СУЛТОН САОДАТ
Султон Саодат мажмуаси – Термиз шаҳрида жойлашган. Мусулмон Шарқида пайғамбарнинг авлодлари (“аҳл ул-байт”, яъни саййидлар) дахмаси сифатида танилган. Улар пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг қизлари Фотима ва халифа Али никоҳидан туғилган Имом Ҳусайннинг авлодларидир. Мажмуада X-XVII асрлар мобайнида Термиз саййидларининг оила вакиллари дафн этилган. “Саййид” сўзи араб тилида “жаноб” деган маънони англатади, шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.)нинг неваралари Ҳасан авлоди “шариф” ва Ҳусайн авлоди “саййид” унвонлари билан юритилган. Саййидлар Яқин Шарқ ва Мағриб ўлкаларида кўпроқ ашраф номлари билан машҳур бўлишган.
Тадқиқотчиларнинг изланишларига кўра, Ҳасан ал-Амир[1] 850 йилда ўз яқинлари билан Самарқандга келиб, ўн бир йил яшаган. Кейин Балхга кўчиб, тахминан 865 йилларда Термизга келгач, шу ерда бутунлай ўрнашиб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳам Термиз саййидлари хонадонининг нуфузи юқори бўлган. Улардан Абу-л-Маали ва Али Акбарлар Соҳибқироннинг ҳарбий юришларида қатнашган[2]. Амир Темур Ҳиндистонга қилган юришларида Термиз саййидлари хонадонида тўхтаб, уларнинг меҳмони бўлган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбар авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эга табаррук жой саналади.
Бў ўзига хос ёдгорлик мажмуаси меморий нуқтаи назардан бир неча асрлар давомида шаклланган. Бинонинг бошланиши, алоҳида мақбараларда ишлатилган ғиштларнинг нақшларига қўра, Х асрга бориб тақалади. Мажмуа дастлаб Х асрда қурилган айвон туридаги равоқли қурилма[3]га эга масжид, дарвозахонадан иборат бўлган. Сўнгра XIV-XVII асрларда мақбара, хонақоҳ ва бошқа жами ўн олтита хўжалик бинолари қурилган. Бундан маълум бўладики, Султон Саодат мажмуасининг шаклланиши икки даврни ўз ичига олган.
Султон Саодот мақбараси нақшинкор пишиқ ғиштдан терилган бўлиб, девор қисми ўзига хос янги унсурлар билан бойитилган геометрик шаклда безатилган. Мақбаранинг олд томони шарққа қаратилган бўлиб, турли шаклдаги ғиштлар билан ишланган. Юқори қисмининг икки қатори кенг гумбазли бўлиб, кичик ўрта гумбаз қисми кириш пештоқига уланган. Мақбаралар пештоқ ва гумбазли чорсу хоналар (9х9, 0,5 м ва 10м, 15х10,25 м) дан иборат. Шимоли ғарбидаги мақбаранинг қурилма ва безаклари оддий ғишт (27х27х5 см) дан жуфт-жуфт ҳолда терилиб, мавжли безак ҳосил қилинган ҳамда ички хона девораларига ҳошияли бўртма равоқлар ишланган. XIV асрда икки мақбарани боғловчи равоқ қурилиб, унинг ташқи томони кесма ҳаворанг ғиштчалар билан безатилган. Шу даврда Термиз саййидларининг бошқа даҳмалари ҳам барпо этилиб, уларнинг аксариятига пуштиранг буёқ берилган ва гумбазига айланма зинапоя ишланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 6 апрелда Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилиб, муқаддас қадамжо улкан маънавий мерос ва табаррук маскан эканини қайд этиб, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш, мажмуа ҳудудини археологик ўрганиш асосида ободонлаштириб, Имом Бухорий, Имом Термизий мақбараларидек катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш таклфини киритган.
Анвар Жураев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази халқаро алоқалар ва зиёрат туризмини ривожлартиш бўлими кичик илмий ходими
Izoh qoldirish