11.06.2021

“Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” (Муҳаммад алайҳиссалом сийратлари)

Китоб муаллифи: Имом Термизий (824-892 йй).
Нашрга тайёрловчилар: Тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов, Мирзо Кенжабек.
Китоб ҳажми: 438 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Асар Пайғамбар (с.а.в.)нинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўзида жамлаган қимматли манбадир. Бу асар ўз йўналишида битилган энг яхши китоб деб баҳоланади.
Муаллиф Пайғамбар (с.а.в.) фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, яхлит китоб шаклида тасниф қилган.Асарнинг тили оддий ва равон бўлиб, услуби ғоят соддалиги билан ҳам кўпчилик асарлардан ажралиб туради. Термизийнинг ушбу асарига шарҳ ёзган шайх Иброҳим Божурий: “Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” китоблари ўз бобида яккаю ягона асардир. Тартиби ва ўз ичига олган мавзулари жиҳатидан ягона бўлиб, нодир китоблар жумласидан ҳисобланур. Унинг овозаси Мағрибу Машриққа бориб етди”, дея таъкидлайди. Машҳур олим Али Ибн Султон Ҳаравий Қорий Термизийнинг ушбу асари хусусида шундай деб ёзади: “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари, ахлоқлари ҳақида тасниф этилган асарларнинг энг чиройли ва яхшиси бу Имом Термизийнинг Пайғамбар сийратлари ҳақидаги мукаммал ва мухтасар китобидир. Бу китобни мутолаа қилувчи, жаноби Пайғамбарни кўргандай бўлади”.
Китобда Пайғамбарлик сифатларининг ташқи ва ички жиҳатларига эътибор қаратилган. Асар Пайғамбар (с.а.в.)нинг ташқи кўринишлари хусусиятларидан бошланиб, у зотнинг кундалик ҳаётдаги одатий ишларига ўтилади. Хулқу одоблари тасвирланади.
Жумладан, у зотнинг уй ишларида аёлларига қарашишлари, ёш болаларга ҳам салом беришлари, камтарликларидан қўл бериб сўрашган шахсдан биринчи бўлиб қўлларини олмасликлари, изларидан биров чақирганда, бошларини буриб қарамасдан, инсонга ҳурмат нуқтаи назаридан бутун гавдалари билан бурилиб қарашлари каби юксак хулқ-атворларидан намуналар берилади.
Асарда, шунингдек, Пайғамбар (а.с.)нинг ички дунёлари ва ахлоқий фазилатлари баён қилинади. Бу ҳадислар билан танишар эканмиз, Муҳаммад алайҳиссалом ахлоқий жиҳатдан намунавий, мукаммал зот эканликларини, муомалада у зотнинг катталару кичиклар, аёллару эркаклар, бойлару камбағаллар билан ўзларини бир хил муомалада тутишларини, гуноҳ қилган киши узр сўраса, унинг гуноҳини кечирганлари, одамлар билан ўта латофатли муомалада бўлганлари, йўлда учраган барча кишиларга биринчи бўлиб салом берганлари, самимий ҳол-аҳвол сўраганларини билиб оламиз.
Пайғамбар (с.а.в.)нинг хулқ-атворлари ҳақидаги ҳадислар бугунги кунга мос ҳолда шарҳланган, осон тушуниш учун изоҳлар берилган.
Олимларнинг таъкидлашича, дунё маънан, охиратда жисмонан Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлишни хоҳлаганлар учун энг асосий китоблардан бири мана шу манбадир.
Ушбу асарга ўттиздан ортиқ шарҳлар битилгани унинг ислом дунёсида нақадар муҳим манба эканини кўрсатади.
– Т.: Шамсиддин Бобохон, 2017.

Izoh qoldirish