23.07.2024

РУДАКИЙНИНГ ҲАЁТ ФАОЛИЯТИ ВА МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

Таълим ва тарбия ҳар доим инсониятнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб, ҳозирги кунга қадар уни амалга оширишнинг шакл, метод ва воситалари мутафаккир ва тадқиқотчилар томонидан турлича талқин қилинган. Марказий Осиё халқлари қадим замонлардан бошлаб таълим, тарбия ва шахсни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор билан ёндашганлар. IХ–ХI асрларда шахсни тарбиялаш ва шакллантириш масаласи энг долзарб масалалардан бири эди. Бу даврда яшаган таниқли илм-фан ва адабиёт мутафаккирларининг асарларида таълим ва тарбия масаласи асосий муаммолардан бири сифатида қаралган. Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакий тахминан ҳижрий 243 (860) йилда Самарқанд яқинидаги Панжрудак қишлоғида, деҳқон оиласида туғилди. Бу даврда Мовароуннаҳр Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Сурия билан савдо ва маданий алоқаларни яхши йўлга қўйган эди.

X асрда Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв, Нишопур, Балх, Зарафшон водийсининг юқори қисми ҳунармандчилик, савдо ва маданий марказларга айланган эди. Айниқса, Бухоро шаҳри IХ-Х асрлардаёқ Шарқнинг энг йирик маданий марказларидан бири бўлган. Рудакий алоҳида қобилият соҳиби бўлиб, “саккиз ёшида Қуръонни хатм килиб, қориликка ўтган ва шеър ҳам ижод қила бошлаган. Чиройли овози туфайли ашула айтиш ва уд[1] асбобини чалишга киришиб, бу санъатда маҳорат кўрсатади [1; 67-68]. Ёш истеъдоднинг овозасини эшитган Наср ибн Аҳмад уни Бухорога – сомонийлар саройига даъват этади. Унинг истеъдоди Бухорода нашъу намо топади. Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, устод Рудакий адвор[2] ҳам мусиқа фанида тамом қувватга эга эди... унинг илмлар ва кўп фанлардан тамом воқифлиги бордир. Шеърият турларидан қасида ва маснавийни (хам) яхши айтар эрди. Устод Рудакий хосу авом олдида баланд мартабага эришган” [2; 23]. Наср II ибн Аҳмад Сомоний Рудакийни ўз саройига таклиф этгандан сўнг, унинг ҳаётининг кўп қисми Бухорода ўтди. Унинг кўзи ожиз бўлган. Қадимги манбаларда, унинг онадан кўр туғилганлиги ҳақида нақллар бор. Баъзи олимларнинг фикрича, у саройдан қувилиши олдидан кўзига мил тортиб кўр қилинган. Рудакий қариган чоғида қувғинга учраган, ўз қишлоғига қайтиб фақирликда умр кечирган. У 941 йилда оламдан кўз юмди ва ўз ватанида дафн этилди. Бу жой халқнинг зиёратгоҳига айланди. Рудакийнинг адабий меросидан бизгача минг байт етиб келган (2 қасида, 50 рубоий, шеърлар, достон ва бошқалар). Аммо XII аср шоири Рашид Самарқандийнинг таъкидлашича, бирорта шоир Рудакий сингари кўп асар ёзган эмас. Баъзи олимларнинг фикрича, Рудакий бир миллион уч юз минг мисра шеър ёзган. Муҳаммад Авфийнинг хабар беришича, Рудакий юзта тўплам (дафтар) ёзган.

Ас-Сомонийнинг «Китоб ул-ансаб» асарида келтирилишича, «Рудакийнинг шеърлар тўплами Ажам (араблар яшамайдиган) мамлакатларда машҳур. Айтишларича, Рудакий биринчи бўлиб форс тилида шеър ёзган шоирлардандир», дейилган. Шунинг учун ҳам Наср II ибн Аҳмад Сомоний унинг вазирлари ва ҳарбий бошлиқлари унга қимматбаҳо совғалар берар эдилар. Шу туфайли Рудакий катта бойликка эга бўлган. Аммо у бутун диққат-эътиборини шеъриятга ва фанга қаратган. Рудакий шеърият вазифасини кишилар қалбига таъсир этиш, «сангу-сандон юракларни мум каби юмшатиш» деб билди. Унинг асарларида халқчил ғоялар кучли. Қадимги манбаларда Рудакийнинг «Офтоб даврони», «Ароис ан-нафоис» («Нафис куртаклар») ва «Синбоднома» достонлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.

Рудакийнинг қасидаларидан «Модари ман», «Дар васфи Бухоро» ва «Шикоят аз пири» («қариликдан шикоят») бизгача етиб келган. Рудакийнинг ижодида X асрнинг ижтимоий ҳаёти ўз аксини топган. Унинг ҳамма асарларида халқнинг орзу-умидлари, манфаатлари ифода қилинган.

Рудакийнинг ахлоққа оид асарларида ақл-идрок, хулқ-атвор ва билим асосий ўринни эгаллаган. Мутафаккир билимни ҳамма бойликлардан устун қўяди. Унинг айрим насиҳатлари инсоннинг қандай ҳолатда бахтли бўлиш шароитларини аниқлашга ёрдам беради. Рудакийнинг фикрича, инсоннинг тўла бахтга эга бўлиши учун тўрт нарса керак: соғлиқ, яхши одоб, яхши ном ва ақл. У инсонларни воқеаларнинг ички моҳиятидан унинг ташқи томонини ажрата билишга чақиради. У яхшилик, сахийлик ва улуғворликни тарғиб қилади. Рудакийнинг табиат гўзалликларини ифода этган асарлари жуда жозибалидир. Унинг асарларида Ватанга, халққа муҳаббат мавзуларигина ёритилмай, кенг фалсафий фикрлар ҳам баён этилган. Буюк мутафаккир кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга эканини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Унинг қуйидаги сатрлари диққатга сазовордир:

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун [3; 17]. 

Рудакий ҳаётни устоз деб ҳисоблайди ва ундан таълим олишга ундайди: Ҳар киши олмаса ҳаётдан таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим. Рудакий асарларида инсон ақлу заковатига ишонч кучли. Асарларининг тили, бадиий ифода воситалари содда ва тушунарли қилиб ёзилган.

Илмдан яхшироқ хазина бўлмас,

Қўлингдан келганча тера олсанг бас!

Ўз нафсини мағлуб этолган марддир, 

Ғийбатлардан узоқ кетолган марддир. 

Номард тепиб ўтар йиқилганларни, 

Ожизлар қўлини тутолган марддир [4; 64].

Ушбу мисралардан кўриниб турибдики, Рудакий жасоратни инсоннинг маънавий камолотига ҳисса қўшадиган юксак ахлоқий фазилатлардан бири деб билган. Жасорат инсон иродасини бошқаришда асосий роль ўйнайдиган энг муҳим фазилатдир. Бинобарин, Рудакий ушбу фазилатнинг инсон шахсиятида шаклланишини таъкидлайди.

Рудакийнинг фикрига кўра, инсон онги ва ақл-идроки, илм ва билимларни инсон ҳаёти билан боғлиқ ҳолда ўрганиш маъно ва қадриятга эга бўлади. Мутафаккир ҳаётни инсоннинг қадр-қимматини билишнинг асосий мезони деб билади ва инсон табиатининг намоён бўлишини, унинг маънавий бойишини хатти-ҳаракатларида ва амалларида кўради. Демак, Рудакий ўзининг таълим тизимида одамларни қийин пайтларда тушкунликка тушмасликка ва ҳаётдаги қийинчиликларни кучли ирода билан, айниқса, билим ва донолик билан енгишга чақиради. Рудакийнинг яна бир машҳур қитъасида инсон иродасининг муҳим фазилати бўлган мардоналик фазилати эътироф этилган. У ушбу иродавий фазилатнинг инсон шахсиятида шаклланишини таъкидлайди. Шунинг учун ўз-ўзини бошқариш мардлик белгисидир, дейилган. Муҳтож, носоғлом кишиларга самимийлик, меҳр-оқибат ва ҳурмат қилишни жасорат деб билади. Рудакий мардликни йиқилганга озор беришни раво кўрмасдан, аксинча, унинг қўлидан ушлаб, ёрдамга шошилган кишида кўради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги глобаллашув жараёнида цивилизatsiялар тўқнашуви кучайиб, дунёда кўплаб муаммоларни келтириб чиқишга сабаб бўлган бир даврда миллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш долзарб масалалардан бирига айланди. Миллий қадриятларимизни ўрганиш ва тадқиқ этиш, шу асосда миллий тараққиётнинг шаклланишига эътибор қаратиш муҳимдир. Ҳар қандай халқ ва миллат юксалишининг асосий элементларидан бири бу ўтмишдаги бой тажрибаларни таълим ва тарбия соҳасида қўллашдир.

 

Хажиева Максуда Султановна,

Урганч давлат университети

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абдураҳмон Жомий. Баҳористон (Форсийдан Ш.Шомуҳамедов таржимаси). – Тошкент: 1997.
  2. Давлатшоҳ Самарқандий. Шоирлар бўстони(Форсийдан Б.Аҳмедов таржимаси). – Тошкент: 1981
  3. Марказий Осиё мутафаккирлари. (С.Аъзамхўжаев ва бошқа.) – Тошкент: Yangi nashr. – Тошкент: 2011.
  4. Рудакий ва Бобо Тоҳир шеъриятидан Шоислом Шомуҳаммедов таржималари. – Тошкент: 1994.

 

 

 


 

[1] Уд-тўрт торли қадимий чолғу асбоби, барбаст. Фаробий томонидан унга бешинчи тор қўшилган.

[2] Адв ор – бу ерда: мусиқа асбоби, куй чалиш.

Izoh qoldirish