21.09.2021

Усмон Қуръони ҳақидаги фильм премьераси Тошкент кинофестивалида ўтказилади

Тошкент, Санкт-Петербург ва Уфа шаҳарларида мусулмонларнинг муқаддас китоби ҳақидаги ҳужжатли фильмни суратга олиш бошланади. Би-би-си телеканалининг Ўзбекистондаги хизмати ЭОАВМА билан ҳамкорликда халқаро тарихчи ва Қуръон мутахассислари кўмагида Усмон Қуръони ҳақида ҳужжатли фильм яратилади.

Batafsil.uz хабарига кўра, шу кунларда архив ҳужжатлари асосида 1923 йилда Усмон Қуръонининг Ўзбекистонга қайтариш тафсилотларини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Мусулмон дунёсидан ташқарида бўлган даврда муқаддас китобнинг саргузаштлари тарихи ҳали ҳам жумбоқларга тўладир. Фильм муаллифлари шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилишмоқда.

Қандай қилиб ноёб китоб 100 рублга сотилган? Санкт-Петербургда тайёрланган ва Шарқ мамлакатларига катта пулга сотиб юборилган элликта нусханинг тақдири нима бўлган? Усмон Қуръонининг ўша пайтдаги Ислом маркази бўлган Уфа муфтиятига тушиб қолишига қандай қарор сабаб бўлган? Китобнинг тарихида Лениннинг қандай ўрни бор? Айнан унинг қарори туфайли Усмон Қуръони Оренбург орқали махсус поезднинг махсус вагонида Тошкентга олиб келинган ва тарихий Ватанига топширилган экан.

Фильм муаллифлари шу ва бошқа кўплаб саволларга жавоб топишга ҳаракат қиладилар. Фильмда Россия генерали Абрамов XIX аср охирида рамзий мукофот эвазига муқаддас Қуръонни Хўжа Ахрор масжиди муллаларидан сотиб олганлиги ва Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфманга етказгани, у эса ўз ўрнида китобни Россияга юборгани, шу орқали у Санкт-Петербург Император кутубхонаси қўлёзмалар бўлимига тушиб қолгани ҳақида баён қилинади. Китобнинг тарихий Ватанига етиб келиши, Тошкентдаги Хаст Имом диний мажмуасига топширилгани фильмда батафсил ёритилган.

Ёрқин бадиий образлар орқали архив ҳужжатлари ва тарихий воқеалар саҳналарининг фильмга киритилганлиги томошабинларга албатта манзур келади. Фильмда Усмон Қуроънининг 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига топширилишга гувоҳ бўлганларнинг хотираларидан лавҳалар ҳам келтирилган.

2021 йилнинг 29 сентябрь – 3 октябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Тошкент кинофестивали доирасида фильм премьерасини ташкил қилиш режалаштирилган.

 

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Izoh qoldirish