Сунани Термизийнинг асл номланиши
Имом Абу Исо Термизийнинг “Сунани Термизий” китобининг номланишидаги хатолик ва унитилишлар, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ китобларининг номланишидаги хатолардан кам эмас. Бу асарнинг кўплаб қўлёзма ва тошбосма нусхалари дунёнинг Миср, Сурия, Ҳиндистон каби шаҳарларида учрайди. Аммо уларнинг аксариятида муаллифи Имом Абу Исо Термизий берган машҳур ном учрамайди. Бу асарнинг тўлиқ номини исботлаш, икки саҳиҳ асардан ҳам аҳамиятлироқ кўринади. Зеро бу икки саҳиҳ асар ўзининг шуҳрати ва саҳиҳ ҳадисларни жамлаганлиги жиҳатидан асл номлари унитилган эди. Лекин бу икки саҳиҳ асарнинг асл номининг унитилиши “Жомиъ ат-Термизий” асари каби таъсирли ва ачинарли эмас. Негаки бу асар ёзилишида асос бўлмаган мазмунига зид келадиган номланиш, баъзи матбуотларда, хусусан Қоҳирада кейинчалик Байрутда чоп этилган “Саҳиҳ ат-Термизий бишарҳил имом Ал-Арабий”[1] китобида яққол кўринади. Бу айнан хатодир. Чунки Имом Термизийнинг асари “саҳиҳ” деб номланмаган.
Ислом оламида таниқли бўлган йигирманчи асрнинг машҳур алломаси шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда (1917-1997), Қуръон ва ҳадис борасида ёзилган кўплаб асарлар муаллифи бўлиб, машҳур “Сиҳоҳи ситта” асарлари устида ҳам илмий изланишлар олиб борган. У ўзининг илмий изланишларида “Саҳиҳи Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим” ва “Сунани Термизий” каби асарларнинг муаллифлари томонидан қўйилган асл номи ҳақида баҳс юритиб, нашр қилинган мазкур асарларнинг номланишида жиддий хатоликлар борлигини пайқаган. Аллома дунё кутубхоналарида сақланаётган қадимий қўлёзма асарларга мурожаат қилиб, мазкур китобларнинг муаллифи томонидан қўйилган асл номини тиклашга киришган. Олиб борган самарали тадқиқот ишларини “Исмус саҳиҳайн ва Жомиъ ат-Термизий” номли асарида жамлаган.
Тадқиқот олиб борилган асарлари ичида “Сунани Термизий” китобининг бугунги кундаги айрим матбааларда нашрдан чиққан номланиши, энг хатоли ва энг ачинарлиси экани алоҳида таъкидлаган.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ушбу асарида турли даврларда Имом Термизий ва унинг машҳур асари “Сунани Термизий” шарҳини ёзган алломалар, Имом Термизийни таржимаи ҳолини баён қилган тарих ва табақот олимлари, ҳамда ўз асарларида “Сунани Термизий”га таъриф берган алломаларнинг китобнинг номини ёзишда, жиддий хатоликларга йўл қуйганини, бирма-бир санаб ўтган.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ушбу илмий изланишида кўплаб замондош ва ўтмишдаги алломаларнинг “Сиҳоҳи ситта” борасида ёзиб қолдирган асарларини кўздан кечириб, улар йўл қўйган баъзи жузъий хатоликлари ҳақида эътироз билдиради. Ҳеч қайси бир алломани бу масалада жиддий айбламайди. Олиб бораётган илмий тадқиқотининг ягона мақсади саҳиҳ асарларнинг асл муаллифи қўйган номини қайта тиклаш эканлигини таъкидлайди.
У тилга олган алломалардан бири шайх, аллома Аҳмад Шокир (1892-1958) бўлиб, у “Сунани Термизий” асарини шарҳини ёзган ва китоб муқовасига “Жомиъ ас-саҳиҳ”[2] деб, ёзиб қўйгандир. Ваҳоланки бу асар “Сунани Термизий” деб номланади. Асарнинг иккинчи номланиши “Сунани Термизий” бўлиб, маъно ва мазмуни жиҳатидан ҳеч қандай монеълик йўқ. Чунки баъзи манбалар ва фиҳристларда шу ном билан келган. Имом Ибн Атия Андалусийнинг (1089-1147) “Фиҳристу Ибн Атия” асарида ҳам шундай номланган.
Аксарият ҳолларда бу асар учта “Сунан” асарларнинг бири сифатида зикр қилинганлиги сабаб, шу ном билан шуҳрат қозонган. “Кашф уз-зунун” муаллифи Ҳожи Халифа ҳам бунга ишора қилган. Аммо китобнинг номланишларидан бири “Жомиъус-саҳиҳ” бўлиб, буни қанчалик тўғрилигини исботлаш лозим.
Муҳаддис ва ровийлар таржимаи ҳолини битган машҳур алломалардан ҳисобланган имом Ҳоким (933-1015) ҳам бу асарни “Жомиъус-саҳиҳ” ва Хатиб Бағдодий (1002-1071) ҳам “Саҳиҳ” деб енгил ном берганлар. Уларга эргашган ҳофиз Ибн Салоҳ (1181-1245) ҳам ўз муқаддимасида улардан ҳикоя қилиб: “Иккинчи жуз ҳасан ҳадис...” иборасини қўллайди. Улар китобни бундай номлаш билан “саҳиҳ” ва “ҳасан” ҳадислардан ташқари “заиф” ва “мункар” ҳадислар борлигини очиқламайдилар.
Қолаверса, Имом Заҳабий (1274-1348) ўзининг “Сияру аълом ан-нубало”[3] асари, Имом Термизий таржимаи ҳолида: “Унинг “Ал-Жомиъ” асарида манфаатли илм, жуда кўп фойдалар бор. Кўплаб масалалар ечими, Ислом усулларидан бири, гарчи асоссиз ҳадислари бўлмасада баъзилари мавзуъ, кўпроғи фазоил ҳақида” дейди. Ва яна: “Жомиъ ат-Термизийнинг рутбаси Абу Довуд ва Насоий “Сунан”идан қуйироқдир, Маслуб ва Калбий кабилардан ривоят олганлиги боис” дейди. Имом Суютий эса ўзининг “Тадриб ар-ровий”[4] асарида “Ҳасан ҳадислар” хусусида сўз юритиб: “Жомиъ ат-Термизий”ни “саҳиҳ” лафзи билан сифатлаш тўғри эмасдир, уни исботлаб бўлмайди” деган. Мазкур уламолар нафақат китоб номланиши ҳақида ҳаттоки, асар тавсифи хусусида ҳам янглиш фикр билдирганлар.
Ҳофиз Абулқосим Исъардий (ваф.1293), “Фазоилул китобил-жомиъи ли Аби Ийсо Термизий” асарида китоб номини “Ал-Муснад ал-жомиъ” деб атаган. Ҳар ҳолда бу ҳақиқатга яқинроқ. Исъардий китоб номини тўлиқ келтирмаган бўлсада, асл номланишдаги “муснад” ва “жомиъ” сифатлари учрайди.
Сиҳоҳи ситта муалифлари ва уларнинг асарларини ишонарли тарзда ёритиб берган аллома, Ҳофиз Ибн Хайр Ишбилий Андалусий (1108-1179) ўзининг “Фиҳристу мо равоҳу ан шуюхиҳи” асарида китоб номини: “Алжомиъ ал-мухтасару минас-сунани ан Расулиллаҳи ва маърифатус-саҳиҳи вал-маълули ва ма алайҳил-амалу” (Маъноси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларидан саҳиҳ ва иллатли ҳадисларни билиш ва унга амал қилиш борасидаги жомиъ (жамланган) ва мухтасар (ихчам) китоб.) деб ёзган.
Айнан мана шу номланиш китоб мазмунига мувофиқ келади. Бундай номланишни шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда иккита қадимий қўлёзма нусха муқовасида ёзилганлигини кўрганини таъкидлайди. Бири 1086 йилдан аввал, ҳофиз Ибн Хайр туғилишидан йигирма йилча аввал, у 1108 йилда туғилган, иккинчиси 1186 йил ёзилган.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда тадқиқоти давомида нафақат ўтмишда ўтган алломаларнинг “Сунани Термизий”га нисбатан йўл қўйган нуқсон ва хатоларини, балки кейинги асрларда Имом Термизий асарлари устида ишлаган алломаларнинг ижодидаги камчиликларни ҳам танқид остига олади.
“Сунани Термизий” устида иш олиб борган кейинги асрдош уламолар, “Кавкабуд-дуррию ала жомиъит-Термизий” асарининг муаллифи, Муҳаммад Яҳё Кандеҳлавий, “Туҳфатул-Аҳвазий” номли асарнинг муаллифи, шайх Абдураҳмон Муборакфурий (ваф.1935), “Жомиъ ат-Термизий” китобининг матнини тадқиқ қилган аллома, Аҳмад Шокир (1892-1958), “Маорифус-сунан” асарининг муаллифи Муҳаммад Юсуф Баннурий (1908-1977), имом Ибн Саййидуннос асари “Нафҳуш-шазий”ни тадқиқ қилган шайх Аҳмад Маъбад (туғ. 1939), унинг бу асарга ёзган ажоиб муқаддимаси илмийлиги ва узунлиги сабаб, бир китоб бўлади, бу муҳтарам устозларнинг бирортаси “Жомиъ ат-Термизий”нинг асл номини бир марта ҳам асарларида ёзишмаган.
Энг қизиғи шундаки, Имом Термизийнинг “Жомиъ ас-сунан” асарининг хос тадқиқотчиси бўлган фазилатли устоз Шайх Нуриддин Итр (1937-2020) ўзининг “Ал-Имом ат-Термизий вал мувозанату байна жомиъиҳи вас-саҳиҳайн” асарида ҳам китобнинг асл номини зикр қилмаган. Ваҳоланки китобининг 44 бетида асарнинг қисқача номларини эслаб ўтади, худди ёдларидан кўтарилгандек асл номини бир марта ҳам эсламайди. Ваҳоланки ул зот қадимий қўлёзма нусхаларни тадқиқ қилган, Имом Термизий китобининг тадқиқотчиси ҳисобланади.
Шунингдек, “Жомиъ ат-Термизий” китобининг номланишига эътибор бермаган уламолардан бири устоз, доктор Акрам Умарий (1942) бўлиб, у 1991йил Қатардаги Суннат ва сийрат тадқиқот маркази журналида “Имом Термизийнинг илмий мероси”[5] номли йирик мақоласини чиқартирди. Кейинчалик 1992 йил ўзининг муаллифлигида “Имом Термизийнинг илмий асарлари” номи билан алоҳида бир рисола чоп эттирди. У мазкур мақола ва рисоласида “Жомиъ ат-Термизий” китобининг асл номланишини бирор марта зикр қилмаган, балки такрор-такрор “Жомиъ ас-саҳиҳ” деб қисқача номлаган. Устоз мақоласида турли кутубхоналарда сақланаётган “Сунани Термизий” китобининг қадимий қўлёзмалари ҳақида тўхталиб ўтади. Агар тадқиқот асносида бироз мулоҳаза қилинса эди, бу китоб номланишидан ҳам шубҳасиз яхши маълумотларни юзага чиқарса бўларди.
Бунга ўхшаш воқеалар шайх Носириддин Албонийнинг (1914-1999) Имом Термизийнинг китобларини “Бўлакларга бўлганида” ҳам содир бўлган. У китоб номланиши мавзусига киришиб “узоқ изланиш” олиб боради ва аввал бошда (бемақсад) қандай кирган бўлса, шундай чиқиб кетади.
Устоз шайхларимиз шайхи, Имом Муҳаммад ибн Жаъфар Китоний ҳам ўзининг “Ар-Рисолатул-мустатарафату ли баёни машҳурил-кутубис-суннатил-мушаррафати” деб, номланган фойдали асарида “Жомиъ ат-Термизий”нинг асл номланишига эътибор қаратмаган. Ундан аввалроқ ўтган аллома Ҳожи Халифа (1596-1657) ҳам ўзининг “Кашф уз-зунун ан асомил-кутуби вал фунун” деб номланган буюк асарида ҳам, Имом Термизий китобининг асл номини эътиборсиз қолдирган.
Ҳаттоки Имом Термизийнинг таржимаи ҳолини ёзган тарих ва сияр уламолари, ҳофиз Миззий, ўзининг “Таҳзиб ал-камол”[6] асарида, имом Заҳабий, ўзининг “Сияру аълом ан-нубало” асарида, ҳофиз Ибн Ҳажар, ўзининг “Таҳзиб ат-таҳзиб” асарида ҳам Имом Термизийнинг буюк асари эътирофида, унинг асл номланишига эътибор қаратишмаган. Бу ҳолат китоб номини ноаниқлаштиради. Балки улар китоб номланиши узун бўлганлиги боис уни қисқароқ шаклда атагандирлар. Бундай ҳолатлар китоб ичидан нақл қилганда кўп такрорлангани жиҳатидан узр саналиши мумкин. Аммо айнан китобнинг ўзи ҳақида маълумот бериб туриб ҳам унинг номини тўлиқ айтмаслик узрли ҳисобланмайди. Асарни айнан китоб муаллифи қўйган ном билан тўлиқ аташ, унинг мақсади ва манҳажини очиқ-ойдин кўрсатиб беради.
Изланишлар натижасида Имом Абу Исо Термизий ўзининг “Сунан” асарини қандай номлагани маълум бўлди. Китобнинг асл исми муаллифи томонидан: “Ал-Жомиъ ал-мухтасару минас-сунани ан Расулиллаҳи ва маърифатус-саҳиҳи вал-маълули ва ма алайҳил-амалу”, деб номланган.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда “Сунани Термизий” номини тиклаш мақсадида уни бир неча қадимий қўлёзма нусхалар орасидан қидиради. Нусхалар ичидан иккита қадимий нусхага дуч келиб қолади. У нусхаларда китоб номи айнан ўзи излаб топганидек зикр қилгандек эди.
Имом Абу Ийсо Термизийнинг “Жомиъ ат-Термизий” асарини қўлёзма нусхалари кўплаб нусхаларда дунёнинг турли бурчакларига тарқаган бўлиб, кутубхоналарда сақланиб келмоқда. Лекин бу нусхаларда муаллифнинг ўзи қўйган тўлиқ номланиш кам учрайди. Аксарият нусхаларда китобнинг номи қисқача: “Ал-Жомиъу лил имом ат-Термизий” ёки “Жомиъ ат-Термизий” каби номлар билан тарқалган.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда изланишлари асносида тасодифан “Жомиъут-Термизий”нинг иккита қадимий қўлёзма нусхаларига дуч келади. Бу нусхаларда китоб номи камчиликларсиз тўлиқ ёзилган эди. Айнан шундай тўлиқ номланиш имом, ҳофиз, муҳаддис Абу Бакр Муҳаммад ибн Хайр Ишбилийнинг “Фиҳристу ма равоҳу ан шуюхиҳи” асарида зикр қилинган. Ундаги тўлиқ номланиш қуйидагичадир: “Ал-Жомиъ ал-мухтасару минас-сунани ан Расулиллаҳи ва маърифатус-саҳиҳи вал-маълули ва ма алайҳил-амалу”.
Мазкур қўлёзма нусхаларнинг биринчиси санадига тўхталадиган бўлсак, уни Довуд ибн Муҳаммад Масжидул ҳаромда, Абулқосим Абдураҳмон ибн Ҳасан Шофиъийдан, у Абу Бакр Аҳмад ибн Иброҳим Марвазийдан, у Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийдан, у Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазийдан, у Абу Исо Термизийдан ривоят қилган.
Мазкур қўлёзманинг иккинчиси Истанбулда Файзуллоҳ Афанди кутубхонасида 344 рақам остида сақланади. Нусха бир жилдда бўлиб, тўлиқ нусха ҳисобланади. У 267 саҳифадан иборат бўлиб, очиқ мағрибий хати билан битилган. Нусха 582 ҳижрий йил шаввол ойида /1186 милодий йил ёзиб тугатилган бўлиб, котибнинг исми зикр қилинмаган. Китобнинг номи битилган биринчи саҳифанинг ҳошиясида, юқоридан чап томонда мулк эгаси Файзуллоҳ Афандининг ўзи қуйидагича ёзган: “Усмонийлар олий салтанатининг муфтийси фақир, саййид Файзуллоҳ Афандийнинг китобларидан биридир”.
Айнан шу нусханинг юзида мана бу ибора битилган: “Ал-Китоб ул-жомиъ ул-мухтасару минас-сунани ан Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллама ва маърифатус-саҳиҳи вал-маълули ва ма алайҳил-амалу”. Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг ёзган китоби.
Мазкур қўлёзма нусхалардаги очиқ ва равшан номланиш, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг китобини манҳажини аниқ ифодалаб беради. Шунингдек муаллифнинг китоб ёзилишидаги ҳадис ва фиқҳга оид мақсадларини ҳам очиб беради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Имом Термизий бу китобни ёзишда асосан ҳадисларнинг саҳиҳ ва иллатлиси, яъни заиф ҳадисларни баён қилишни мақсад қилган. Китобнинг кўплаб бобларида бу икки турдаги ҳадислар ҳукмини жамлашга ҳаракат қилган. Шунингдек заиф ҳадислардан ҳам фойда олиш мумкинлигини баён қилган. Унинг китобидаги айнан шу фазилатли жиҳатларни ҳисобга олсак, уни фиқҳий ёндашган дейиш мумкин. Балки у ҳадислар ҳукмини исбот қилишда ҳам муҳаддис ҳам фақиҳ ўлароқ ёндашган. Ҳар бир муаллиф, китоб тасниф қилгандан кейин, унинг ичидаги барча мазмун-моҳияти, асарнинг ўзига хослиги, китобнинг номида акс этилишини хоҳлайди. Имом Абу Исо Термизий машҳур асарига берган ном, унинг ичидаги мазмун-моҳиятини тўлиқ ифодалаб беради.
Умарали Ўлжаев - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Асар муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ибнул Арабий Моликий 434 ҳижрий йилда туғилган.
Аҳмад Шокир. Шарҳу Сунани Термизий. 90-91 бет. [2]
Сияру аълому ан-нубало. 13 жузъ 274 бет. [3] Заҳабий
Суютий. Тадриб ур-ровий. [4]
[5]Акрам Умарий Имом Термизийнинг илмий мероси. Суннат ва сийрат тадқиқот маркази журнали бешинчи сон, 131-163 бет.
[6] Миззий. Таҳзибул камол. Жилд 26 бет 252.
Izoh qoldirish