25.03.2023

БИР ҲАДИС ШАРҲИ

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏ "‏ رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَىَّ وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ دَخَلَ عَلَيْهِ رَمَضَانُ ثُمَّ انْسَلَخَ قَبْلَ أَنْ يُغْفَرَ لَهُ وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ أَدْرَكَ عِنْدَهُ أَبَوَاهُ الْكِبَرَ فَلَمْ يُدْخِلاَهُ الْجَنَّةَ

( رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ)

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг ҳузурида мен зикр қилинсаму менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин). Унга Рамазон ойи кириб келса сўнгра у мағфират қилинмасидан олдин Рамазон ойи охирига етиб бўлган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин). Унинг ҳузурида ота онаси ёки икковидан бири кексаликка етиб, иккови уни жаннатга кирита олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин)», дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).

Шарҳ: Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.

Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.

Ояти каримада мўминларга:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

«Эй, иймон келтирганлар! сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.

Абу Бакр Жассос ўзларининг «Аҳкомул Қуръон» деб номланган китобларида юқорида зикр этилган Аҳзоб сураси 56-оятининг тафсирида қуйидаги сўзларни айтадилар: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг» ояти Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш буйруғини ўз ичига олади. Бу буйруқнинг зоҳири вожибликни тақозо қилади. (Умрда бир марта) Саловот айтиш бизнинг наздимизда  фарздир. Қачонки инсон намозда бўлсин, ё намоздан ташқарида бўлсин, саловот айтса, унинг фарзини адо этган бўлади.

Шунингдек, Имом Термизий томонидан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ “Унга Рамазон ойи кириб келса сўнгра у мағфират қилинмасидан олдин Рамазон ойи охирига етиб бўлган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин)”, деганлар. Дарҳақиқат, Рамазон — ибодат, раҳмат, мағфират ойидир. Рамазон ойи руҳ ва қалб, шахс ва жамият учун тақво ва ҳимоядир. Рамазон ойи саломатлик, тинчлик, осойишталик, биродарлик, ҳамжиҳатлик ва камолот ойидир. Рамазон ойи еб-ичишдан вақтинча йироқ бўлган неъматларининг қадрига етиши, уларни берган Аллоҳга шукр қилиш бурчини эслашдир. Рамазон ойи ёмонликларга чек қўйиш учун фурсатдир. Рамазон ойи тоат, ҳасанот, Аллоҳ таолога яқин бўлиш, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилган, шайтонлар боғланган, жамиятда жиноятчилик камайган тинчлик давридир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, унинг аввалги гуноҳи кечирилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Нақшбандий тариқати олими ва муршиди Имом Раббоний айтадилар:

“Муборак Рамазон ойи жуда мўътабардир. Бу ойда қилинган нафл намоз, зикр, садақа ва барча нафл ибодатларга бериладиган савоблар бошқа ойлардаги фарз намозлари кабидир. Бу ойда ўқилган бир фарз бошқа ойларда ўқилган этмиш фарз кабидир. Бу ойда рўзадорга ифторлик қилган кишининг гуноҳлари кечирилади. У дўзахдан озод бўлади. Бу ҳам ўша рўзадорнинг савобичалик савоб олади. Ўша рўзадорнинг ажри ҳеч қачон камаймайди.

Бу ойда қўл остидагиларнинг ишини енгиллаштирувчи, ибодатларини осонлаштирган бошлиқлар ҳам мағфират қилинади. Рамазон ойида Расулуллоҳ асирларни озод қилиб, хоҳлаган нарсаларини берардилар”.

Дарҳақиқат, ғанимат дамларда эътиборли бўлиб, гуноҳлардан узоқлашиб, тоат, ибодат ва савоб амалларни қилиш лозим. 

Шунингдек, ҳадисда “Унинг ҳузурида ота онаси ёки икковидан бири кексаликка етиб, иккови уни жаннатга кирита олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин)”, дейилмоқда. Бундан ота-она катта ёшга етганида уларнинг хизматини қилиш, розилигини олиш алоҳида аҳамият касб этиши чиқади. Албатта, ҳар қандай қарияни ҳам қарилиги учун ҳурмат қилинади.

Аммо қари ота-онани ҳам қарилиги учун, ҳам ота-оналиги учун эҳтиром қилиш керак бўлади. Ота-онаси ёки улардан бири қариб, катта ёшга етсалар уларни рози қилиш билан жаннатга кириш имкони очилар экан. Кимки ўша зўр фурсатдан вақтида фойдаланмаса, бурни ерга ишқалган билан баробар бўлар экан.

Она ва ота – дунёга келишимизга хизмат қилган икки бетакрор инсон. Улар – Аллоҳнинг изни билан ҳаётларини бирлаштириб, бизни ҳам маънан ҳам жисмонан баркамол бўлиб етишишимизни ўз бўйнидаги қарзи деб билган ҳамда бунинг учун ҳар қандай қийинчиликларга чидаган икки улуғ зотдир. Фарзандларининг бахтидан хурсанд, ғам-ғуссасидан ғамгин ҳар қандай эҳтиёжимизда ёнимизда бўлган ота-оналар, кун келиб қариганда, катта бўлган фарзандларининг, меҳр ва эътиборига муҳтож бўлиб қолишларини кутадилар. Ана шундай нозик бир даврда Аллоҳ сўзсиз ижобат бўладиган дуолардан бири бўлган ота-онанинг дуоси ва розилигига эришиш фарзандлар учун энг қимматли ютуқдир.

Шунинг учун ота-онани ҳар доим ҳурмат қилиш билан бирга, уларга қариган чоғларида алоҳида эҳтиром кўрсатмоқ лозим бўлар экан. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги лозим.

Мазкур ҳадиси шарифда буюрилган икки гўзал амал яъни сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ саловот ва салом айтиш ҳамда ота-она дуосини олишни бугунги муборак Рамазон ойида янада кўпроқ амалга оширсак нур устига аъло нур бўлади.

   

Музаффархон Жониев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи 

 

Izoh qoldirish