Мусулмон эрнинг оила ва аёлига бўлган муносабати
Ислом динида оила муқаддас даргоҳлардан бири саналади. Оиланинг мустаҳкамлиги, унинг фаровонлиги биринчи навбатда эрнинг, яъний эркак кишининг зиммасига кўпроқ масъулият юклайди. Зеро, оила қуриш, оилавий ишлар билан шуғулланиш улуғ ибодатлардандир.
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19–оят).
Исломда эр-хотин ўртасидаги муносабатнинг давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган. Бунда оилавий ҳаётнинг асосий ташкилотчилари ва аъзолари бўлмиш эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос бурч ва вазифалар юкланган, бир-бирига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган. Бу ҳақда Қуръоннинг бир қатор сураларида оятлар келтирилади:
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаби – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
“Ва яхшилик ила уларнинг бурчлари муқобилида ҳақлари ҳам бордир” (Бақара сураси, 228-оят).
Агар эр ва хотин бу қоидаларга амал қилса, бир-бирига нисбатан зиммасидаги бурч ва масъулиятини ҳис қилиб сидқидилдан адо этса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади. Бундай оилада туғилган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топади ва улардан жамиятга фойдаси тегадиган инсонлар етишиб чиқади. Ислом дини ҳар бир эр ва хотин учун ўзига хос ҳуқуқларни ишлаб чиқиш билан бирга, уларга муайян мажбуриятларни ҳам юклаган. Буларнинг баъзилари эр ва хотин ўртасида муштарак бўлса, баъзилари эрга, баъзилари хотинга тегишлидир.
Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар. Эрнинг хотини олдидаги бурчлари икки қисмга бўлинади:
1. молиявий бурчлар;
2. муомалавий бурчлар.
Молиявий бурчлар маҳр, нафақа ва тўйдан иборат.
«Маҳр» акди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш баробарида эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида нгундай деб марҳамат қилади
“Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин» «Нисо» сурасида (4-оят).
Никохдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. «Нафақа» сўзи луғатда «яхшиликка маблағ чиқариш» маъносини англатади. Шариатда эса, ўз қарамоғидаги шахсни етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва акд ила собит бўлган.
Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур» (7-оят).
Эр ўз хотини олдидаги молиявий бурчларини адо этиш билан бирга, муомалавий бурчларини ҳам шараф билан адо этиш пайидан бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ва улар ила яхшиликда яшанг» (19-оят).
Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги муносабат севги-муҳаббат, раҳм-шафқат ва унсу улфат алоқаси бўлиши лозим. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолганлиги учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми, ахир?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» — деганлар.
Никоҳ туфайли эр-хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшилади. Уларнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахт-саодатлари — барча-барчаси қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳ таолонинг исми ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир.
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилсин! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!» - дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят килганлар.
Эрнинг ўз хотинига яхшилик қилиши сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига яхшилик қилиши ҳам киради. Зотан, эрнинг уларга яхшилик қилиши шариат талабидир. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларга силаи раҳм қилиш қанчалик аҳамиятга эга эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Келин учун эрининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлганидек, куёв учун ҳам аёлининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлади. Шунингдек, бошқа қариндошлар: амакилар, аммалар, тоғалар, холалар ва ҳоказолар ҳам o'zining qarindoshlari kabidir
Исломда эрнинг оиладаги раҳбарлигига «масъулият» деб қаралади. Лекин оила бошлиғи дегани, баъзилар хаёл қилганидек, оиланинг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, «деганим деган» йўсинида «ҳокими мутлақ» бўлиш эмас. Оила бошлиғи сифатида унинг ҳамма тарафдан баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига эр масъулдир.
Ҳикматилло Хурсанмуродов-Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази кичик илмий ходими
Izoh qoldirish