26.08.2021

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг парҳезкорлиги

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бир қули бор эди. У ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Ҳар куни таомни олиб келганида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу таомни қаердан келганини сўраб тановул қилар эди. Кунлардан бир куни қули Абу Бакр розияллоҳу анҳуга таом олиб келди. У киши оч бўлганлиги сабабли чалғиб, таомдан бир луқма едилар. Шунда қули ҳайрон бўлиб: 

“Сизга нима бўлди? Ҳар кеча мендан таомни қаердан олиб келганимни сўрар эдингиз, лекин бу кеча сўрамадингиз-ку?” - деди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

“Бунга мени очлик мажбур қилди, қани айт-чи? Бу таомни қаердан олиб келдинг?” деди. Шунда қули:

“Жоҳилият пайтида бир қавмнинг олдига бориб, уларнинг руқия (сеҳр)сини қилиб бергандим. Ўшанда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдиларидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан. Улар менга ўша ваъда қилган нарсаларини беришди. Мен эса уни сизга олиб келдим”, деди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

“Мени ўлдирай дединг-ку!” деди ва қўлини халқумига тиқиб қайт қилишга урина бошлади. Луқма эса чиқмасди, бир неча бор сув ичиб сўнгра қайт қилдилар. Охири у нарсани чиқариб ташлади. Шунда қулига қараб:

“Агар шу луқма жоним билан қўшилиб чиқса ҳам рози бўлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасад дўзахга яқиндир”, - деганларини эшитганман, мана шу луқмадан жасадимда бирор нарса ўсишидан қўрқдим” - деди.

 

Нормуродов Маҳмуд

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Абу Нуъайм Исфаҳонийнинг “Ҳилятул авлия” асаридан таржима қилинди

Izoh qoldirish