АС-САҚИЙЛ (ОҒИР)
إِنَّا سَنُلْقِي عَلَيْكَ قَوْلًا ثَقِيلًا
АЛБАТТА, БИЗ УСТИНГГА ОҒИР СЎЗНИ ТАШЛАРМИЗ (МУЗЗАММИЛ, 5).
Ушбу оятдаги “оғир сўз” ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан турли тафсирлар ривоят қилинган. Қуръон оятларининг буйруқ ва қайтариқ, ваъда ва ваъид (огоҳлантирув), ҳалол ва ҳаром борасида қаттиқ сўзлиги, улуғворлиги, унга хилоф қилувчига оғир бўлиши, тунги намоз-ла оғирлиги шулар жумласидандир.
Муфассир тобеин Қатодага кўра, Аллоҳ ўз фарз ва ҳукмий чегараларини оғир (вазнли) қилгандир. Бунинг бир маъноси уларнинг ўзгармас ва қатъийлигини билдиришдир.
Абуллайс Самарқандийга кўра, ушбу оят тунги намозга туриш буйруғидан сўнг келганига қараб, айрим муфассирлар уни “тунги намозга туриш гуноҳлардан тийилмаган кишига оғирдир” маъносида ҳам тафсир қилишган. Яна бу оят ҳақида “мезонда оғир, тилга эса енгилдир” ҳам дейилади. Ёхуд Қуръоннинг нузули ҳам оғирдир:
لَوْ أَنزَلْنَا هَٰذَا الْقُرْآنَ عَلَىٰ جَبَلٍ لَّرَأَيْتَهُ خَاشِعًا مُّتَصَدِّعًا مِّنْ خَشْيَةِ اللَّهِ ۚ وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ
“Агар ушбу Қуъонни тоққа туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдинг. Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар” (Ҳашр, 21).
Албатта, ривоятларда келганидек, Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келганида туялари чўккалаб қолар, то ваҳий тугаб битмагунича ўрнидан қўзғалолмасди. У зотнинг ўзи совуқда ҳам ваҳийдан қаттиқ терга тушардилар.
Зеро, Имом Замахшарий ва Насафий келтирганидек, Қуръонда келган буйруқ ва қайтариқлар уларни бажарувчилар учун ниҳоятда улкан ва оғир масъулият ёки у мунофиқларга оғирдир ёхуд у шундай каломдирки, унинг ўзига хос вазни ва устунлиги бўлиб, ғубор каби нозик ва енгил-елпи эмасдир. Ҳасан Басрийга кўра, Қуръон мезонда оғирдир ва унга амал қилиш ҳам оғир масъулият.
Имом Мотуридийга кўра, бу ўринда кимга оғирлиги айтилмаганлигига сабабли, уни турлича тафсир қилиш мумкин бўлади. Бу оғирлик кофир ва мунофиқларга ҳам, катта гуноҳларни қилувчиларга ҳам бўлиши мумкин.
Аммо мусулмонларга келсак, уларга бу оғир бўлмаслиги ҳам мумкин, зеро Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ
“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик” (Қамар, 17).
Бу сўз Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига хос ҳам бўлиши мумкин. Чунки у зот фиръавнтабиат кишиларга ва одамзоднинг барига пайғамбар этиб юборилдилар. Фиръавнтабиат кишиларга рисолатни етказишда руҳ ва жасад учун хавф-хатар мавжуд.
У тунги намоз ва унда тун бўйи туришга хос бўлиши ҳам мумкин. Унда бунинг маъноси шундай бўладики, ушбу сўз тақозо қиладиган нарсага вафо қилиш оғирдир.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга ишора бўлиши ҳам мумкин. Унда бу оғирлик Қуръондаги фарзларда қоим бўлиш, унинг чегарасидан чиқмаслик, ҳалол-ҳаромига амал қилиш маъносида бўлади.
Қутабий дейди: “Оғир сўз – Аллоҳ таолонинг каломидир. Унинг оғирлиги – уни қадрлаш ва ҳурматини улуғлашдир. У қиймат беришга арзимайдиган ва эътибор қаратилмайдиган ҳавойи сўз эмас”.
Зажжож дейди: “Оғир – вазнли демакдир. Яъни унинг қалбларда вазни ва қадри бордирки, уни улуғлаш ва ҳурматлаш лозим бўлиб, кичик саналадиган сўз эмас”.
Оғир сўз – ҳақ бўлиши ҳам мумкин. Чунки айрим хабарларда шундай дейилади: “Ҳақ – оғиру аччиқ, ботил эса енгилу кемтикдир”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Мезонга унга яхшилик қўйилса оғир бўлиш, унга ботил қўйилса енгил бўлиш ҳақдир”.
Унда бунинг маъноси Қуръондаги нарсага амал қилиш бўлади.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, ҳақнинг юки бўлиб, у ботилни йўқ қилувчи босимга эгадир. Инсонда қалб ва нафс бор экан, нафснинг бебош енгилтаклигини қалбга тушган ҳақ юки босиб йўқ қилиши мумкин. Қалб эса ушбу ҳақ юки ва салобатини Қуръондан олади ҳамда нафснинг ўткинчи дунёга ошиқлигини охират боқийлиги билан, ўзи ҳам ҳеч таскин топмайдиган нафсни эса Қуръонда мавжуд ва уни оғир қилган асосий нарса бўлган Аллоҳ ҳайбати билан янчади. Тунги намоздаги Аллоҳга муқобала қилиш – Унга юзланиш ва Қуръон тиловат қилиш ҳам ҳавоий нафсни маҳв этувчи залворли илоҳий маърифатни касб этишдир. Оятлар силсиласининг келиши мана шунга ҳам ишора қилади:
“Эй ўраниб ётувчи! Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ! Ярмини ёки ундан бир оз қисқароғини. Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил. Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз. Албатта, кечасидаги ибодат кўпроқ мувофиқ келадир ва қироати тўғрироқ бўладир. Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор. Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ. У машриқу мағрибнинг Роббисидир. Ундан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Уни ўзингга вакил тут”.
Бу каби Аллоҳ маърифати ва Унга боғланиш ҳосиласи ўлароқ:
“Уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четлаш-ла, четлаб тур. Аҳли неъмат бўлган, ёлғонга чиқарувчиларни Ўзимга қўйиб қўй ва уларга озгина муҳлат бер” (Музаммил, 1-11).
Шу тарзда, дастлаб илоҳий маърифат ёрдами ила ҳаққа мувофиқликни топиш, натижада ботилдан четланиш малакасини ҳосил қилиш инсоний камолотнинг асоси эканлиги маълум бўлади. Буларнинг бари эса Қуръоннинг оғирлиги – вазни ва улуғлигининг самараси сифатида ва тиловат қилувчининг ушбу исмдан ўз насибасини олиши натижасида юзага келади.
Izoh qoldirish