17.05.2024

НЕГА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДАГИ НАМОЗХОНЛАРНИНГ АКСАРИЯТИ “ИШОРАИ САББОБА”  АМАЛИНИ БАЖАРИШМАЙДИ?

«Ишораи саббоба» деб ташаҳҳуддаги «ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу» жумласининг «лаа илааҳа» деган жойида ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғини юқорига кўтаришга айтилади.  Кўрсаткич бармоқ араб тилида «саббоба» дейилади. Мазкур ишора ушбу бармоқ билан бажарилгани учун «ишораи саббоба» деб номланган. Ишораи саббоба кўпчилик уламоларнинг наздида суннат ҳисобланади. Чунки, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар.  Ибн Можжа Нумайр Хузоийдан ривоят қиладилар: Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини сонларини устига қўйиб, бармоқлари билан ишора қилганларини кўрдим”, – деди.

Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар, ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига, чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб бош (кўрсаткич) бармоқларини кўтариб дуо қилардилар, чап қўллари тиззаларини устида турар  эди”. 

Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар, икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, – дердилар.

Алийюл қори “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўъмин бандани  адаштириши,  ширкка олиб боришдан бўлган  умидини кесади”. 

Имом Суютий “Жомеул кабир” китобларида Уқба ибр Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, – дедилар.

Намоз комил бўлиши ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мени намоз ўқиётганимни кўрганларингдек намоз ўқинглар”, – деган  сўзларига мувофиқ ташаҳҳудда “Ла илаҳа”да кўтариб “Иллаллоҳ”да тушириб ишора қилиш суннат саналади.

Ишора қилиб бўлгандан кейин қўл бармоқлари ёзиб юборилмайди, балки намознинг охиригача ўз ҳолатида қолади.

Ишора қилаётганда бармоқни қимирлатмайди, ушбу мазмунда келган ҳадисларнинг санадини Имом Суютий ва Али Қори заиф деб келтирдилар.  Ишора қибла тарафга бўлади. Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқлари билан ишора қилардилар. Бармоқларни эса қимирлатмас эдилар”. Ушбу ҳадиснинг  санадини Имом Набавий саҳиҳ деганлар. Бу бармоқни фақатгина бир марта кўтариб бошқа ҳаракатлантирмасликка далолат қилади. Али ибн Абдураҳмон Муовийдан ривоят қилинади: “Мени Абдуллоҳ ибн Умар намозда тош ўйнаб ўтирганимни кўрди. Намозни ўқиб бўлганимдан сўнг мени бундан қайтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларини қилгин деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай  қилганлар, – дедим. Айтдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўлтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонларининг устига, чап кафтларини чап сонларининг устига қўйиб, ҳамма бармоқларини букиб кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилардилар, чап кафтларини чап сонларининг устига қўяр эдилар”, – деди.

Ҳанафийларда ишора қилишнинг икки усули айтилган:
1) Бизнинг мазҳабимизда ишорати саббоба хинсир ва бинсир (жимжилоқ, яъни, энг кичик ва сўфи, яъни, тўртинчи, уни номсиз ҳам дейилади) бармоқларни букиб (ъақд), вусто ва ибҳом (ўрта ва бош) бармоқлари айлантирилиб, яъни доира қилиниб (ҳалқа) саббоба, яъни кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинади. Бу асосий фатво берилган қавлга кўрадир. Бу ҳолат ҳадиси шарифларда “тўқсон сонининг кўрсаткичи” деб қайд этилган. Бу хилда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган амалларини Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ривоятида Имом Муслим келтирган. Ҳанафийларнинг ихтиёр қилганлари мана шу. Имом Аҳмаддан бир ривоят ҳам ва Имом Шофеъийнинг қадимги қавли ҳам шунга мувофиқ бўлган.
2) Баъзи уламоларимиз ишорани мутлақо таҳлиқ (ҳалқа)сиз ва ъақдсиз, дейишган. Сабаби ишоранинг суннатлигини ҳосил қилиш ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Намозда сокин бўлинглар!” амрига амал қилиш бўлади. Имом Термизий Абу Ҳумайд ас-Соъидийдан ривоят қилган ҳадисида ишораи саббоба ъақд ва қабзсиз келтирилган.

Бу ривоят ҳанафийларнинг мўътабар китобларидан “Дурар ул-биҳор” ва унинг шарҳи “Ғурар ул-азкор” ҳамда “Шурунбул олиййа”да “Бурҳон” деган китобдан олиб келтирилган. “Мавоҳиб ур-Раҳмон”да ҳам шу гап бор. Аммо, буни “Радд ул-муҳтор” соҳиби рад қилган, яъни унинг қайд этишича, таҳлиқ (ҳалқа)сиз ва ъақдсиз ишора қилиш ривоят ва мазҳаб қарашларида умуман йўқдир. Ишорати саббобани бизнинг юртларда кўпчилик қилмайди. Баъзилар сўнги вақтларда айрим аҳли илмларга эргашиб қила бошладилар. Орада ҳар хил ихтилофлар ҳам чиқди. Аслида, замонамиз мужаддидларидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф салламаҳуллоҳ ушбу маънода сўралган саволга жавобларида айтганларидек бўлиши керак: “Ким намоз ўқишни ўрганаётганида устози унга ишораи саббобани ўргатган бўлса, қилсин ва ишораи саббоба қилмаётганлар билан талашиб тортишмасин, уруш-жанжал қилмасин. Ким намозни ўрганаётган пайтида устози унга ишораи саббобани ўргатмаган бўлса, қилмасин, аммо ўша ишорани қилаётганлар билан талашиб-тортишмасин, жанжал қилмасин”. Юртимизда кўпчиликнинг ишораи саббобани қилмаслиги уни ўз ўрнида кўтара олмаслик хавфидан қўрқиши сабабидандир. Ва яна бир сабаби ёнидаги янги намозхон ҳам уни кўриб пала партиш  кўра бошлайди. Шу сабабдан бизнинг ханафий кишиларимизнинг аксарияти ишораи саббобани қилишмайди, деб хулоса қилиш мумкин.

 Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish