УСТОЗЛАРГА ОҚ БЎЛИШДАН САҚЛАНИНГ
Устозларга оқ бўлиш масаласи жуда жиддий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, баъзи олимлар “Устозларга оқ бўлиш ота-оналарга оқ бўлишдан ёмонроқдир”, – дейишган. “Оқ бўлибди” сўзи изоҳи борасида тўхталсак, бу сўз арабча бўлиб, луғатда «ёриш» ва «кесиш» маъноларини билдиради ҳамда озор бериш, осий бўлиш ва қарши чиқиш маъноларини ифода қилади.
Бир сўз билан айтганда, «оқ» сўзи «бирр» сўзининг тескарисидир. Шундай экан устозларни ҳурмат қилиш динимизнинг муҳим кўрсатмаларидан саналади. Зеро, олим кишиларни қадрлаш ва эъзозлаш толиби илмларнинг бурчларидир. Дарҳақиқат, бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : «العلماءُ أمناءُ اللهِ على خلقِهِ». رواه السيوطي
«Олимлар Аллоҳнинг ишончли ва омонатдор бандаларидирлар». (Суютий ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга кишиларга илм берадиган уламоларни шу даражада улуғ мақомга қўймаганлар. Холбуки, у зот инсониятни тўғри йўлга етаклайдиган уламоларнинг йўлбошчиси ҳисобланадилар.
Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида ҳам илм берилган олимларнинг қадрини улуғловчи оятлар жой олган. Хусусан, Мужодала сурасида шундай дейилади:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир». (Мужодала сураси, 11 оят).
Бугунги кунда баъзи ёшлар орасида илм олган устозини менсимаслик, қарши чиқиш каби ёмон иллатлар учраб турибди. Бу эса ўз навбатида устозни ранжитади ҳамда шогирдининг устозига оқ бўлиш ҳолатини келтириб чиқаради. Аслида устозининг хизматини қилиб, уни эъзозлаган шогирд ҳеч қачон кам бўлмайди. Зеро, динимизда ҳам устоз ва ёши улуғ кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, баракотли дуоларини олишга буюрилган.
Маҳмуд Нормуродов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish