29.03.2023

РЎЗАГА ДОИР БИР ҲАДИС ШАРҲИ

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ ‏ "‏ مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ بِأَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ" 

( رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг егулик ва ичгуликни тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Ибодатнинг маънавий қийматини оширадиган асосий сабаб уларнинг ихлосидир. Яъни, фақат Аллоҳ учунгина ибодат қилиш. Бошқа ибодатлар – намоз, закот ва ҳажда кўз-кўз қилиш ва риёкорлик хавфи каттароқдир. Чунки уларнинг кўзга кўринган томонлари кўпроқ. Рўза тўлиқ банда билан Аллоҳ ўртасидадир. Бирор кишининг рўза тутиши ҳар доим ҳам сезилмайди. Демак, рўза ихлос унсури устун бўлган ибодат туридир. Динимизда эътиқод, ибодат ва ахлоқий тамойилларга бир бутун сифатида қаралади. Агар қай бирида камчилик ёки нуқсон бўлса, диндан кутилган мақсад амалга ошмайди. Рўза ҳам шундай. Рўза фақат еб-ичишдан воз кечиш билан мукаммал бўлмайди.

Мазкур ҳадисда келтирилган (قَوْلَ الزُّورِ) “ёлғон гапириш”дан мурод нафақат ёлғон гапириш балки, ғийбат, сохталик, ёлғон гувоҳлик бериш, туҳмат каби динимиз ҳаром қилган амаллардир. Ҳадиси шарфнинг давомидаги (وَالْعَمَلَ بِهِ) “унга амал қилиш” эса мазкур хунук амаллар қилиш яъни сўзларни гапиришдир. Ушбу ҳадисдаги икки жумладан маълум бўладики, рўзадор одам ёлғон гапириш, ғийбат, ёлғон гувоҳлик бериш, туҳмат каби динимиз ҳаром қилган амаллардан бирортасини ҳам қилмаслиги билан бирга мазкур амаллар қилинаётган жойдан ҳам узоқроқ бўлиши лозим. 

“Унинг егулик ва ичгуликни тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ” (فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ بِأَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ) – бунинг маъноси – рўзани тўхтатиши керак дегани эмас. Аксинча, бу дегани ёлғон ва у билан бирга зикр қилинган нарсалардан сақланишдир. Бу эса рўзанинг қабул бўлмаслигига бир киноядир. Ҳадиси шарифда рўзадорни ёлғон, ғийбат, туҳмат каби ёмон амаллардан узоқ бўлиши кераклиги ҳамда кимда-ким ушбу амалларни қилса унинг рўзасига путур етишидан огоҳлантирилмоқда.

Уламолар ушбу ҳадис шарҳида ким ҳадисда зикр қилинган ишларни қилса, тутган рўзасининг савобини ололмайди, дейишган. Мазкур гуноҳ амаллар рўзага зарар беради ва  савобини камайтиради. Агар гуноҳлар кўпайса, рўзанинг савоби бутунлай йўқолади ва банданинг фақатгина кун давомида оч юргани қолади холос.

 Шу сабабли банда бу хунук одатларни тарк этмагунича нафси билан курашда давом этиши керак. Ҳар бир гуноҳ учун тавба қилиши ва истиғфор айтиши лозим. Зеро, гуноҳдан тавба қилган киши гуноҳсиз одамга ўхшайди.

Аллоҳ таоло ўзи яхши кўрган ва рози бўлган амалларимизни бардавом қилсин.

Музаффархон Жониев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи 

 

Izoh qoldirish