13.10.2021

Хожа Муҳаммад Порсонинг “Ақсоми хавотир” (“Хавотирнинг қисмлари”) рисоласи

Хожа Муҳаммад Порсо Нақшбандийя тариқатининг етук намояндаларидан бири бўлиб, ўзининг бетакрор асарлари билан дунё тасаввуфшунослигида алоҳида мавқени эгаллаган. У киши йигирмадан ортиқ асар ёзган.

Эрон ислом Республикасининг кўплаб қўлёзма нусхалари марказларида жумладан Исломий шўронинг миллий кутубхонаси, Қудсий Разавийнинг Остони  Илоҳиёт институти,  Машҳаднинг миллий университети, Теҳроннинг Марвий мадрасаси ва бошқа марказларида “Ақсоми хавотир”нинг  бир қанча  нусхалари сақланиб келинмоқда. Хожа Муҳаммад Порсонинг “Ақсоми хавотир” (Хавотир қисмлари) китоби Исломий шўро мажлисининг 35/16009 каталогида сақланади. Унинг котиби Мир Абдуллоҳ, асар 6 бетдан иборат. 

 “Рисолаи қудсия” ни таҳқиқ қилган муаллиф Хожа Порсонинг 20 га яқин асарлари ҳақида маълумот келтирилган бўлса ҳам, бироқ “Ақсоми хавотир” нусхасига тегишли маълумот келтирилмаган. Бу нусхани тадқиқ қилган олим Али Қанбариён[1] айтади: “Аммо бу нусхани мен Исломий шўро мажлисининг 35/16009 қўлёзмалар фондида жами 6 бетлик котиб Мир Абдуллоҳ томонидан ёзилганини топишга муваффақ бўлдим”.

Нақшбандийшунос олим Аҳмад Тоҳир Ироқий “Рисолаи қудсия”ни таҳқиқ қилганида бу нусхани Хожа Муҳаммад Порсо асарлари рўйхатига киритмаган.  Рисоланинг асосий қисми “нафсоний хавотирга” бағишланган. Асар муаллифи “нафсоний хавотир”ни тўрт қисмга бўлиб ўрганган.

1.    Раҳмоний хавотир;

2.    Малакий хавотир;

3.    Нафсоний хавотир;

4.    Шайтоний хавотир.

Хавотирнинг ҳар бири ўзининг алоҳида хусусиятларини тушунтириб, инсонга манфаатли ва манфаатли бўлмаган томонларини шарҳлаган. Порсо хавотирни орифона услубда баён қилиб берган. Рисолада хавотир мавзусидан ташқари тасаввуфга дахлдор бўлган сайру сулукнинг манзиллари, муҳаббат, мувофақат, майл, унсият, маваддат, ҳаво, хиллат, шафқат, убудият, асирлик, тажрид, ботиний тафрид ва илоҳий ишққа ҳам урғу  берган. Мўъжаз рисола бўлишига қарамасдан  руҳий тарбиянинг муҳим  жабҳаларига тўхталган. Маълумки, бу мавзулар зоҳирдан қараганда “хавотир”га дахлдор эмасдек туюлади. Аммо ботиний йўл билан раҳмоний, малакий хавотирнинг айнан ўзига ишора қилган. Шу йўл орқали муҳаббатга мойил бўлган ва разолатга яқин бўлган хавотирни далиллайди. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, агар қалб безовталанса, хавотирга тушса, уни Аллоҳнинг зикридан бошқа нарса тинчлантиролмайди. Бу каби ҳикматли сўзнинг замирида инсон арзимайдиган нарсаларга хавотирга тушмаслиги, ўзини ҳар ерга урмаслиги, Аллоҳга таваккул қилишлиги ва У зотнинг зикрида бардавом бўлишликга ишора бор.

Хожа Муҳаммад Порсо ҳазратлари томонидан ёзилган ушбу мўъжаз рисолада “хавотир” билан боғлиқ бўлган инсон руҳиятида кечадиган раҳмоний, малакий, нафсоний, шайтоний хавотирот ҳақида сўз юритилган. Рисола ҳажми кичик бўлишига қарамасдан инсоннинг руҳий тарбиясига лозим бўладиган тавсиялар берилган. Хавотирланиш, ҳадиксираш, нафратланиш, жазава, қўрқинч, умидворлик, шодлик инсон руҳиятида мавжуд нарса. Бироқ унинг манфаатли ва зарарли томонларини тушунтириш долзарб мавзулардан. Шу сабабли бу зот ўзининг зукколиги билан “хавотир қисмлари”ни тушунтириб, ортидан майл, муонасат, хиллат, маваддат, ҳаво, муҳаббат, шағаф ва ишқ ҳақида қисқача сўз юритилади. Аҳамиятли томони шундаки, муаллиф ушбуларни санаб, шайтоний ва нафсоний хавотирдан қутулишга чора излаб, фойдали тавсияларини берган.

 

✍️Жамаҳматов Каромиддин,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази манбашунослик бўлими бошлиғи 

Izoh qoldirish