлаштиришга сарфланган вақт ва ҳаракат араб ҳарфларини ўрганишга йўналтирилса, ундан-да мукаммал савод чиқиши турган гап. Шу боис Қуръонни фақат араб ҳарфида ёзиш ва ўрганиш − ҳар томонлама энг тўғри йўл. Зотан, Қуръон араб тилида нозил бўлган.

7. Қуръон қироат қилмоқчи бўлган киши ўқигани Қуръон ҳисобланиши ва у билан савоб касб этиши учун уни, имкони борича, Аллоҳ нозил қилган кайфиятда, арабий талаффузда ўқиши лозим. Аммо кимики уни тажвидини бузиб, ўз тилидаги товушлар билан билганича ўқиса, ўқигани Қуръон бўлмайди. Бинобарин, Қуръонни бошқа алифбода ёзиб, уни одамлар орасида Қуръон деб тарқатиш кишиларни овора қилишдан бошқа нарса эмас. Чунки уни ўқиган инсон Қуръон ўқиган ҳисобланмайди. Шу боис бошқа алифбодан фойдаланиш биринчи босқичда араб ҳарфларини ўрганиш учун ярашлиги мумкин, холос.

8. Қуръони Каримнинг Илоҳий Китоб эканлиги, инсонлар унинг олдида ожиз экани ва ундаги ҳар бир сўз, ҳар бир ҳарф буюк илм асосида келтирилганлиги ўзининг илмий тасдиқини топган улкан ҳақиқатдир. Бинобарин, унга инсон ижоди дахл қилмаслиги лозим.

9. Ҳар бир тилнинг балоғат ва имкониятларини фақатгина унинг ўз алфбоси ёрдамида тўлиқ ифодалаш мумкин. Қуръоннинг балоғати, назм ва тартибидаги мўжизавийлиги ҳам араб ёзувида тўла акс этади, бошқа алифболар унинг ушбу хусусиятини ифодалашга ҳам ожизлик қилади. Қуръонга бундай халал етказиш ҳеч қачон ҳалол бўлмайди.

10. Уламолар Қуръони Каримни хато ўқилишига сабаб бўлиши эҳтимолини эътиборга олиб Мусҳафни ёзишда «шикаста» ва «риқоий» каби айрим араб хат турларини қўллашдан ҳам қайтарганлар.

11. Агар ҳар бир халқ Қуръонни ўз алифбосида ёзадиган бўлса, дунёда ўнлаб, балки юзлаб хилма-хил Қуръонлар пайдо бўлади: русча, ўзбекча, инглизча, хитойча ва ҳ.к. Бунда Қуръонга бирор ҳарф қўшилиши ёки ундан бирор нарса камайиши табиий ҳолга айланиб қолади. Натижада Қуръоннинг лафзлари ўзгаради ва маъносига халал етади. Бориб-бориб бир неча хил Қуръонлар вужудга келади. Вақт ўтиши билан мусулмон бўлган икки халқ бир-бирининг Қуръонини танимай қолади. Бу билан Ислом душманлари Қуръонга таъна тоши отишларига, фитначилар турли шубҳалар тарқатишларига ва мусулмонларга нисбатан ишончсизлик юзага чиқишига эшик очилади. Қуръони Карим бизларга ўтган умматларнинг ўз муқаддас китобларини ўзгартирганликларини ва бу уларни куфрга олиб борганини бир неча оятларида ҳикоя қилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳли китобларга эргашиб кетишдан огоҳлантирганлар. Уламоларимиз Қуръоннинг бирор ҳарфини қасддан ўзгартириш кофирлик эканига иттифоқ қилганлар. Чунки бу – Аллоҳнинг каломи бўлмаган нарсани У Зотга нисбат бериш ёки унинг акси ҳисобланади.

12. Мусулмонлар азалдан ўз динларини, маънавий меросларини ўрганиш учун араб тилини ўрганишга, лоақал араб ҳарфларини ўзлаштиришга катта эътибор берганлар. Қорилар Қуръонни Мусҳафдан ёд олганлар. Шу боис, агар Қуръоннинг бирор ҳарфига ўзгратириш киритилгудек бўлса, уни Ислом уммати баралла эълон қилиб, фош қилган. Агар Қуръонни ҳар ким ўз алифбосида ёзадиган бўлса, унда бирор ўзгариш бор ё йўқлигини билиш, уни назорат қилиб туриш мушкул бўлиб қолади. Бунинг оқибати эса маълум.

13. Барча алифболар ўзгарувчан бўлади. Бу нарса замон ўтиши билан бир даврнинг Қуръони билан иккинчи даврнинг Қуръони турлича бўлишини тақоза қилади. Бунда хатнинг ўзгариши баҳонасида Қуръонга бирор халал етса, биров ажрата олмай қолади.

14. Агар араб ҳарфини танимаган кишиларга оятларни ўзлари билган ҳарфларда ёзиб берилса, улар Қуръонни ўша асосда ўқийверсалар, ҳеч қачон уларнинг талаффузлари ростланиб, тўғри ўқиб кетишлари умид қилинмайди. Балки улар Қуръонни тўғри ўқишлари учун, албатта, араб ҳарфларини ўрганишлари лозим. Айрим рухсат берганлар ҳам янги мусулмон бўлган кишилар учун устоз топиб, араб ҳарфларини ўргангунларича бўлган қисқа муддат ичида намозлик сураларни ўрганиб туришларини назарда тутганлар, холос. Аммо бизнинг диёримиз каби аҳолиси қадимдан мусулмон бўлган юртларда бу нарсага ҳожат йўқ.

15. Араб ҳарфларини ўрганиш қийин иш эмас. Ахир кишилар иш ўрганиш, маълум йил тирикчилик қилиш, бошқа халқларнинг адабиётларини ўрганиш ва бошқа мақсадлар учун ҳам турли тил ва ҳарфларни ўрганадилар. Бу рўйхатда мусулмонлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлгач, қандай қилиб мусулмон кишининг ўз Парвардигорининг Каломи ва динининг асоси бўлган Қуръонини лоақал тўғри ўқишни ўрганиши мушкул иш бўлади? Нима учун мусулмон киши ўз динига, Муқаддас Китобига ҳеч бўлмаса бошқа нарсаларга эътибор берганчалик эътибор бермайди, уни бузиб ўқиш учун йўл ахтаради? Албатта, бу – Аллоҳга ва Қуръонга иймони, муҳаббати бор кишига муносиб ҳолат эмас. Бу ҳақиқатни аждодларимиз яхши англаганлар, шу боис, улар Қуръон илмида ва араб тилида айрим араблардан ҳам ўтиб кетганлар, уларга устоз бўлганлар, Исломга ва Қуръонга катта хизматлар қилганлар.

Бу маънодаги далилларни яна бир неча саҳифа давом эттириш мумкин. Аммо мана шу далилларнинг ўзиёқ иймон ва инсофи бор киши учун етарли бўлса керак. Шу билан бирга, агар воқеликка назар ташласак, динимизнинг бу борадаги ҳукми ҳам нақдар ҳақ ва ҳикматли эканининг гувоҳи бўламиз.

Ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлган китобни қўлга олиб варақлар эканман, унинг «жисми исмига мос» бўлмаганидан ажабландим. Муаллиф унда «Қуръон табдили»га киришишдан олдин Қуръони Карим тарихи ҳақида қисқача тўхталибди. Афсуски, унда талайгина яхши маълумотлар бериш билан бирга бир қанча хато ва чалкашликларга ҳам йўл қўйган.

Ундан кейин янги «Қуръон ёзуви»нинг истилоҳлари билан таништирилган. Унда, аввало, ҳарфларнинг номлари хато берилган. Қолаверса, фақатгина айрим нутқ товушлари ҳақида тўхталган, холос, аксар нутқ товушлари борасида эса умуман ҳеч гап йўқ. Бунинг устига нутқ товушлари борасида берилган ўша узди-юлди маълумотлар ҳам хатога тўла. Баъзиларида тамоман тескари таърифлар ҳам топилади. Умуман олганда, истилоҳлар жуда ҳам оз ва чала бўлгани яққол кўриниб турибди.

Муаллиф ишнинг савиясини пайқаганданми ёки масъулиятни ўзидан узоқлаштириш мақсадидами, ўқувчиларга араб имлосини билган кишиларга мўлжаллаб ёзилган тажвид китобларини тавсия қилибди. Ахир, уларни ўқий оладиган одамга Қуръонни кирилл алифбосида ёзиб беришнинг нима кераги бор? Қуръонни кирилл алифбосида ўқийдиган кишига эса у китобларнинг умуман аҳамияти йўқ.

Буларнинг ҳаммасини бир четга қўйиб, асосий мақсадга ўтдим. Биринчи бўлиб кўзим Фотиҳа ва Бақара сураларига тушди. Қарасам сураларнинг номлари хато ёзилибди. Бунга ҳам майли, чунки сура номлари Қуръон ҳисобланмайди-ку, дедим. Кейин басмалани ўқидим. Унинг ҳаммаси битта сўзми ёки бир нечта сўзми, қайси ҳарф қайси сўзга тегишли, мабода тўхтамоқчи бўлсам, қаерда тўхташ мумкин ‒ буларнинг бирортасини билишнинг умуман иложи йўқ эди. Бунинг имконини топа олмабди-да, дедим-­у, ўқишга киришдим. Қарасам, шу биргина қисқа жумланинг ўзида учта хато турибди. Хато десам, сиз уни умумий маънодаги хато деб тушунманг, мен бу ерда муаллиф ўзи қабул қилган истилоҳларга нисбатан содир бўлган хатоларни назарда тутмоқдаман. Кейин пастга қараб ўқиб тушдим. Уларда хатоларнинг адади қуйидагича эди: Иккинчи оятда учта, учинчи ва тўртинчида иккитадан, бешинчида битта, олтинчида бешта ва ниҳоят суранинг охирги оятида тўртта. Энди ҳар намозда ўқиладиган, кўпчилик биладиган ушбу етти оятли қисқагина сурада 20 та хато бўлгач, 50, 100, 200 оятли бошқа катта сураларда нима бўлиши мумкин?

Келинг, гапимиз қуруқ бўлмасин учун бошқа сураларга ҳам бир назар ташлаб кўрайлик. Маълумки, айрим суралар махсус суратда ўқиладиган маълум ҳарфлар билан бошланади. Жумладан, Бақара сураси ҳам. Унинг биринчи ояти «алиф», «лам» ва «мим» ҳарфларидан таркиб топган. Уларнинг қандоқ ўқилиши одатда устоздан ўрганилади ва қоидасини тажвид китобларидан топилади. Нима бўлганда ҳам, ёзув нутқнинг ифодаси бўлгандан кейин, сўзни ҳеч бўлмаса қабул қилинган истилоҳлар асосида тўғри ифодалаш керак. Китобда суранинг ушбу биринчи оятидаги учала ҳарф ҳам хато ёзилган. Мен Бақарадан ташқари яна бешта сура ҳам айнан ушбу ҳарфлар билан бошланишини ўйладим-да, дарҳол уларни очиб қарадим. Ишонасизми, йўқми, ушбу уч ҳарф олти сурада уч хил ифодаланган, лекин уларнинг бирортасида ҳам бирорта ҳарф тўғри ифода этилмаган. Ҳолбуки, барчасининг ўқилиши бир хил. Суранинг биринчи энг қисқа ва содда ояти мана шу ҳолатда ёзилгандан кейин, бошқа узун, мураккаб оятларда нима ҳам бўлиши мумкин? Булар, юқорида айтилганидек, қабул қилинган истилоҳлар татбиқидаги хатолар, холос.

Бундан ташқари, ҳарфларнинг алмашиши, тушиб қолиши ёки қўшилиши, бир қоидани бир жойда бошқача, иккинчи жойда бошқача ифодаланиши, қироат тўғри бўлиши учун шарт бўлган қоидаларни бузишни тақозо қиладиган ифодалар каби жуда қўпол хатолар ҳам бор. Уларнинг ҳам сон-саноғига етиб бўлмайди. Хатто айрим калималар ўрнига компьютер тугмачасининг ноўрин босилиб кетиши натижасида турли лотин ҳарфлари ҳам ёзилиб кетган.

Хулоса қилиб айтганда, китобда аксар сураларнинг номлари хато берилган. Ҳолбуки, трансикрипцияда бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳарф алмашиши, тушиб қолиши ёки қўшилиши ва нотўғри ифодаларнинг ададига етиш қийин. Қабул қилинган истилоҳга нисбатан содир бўлган хатолардан холи оятни топиш эса анча мушкул.

(давоми бор) Манба: Azon.uz

Ҳасанхон Яҳё Абдумажид,

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф»

жоме масжиди имом ноиби  


 

Izoh qoldirish