04.10.2021

Саломлашиш ва уни кенг ёйишнинг аҳамияти

Салом сўзи арабча сўз бўлиб, “тинчлик” ва “саломатлик” каби маъноларни билдиради. Умумий қилиб айтадиган бўлса, салом – бирор кишига тинчлик-хотиржамлик ва яхшилик тилашдир. Салом – одамлар орасида муҳаббат, ҳурмат ва самимийликни оширувчи гўзал воситадир. Салом бериш кишиларни кибр ва манманлик каби салбий сифатлардан сақлайди ва камтарлик, олийжаноблик каби сифатларини янада шакллантиради.

Бандаларини тинчлик, хотиржамлик ва хавфсиз бўлиши хоҳлаган Аллоҳ таолнинг исми сифатларидан бирининг номи ҳам “Салам”дир.

Киши учратган биродарига салом бериши учун бир-бирини таниши шарт эмас. Муҳими, энг асосийси биродарига тинчлик тилаш, яъни салом беришидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Исломнинг энг яхши амали нима” деб сўрашганида, шунда у зот: “Таом беришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг”,- дедилар.

Турли халқлар бир-бирлари билан турлича саломлашадилар. Бир-бири билан кўришган одамлар “хайрли кун”, “хайрли кеч”, “яхшимисиз”, “тузукмисиз” ва “привет” каби иборалар орқали ўзаро бир-бирларига тилак билдирадилар. Алик олган киши ҳам “салом”, “алайкум” сўзлар билан ёки бошни қимирлатиш, қўлни кўтариш каби ишоралар билан ҳам алик олади. Буларнинг ҳеч бири динимиз буюрган саломлашиш ҳисобланмайди. Шу боис, саломни тўлиқ ва ўз ўрнида ишлатиш керак.

Аслида эса динимиз ва урф-одатларимизга кўра саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашиш “Ассалому алайкум!” (Сизга тинч­лик, саломатлик бўлсин)дир. Бирор кишига “Ассалому алайкум!” деб салом берилганда, уни эшитган киши эса “Ва алайкум ассалом” (Сизга ҳам тинч­лик, саломатлик бўлсин)  деб саломига алик олади. Бу саломдан ҳам афзали ва савоби кўпроғи “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ” (Сизга тинч­лик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари бўлсин) деб сўрашишдир. Буни эшитган киши ҳам “Ва алайкум ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ” (Сизга ҳам тинч­лик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари бўлсин) деб алик олади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Қачонки сизга бир саломлашиш билан салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг...” (Нисо сураси, 86-оят).

Исломда салом бериш суннат, саломга алик олиш эса, вожиб амал ҳисобланади. Салом дона-дона қилиб, эшитадиган даражада берилади. Агар салом берилган киши саломни эшитмай қолса, яна саломни такрорлаши керак бўлади

Салом бераётганда “Ассому алайкум” (сизга ўлим бўлсин) деб нотўғри айтмасдан, балки “Ассалому алайкум!” (Сизга тинч­лик, саломатлик бўлсин) деб салом бериш керак. “Ассому алайкум” дегани “сенга ўлим бўлсин” деган маънони билдиради. Билиб-­билмай, салом бераман деб, яқинларимизга ўлим тилаб турмайлик!

Салом бериш энг кўп таъкидланган ўринлардан бири уйга кириш вақтида салом беришдир. Уйга кираётган киши каттами, кичикми, устозими, шогирдми, эркакми, аёлми салом бериб кириши керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар” (Нур сураси, 61-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй ўғилчам, қачон аҳлинг ҳузурига кирсанг, салом бергин, ўзингга ва аҳлингга барака бўлади”, дедилар.

Кўпчилик хабардор бўлмаган салом билан боғлиқ муҳим масалалардан бири ажралиш олдидан салом бериш масаласидир. Икки киши суҳбатлашиб бўлгач, мажлисга келган киши у ердан туриб кетишда ва бошқа шу каби ҳолатларда ҳам салом бериши худди келганда салом бериш каби фазилатга ва заруратга эгадир. Шу билан бирга, бу хайрлашиш маъносини ҳам ифода этади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз бирор масжлисга борса, салом берсин. Турмоқчи бўлганда ҳам салом берсин. Аввалгиси кейингисидан ҳақли эмасдир”,- дедилар. 

Машина миниб олган одам пиёда кетаётган одамга, тик юриб кетаётган одам ўтирган одамга, кам бўлганлар кўп бўлганларга, кичиклар катталарга салом беради. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса, бу суннат ва фазилатдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши ёш болалар ёнидан ўтиб кетаётиб, уларга салом бердилар-да: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилардилар”, -деб айтдилар”. 

Ёш болаларга салом бериш аввало уларга таълим бўлади, Ислом одоблари билан хулқланишларига ёрдам беради, шу билан бирга, салом берувчини кибр, манманлик каби сифатлардан сақлайди ва камтарлик, олийжаноблик сифатларини шакллантиради.

Кейинги пайтларда ёшлар ўртасида салом бериш одобига риоя қилиш тобора камайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Агар фарзандларимиз ёшликдан бу яхши одатга ўрганиб бормаса, жамиятдан узоқлашиб, кейинчалик бошқалар билан маданий муомала қила олмай қолишлари мумкин. Аслида бунинг остида катталарнинг тарбия борасидаги бэътиборликлари ётади. Ҳар бир ота-она фарзандларига салом беришни ўз уйидан бошласа, болалардан бундай салбий одатлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади.

Салом бериш ва ундан кўзланган мақсадлар ҳам бугунги кунимизнинг жуда муҳим масаласидир. Кишилар бир-бирлари билан ҳар кўришганда саломлашиб, бир-бирларига тинчлик-омонлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини сўраб туриши, ўрталарида меҳр-муҳаббат, илиқ муносабатларнинг пайдо бўлишига ва тинч-тотув яшашаларига сабаб бўлади. Натижада бундай жамиятда ҳам тинчлик бўлади. Тинчлик бўлган жамият эса юксак тараққиётга эришади.

 

✍️ Олим Жўраев,

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish

Izohlar