06.10.2021

Ўзбекистон: беш йиллик жадал ислоҳотлар

Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан “International Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистон: беш йиллик жадал ислоҳотлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва унинг халқаро тузилмалари, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, турли мамлакатлардан келган халқаро экспертлар, миллий парламентимиз аъзолари, вазирлик, идора, қўмита раҳбарлари, шунингдек юртимизда фаолият юритаётган турли конфессия вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида амалга оширилган ишлар якуни, барча соҳаларда рўёбга чиқарилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти, туб ўзгаришлар – фуқароларимиз ҳаётида ва ҳалқаро ҳамжамият нигоҳида нечоғли самара бергани аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиниб, миллий ва хорижий экспертларнинг бу борада берган баҳоларига қулоқ тутилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев нутқ сўзлаб, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги йўналишида, жаҳолатга қарши – марифат билан кураш борасида жуда катта ва салмоқли ишлар амалга оширилгани, бу ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланаётгани ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

Халқаро конференция доирасидаги маърузалар – “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар кўлами”, “Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳанинг замонавий ривожланиши: натижалар ва истиқбол” ҳамда “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда ташқи сиёсатни таъминлашда янгича ёндашув натижалари” каби секцияларга бўлинган ҳолда муҳокама қилинди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати

Izoh qoldirish