19.08.2021

Коррупция билан боғлиқ ижтимоий иллатларга қарши кураш – ислоҳотларимизнинг бош йўналишларидан бири

Коррупция билан боғлиқ ижтимоий иллатларга қарши кураш – ислоҳотларимизнинг бош йўналишларидан бири

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Коррупция ва порахўрлик ҳақида гапирганда шуни айтиш керакки, тарихда коррупция иқтисодий ҳодиса сифатида товар-пул муносабатлари бор жойда мавжуд бўлиб келган. Давлатда иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хил чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан ҳоли, чекланмаган ё рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупциянинг илдиз отишига замин яратади. Шу билан бирга, катта бойликларга эга бўлган баъзи ишблармонлар ўз даромадларини кўпайтириш ва бозордаги рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш мақсадида ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиш, уларнинг ўз иҳтиёрларига бўйсундиришга ҳаракат қиладилар.

Ислом дини давлат мулкини ноқонуний ўзлаштириш ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилишнинг барча турларини қаттиқ қоралайди. Аммо динимиз коррупцияга ўта муросасиз бўлгани ҳолда унга амал қилиб яшаяпман, деб даъво қилаётган мусулмонлар идеал инсонлар бўла олмаяпти ҳамда фитратларини нафсоний заифликлар ва мол-дунё васвасаларидан ҳимоя қила олмаяпти. Бу эса ўз навбатида, умматнинг Исломнинг идеал ғояларига содиқ қола олмаётганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Амалдорларнинг порахўрлиги эса каттадан ҳам катта гуноҳ. Инчунун, Аллоҳ таоло ояти каримада: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз! (Бақара сурасининг 188-ояти), деб таъкидлаган бўлса, яна бир оятда бурунги авлодларнинг коррупция ишлари ҳақида хабар бериб, мусулмонларни бундай хатоларга йўл қўймасликка даъват қилган. “Уларнинг аксарияти гуноҳ, адоват ва ҳаромхўрлик сари суръат билан интилаётганларини кўрасиз. Қилаётган ишлари ўта ёмон ишдир. Руҳоний ва олимлари уларни гуноҳ гаплари ва ҳаромхўрликларидан қайтарсалар бўлмайдими? Қилаётган сир-синоатлари жуда ёмондир” (Моида сурасининг 62-63-оятлари).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, фирибгарлик,маҳсулот нархини сунъий равишда кўтариш, ўғирлик, товламачилик каби иллатлар киради. Буларнинг орасида амалининг гуноҳи оғирлиги билан порахўрлик туради.

 

Пора араб тилида “ришва” деб аталади, шаръий истилоҳда эса, “Пора-хақни йуққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсадир”.

Мисол учун бировнинг бир нарсада ҳаққи бор, ўша ҳақни олиш учун ҳокимнинг ҳукмига қараб турибди. Иккинчи бир одам келиб ўзи ҳақдор бўлмаса ҳам ҳокимга пул бериб, ўз фойдасига ўша нарсани беришни сўрайди. Ҳоким ўша ишни қилса, ҳақдорнинг ҳақи поймол бўлиб, ноҳақдан биров фойдасига ҳукм қилган бўлади. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам ноҳақ иш қилмоқда, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб ўз фойдасини кўзламоқда.

Шунингдек, коррупцияни Аллоҳнинг Расули қаҳру ғазаб билан қоралаган кўплаб ҳадислар ҳам бор. Жумладан, Имом Аҳмад Муснадда ибн Ҳанбалдан ривоят қилган ҳадиси шарифда Савбон розияллоҳу анҳу бундай деганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воститачини лаънатладилар».

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шунга ўхшаш ҳадисларида коррупциянинг давлат ва жамият учун даҳшатли оқибатлар келтириб чиқаришини таъкидлаб ўтганлар: Бинобарин, порахўрлик бор жойда одамлар қўрқув ва даҳшатга тушмайдиган халқ йўқ.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан келтирилишича, Исроил авлодлари орасида бундай одат бўлган: судга бораётганларида икки томон ҳам пора олиб борган ва ҳукм ўқилишидан олдин иккаласи ҳам ўзи олиб келган порани судга кўрсатган. Натижада суд улардан қайси бири таклиф қилган пора кўпроқ бўлса, ўшанинг фойдасига ҳукм чиқарган. Натижа нима бўлди? Исроил авлодларининг ер юзидан буткул қирилиб кетишига  бир баҳя қолди. Ана шу бехосият одатига барҳам берганидан сўнггина миллат қаддини тиклай бошлади. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Пора воситасида нохақлик ҳақ мақомига чиқиши боис жамият пароканда бўлади. Мамалакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, охирати обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши керак.

 

Нормуродов Маҳмуд 
 - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish