26.08.2021

Тошкент ислом институти ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида англашув меморандуми имзоланди

2021 йил 25 август куни Тошкент ислом институти ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Тадбирда Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев, Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими ходими Обид Тангиров, кафедра мудирлари, ўқитувчилар ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурулло Умаров ва марказ илмий ходимлари иштирок этдилар.

Буюк муҳаддис Имом Термизий номи билан аталувчи халқаро марказ ташкил топганига кўп вақт ўтмаган бўлсада, тадқиқотчилар томонидан термизий алломалар ҳаёти ва асарларини ўрганиш ҳамда ҳадисшунослик илмлари бўйича салмоқли изланишлар олиб борилди.

Манбалар билан ишлаш, тадқиқот натижаларини нашр эттириш, аҳоли ўртасида тақдимот қилиш каби вазифаларни сифатли ташкил этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида икки диний-маърифий даргоҳ раҳбарияти ва илмий жамоаси ҳамкорликни йўлга қўйиб, диний илмлар даражасини янада оширишни режалаштирганлар.

Сўзга чиққан, У.Ғафуров, Ш.Умаров ва бошқалар, ўзаро ҳамкорлик натижасида илмий анжуманлар ўтказиш, китоблар нашр қилиш каби масалаларни муҳокама қилдилар.

Марказ ва Институт ўртасидаги ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Ҳадис ва ҳадис илмларини ўрганиш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • Илмий ахборот алмашиш ва кутубхоналар ўртасида ҳамкорлик олиб бориш;
  • Ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва институтда Имом Термизий илмий фаолиятини кенг ўрганишни йўлга қўйиш;
  • Илмий-тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш;
    Қўшма илмий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ўтказиш;
  • Ҳамкорлик доирасида китоблар, тадқиқот ишлари, даврий нашрлар ва бошқаларни чоп этишни йўлга қўйиш;
  • Илмий тадқиқот ишларига илмий раҳбарлик бўйича ва илмий изланишларда тажриба алмашиш.

Тадбир асосий қисмида, юқорида санаб ўтилган ҳамкорликларни амалга ошириш учун Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурулло Умаров англашув меморандумини имзоладилар.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

2017 йил 14 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2774-сон қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;
  • юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш;
  • турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш;
  • Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;
  • мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
  • маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш.

ТИИ Матбуот хизмати

Izoh qoldirish