АЛ-ҒАЙБ (ҒАЙБ)
الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ
УЛАР ҒАЙБГА ИЙМОН КЕЛТИРУРЛАР (БАҚАРА, 2).
Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, мўминлар ўзларига ғайб бўлган жаннат-дўзах, сирот, мезон, қайта тирилиш, ҳисоб ва шу каби нарсаларга иймон келтирадилар. Яна улар нозил бўлган ва ҳали нозил бўлмаган Қуръон оятларига иймон келтириш билан ҳам ғайбга иймон келтирадилар. Шунингдек, ғайб Аллоҳнинг Ўзи ҳамдир.
Бу оят ҳақида Абуллайс Самарқандий ҳам муҳим тафсирларни ривоят қилган ва шундай деган: “Улар ғайбга иймон келтирурлар...”, яъни, ғайбни тасдиқлаганлар. Ғайб – кўздан ғойиб бўлган ва ўзи қалб учун ҳозир бўлган нарсадир. Бу билан Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва уларга қиёмат кунигача эргашганларни ирода қилдики, улар ғайб Қуръонни, унинг Аллоҳ таолодан эканлигини тасдиқлашди ва ҳалол қилган нарсаларини ҳалол, ҳаром қилган нарсаларини ҳаром деб билишди. Яна дейиладики, улар ғайбга, яъни, Аллоҳ таолога иймон келтиришди. Бизга Халил ибн Аҳмад ривоят қилди ва деди: “Бизга Дийбалий ривоят қилди ва деди: “Бизга Абу Убайдуллоҳ ривоят қилди ва деди: “Бизга Суфён ривоят қилди ва деди: “Бизга асҳобимиз, Ҳорис ибн Қайсдан ривоят қилдики, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шундай деди: “Эй Муҳаммад асҳоби, сизлар учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш ва у зотнинг суҳбатини топиш шарафи билан биздан ўзиб кетиш ила юзага келган ажру савобни умид қиламиз” деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд деди: “Биз эса сиз учун у зотни кўрмай туриб иймон келтирганингиз шарафи туфайли бўлган ажру савобни умид қиламиз. Иймоннинг афзали – ғайбга иймондир. Сўнг Абдуллоҳ ушбу оятни ўқиди: “Улар ғайбга иймон келтирурлар...”.
Имом Замахшарий ҳам ушбу ривоятни шу тарзда келтирган: “Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг иймонларини зикр қилшди. Шунда Ибн Масъуд: “Муҳаммад алайҳиссаломнинг иши у зотни кўрган киши учун очиқ-ойдиндир. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Зот билан қасамки, мўмин ғайбга иймон келтиришдек айзал иймон билан иймон келтирмаган” деб, ушбу оятни ўқиди”.
Албатта, ушбу маънолар, яъни, саҳобаларнинг барча нарсани кўриб-билиб иймон келтирганлари, кейин келадиганларнинг эса кўрмай иймон келтиришлари ва бунинг фазилати Пайғамбар алайҳиссалом томонидан ҳам эътироф этилган. Бу ҳадислар турли лафзларда келган бўлиб, уларнинг бирида шундай дейилади: “Биродарларимга йўлиқиш иштиёқидаман”. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари шундай дейишди: “Бизлар сизнинг биродаарларингиз эмасмизми?” У зот дедилар: “Сизлар саҳобаларимсиз. Лекин биродарларим мени кўришмаган бўлса-да, менга иймон келтирганлардир” (Имом Аҳмад “Муснад”ида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Имом Муслим ва Насаийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган лафзда шундай келади: “Биродарларимизни кўрмоқни хуш кўрдим” дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?” дейишди. “Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларимиз ҳали-ҳануз келганларича йўқ” дедилар”.
Имом Мотуридий бу ўриндаги ғайбга иймон келтиришда икки жиҳат борлигини айтган:
“Биринчиси, улар Аллоҳга ғайбан иймон келтирадилар ва У Зотдан ўтган умматлар пайғамбарларидан талаб қилган нарсаларни талаб қилмайдилар, Бани Исроилнинг қуйидаги сўзидек:
لَن نُّؤْمِنَ لَكَ حَتَّىٰ نَرَى اللَّهَ جَهْرَةً
“Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга ишонмаймиз” (Бақара, 55).
Иккинчиси, ғайб бўлган Қуръонга ва Қуръон хабар берган ваъда ва огоҳлантириш, амру наҳий, қайта тирилиш, жаннату дўзах кабиларга иймон келтирадилар. Иймон ўзи фақатгина ғайбга нисбатан бўлади. Чунки у тасдиқдир. Тасдиқ ва такзиб (ёлғонга чиқариш) эса фақатгина хабар масаласида бўлади. Хабар ҳам ўз навбатида ғайб ҳақида бўлади, мушоҳада этилиб, кўриб турилган нарса хусусида эмас”.
Бу ўринда Имом Мотуридий тафсирлар орасини жамлаган. Яъни, ғайбни бир гуруҳ муфассирлар жаннат-дўзах, қиёмат ва шу кабилар сифатида таърифлашса-да, ушбулар Қуръони Каримда келган хабарлардир. Демак, Қуръонга иймон келтириш – уларнинг барига иймон келтириш демакдир.
Шундан келиб чиқиб, Имом Табарий ўз тафсирида машҳур тобеъин Зирр ибн Ҳубайшдан ҳам ушбу ўриндаги “ғайб”ни “Қуръон” деб тафсир қилганлигини ривоят қилишини кенг кўламли, қамровчи тафсир сифатида қабул қилиш мумкин.
Аллоҳ таоло билувчироқдир.
Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish