20.08.2021

Коррупция ва порахўрлик жамият тараққиёти ва фаровонлигига жиддий зарар келтирадиган иллатдир

      Бугунги кунда юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари ва юртимиз гулаб яшнаши ва равнақи турган бўлиб, ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. 

Аммо, шу аснода қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва жамиятдаги урф-одат нормалари зид равишда, айрим мансабдор шахслар ўз манфаатларини кўзлаб, қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатлар содир қилиш орқали кўплаб  коррупция ҳолатлари кузатилмоқда.

Коррупция деганда, мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари, вазифаси, ҳуқуқлари, бурчи, обрўйи ва мақомидан фойдаланган ҳолда ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб ноқонуний равишда фойдаланиш, давлат мулкини талон-тарож қилиш тушунилади. 

Коррупция ҳақида гап кетганда хаёлга келадиган биринчи нарса - бу порахўрлик. Порахўрлик, коррупция турларидан бири бўлиб, у энг кенг тарқалганидир.

Коррупция ва порахўрлик ­– жамоат вазифаларини савдо сифатида қарайдиган раҳбарлар ёки давлат хизматчиларининг ўз вазифаларини орқали даромадларини кўпайтиришга уринишлари, саъй-ҳаракатларидир.

Жамоат вазифасини, унга берилган мансаб ваколатларини шахсий манфаатлари учун ишлатган киши, охир-оқибатда омонатга хиёнат қилади. Бундай кишилар, бир томондан, ўзига муносиб бўлмаган ҳаром пулга  эришса, иккинчи томондан эса, пора олган одамларнинг айрим ноқонуний ҳаракатларига кўз юмади, яъни ҳақни бекор қилиш ёки ноҳақликни қонунийлаштиришга воситачилик қилади. Шу сабабли порахўрлик оят ва ҳадисларда катта гуноҳ сифатида зикр қилинган ва қаттиқ ҳаром қилинган.

Пора араб тилида “ришва” деб аталиб, “Лавозимини, вазифасини ва обрўйини суиистеъмол қилиш орқали ўрни бўлмаган ҳақсиз жойга оладиган манфаат, мукофот, ҳақ ёки берилган пул” тушунилади.

Порахўрлик ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: “Бир – бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар” (Бақара сураси, 188-оят мазмуни). 

“Молларни ноҳақ ейиш”га ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фирибгарлик ва ­алдов билан ўзлаштириш, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритишдир. 

Ҳадиси шарифларда, порани берган, олган ва бунга воситачилик қилганлар ҳақида қаттиқ огоҳлантиришлар бор. Масалан, бир ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам порани берган, олган ва бунга воситачилик қилганлар ҳақида қуйидаги гаплари лаънатлаганлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Пора совға кўринишида бериладими ёки чин кўнгилдан хоҳлаб бериладими, барибир пора ҳисобланади. 

Аллоҳ таоло бандаларига бу синов дунёда танлов ихтиёрини бериб қўйган. Банда ўз ризқини ҳалолдан ҳам, ҳаромдан ҳам териши мумкин. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам банда ўзига ато этилган ризқдан ортиғига эга бўлмайди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди» (Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти).

Коррупция ва порахўрлик жамият тараққиёти ва фаровонлигига жиддий зарар келтиради, жамиятни ичидан емирадиган иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишда тўхтаб қолади, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончи йўқолади, жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Натижада, жамиятнинг бузилишига олиб келади. Мамлакатимиз ривожи ва гуллаб яшнашини истаган ҳар бир инсон бу каби салбий иллатларнинг олдини олишда ўзларининг катта ҳиссаларини қўшади деган умиддамиз.

Олим Жўраев

 - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish