МИСКИНЛАР ОТАСИ – ЖАЪФАР ИБН АБУ ТОЛИБ (р. а.)
Тахминан 590 йилда Маккада туғилганлар. Ҳазрати Алининг тўлиқ акалари ва ва у кишидан ўн ёш катта эдилар. Абу Толиб фарзандларининг кўплиги сабабли моддий қийинчиликка дучор бўлганида, Ҳазрати Алини Пайғамбаримиз, Жаъфарни эса амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб қарамоғларига олдилар. Шу сабабдан ҳам Жаъфарнинг ёшлик йиллари амакиси ҳазрати Аббос ҳузурларида ўтган.
Жаъфар ибн Абу Толиб – Пайғамбаримизга биринчилардан бўлиб иймон келтирганлардан эдилар. Аллоҳ таоло у Зотга тўғри ва ҳақ динни юборгач, биринчилардан бўлиб иймон келтирди. Жаъфар эса амакиси Аббос хонадонида улғайиб камолга етди. У ва хотини Асмо бинти Умайс Абу Бакр Сиддиқ (р. а.) ҳузурида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Арқамнинг ҳовлисига кирмасларидан аввал Исломни қабул қилган эдилар. Бу ёш оила ҳам дастлабки мусулмонлар қатори қурайш кофирларининг ҳар тарафдан таъқибига, турли азоб-уқубатларига учради. Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб хотини ва бир неча шериклари билан ҳабаш тупроғига ҳижрат қилишга Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан рухсат олди. Биринчи муҳожирлар карвони Жаъфар ибн Абу Толиб бошчилигида Ҳабашистонга жўнади. Улар одил подшоҳ Нажоший даргоҳида ҳузур топдилар. Лекин қурайш кофирлари мусулмонлардан бир қисми ҳабаш ерига кўчиб кетганини, у ернинг подшоҳи ҳимояси остида тинч-омон яшаётганини билгач, уларни ўлдиришга ёки тутиб олиб келишга аҳд қилди. Шу ўринда сўзни Умму Салама розияллоҳу анҳодан эшитамиз: «Ҳабашистонга етиб боргач, бизни яхши кутиб олишди. Бирор ёмон сўз эшитмай ва озор кўрмай Аллоҳ таолога ибодат қилиб яшай бошладик. Бу хабар Қурайшга етиб боргач, бизга қарши маслаҳат қилиб, ўзларидан нуфузли икки кишини — Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъани Нажошийга юборищди. Ҳабаш подшоҳига муддаоларини айтишдан аввал, совға-саломларни топширишни тайинлашди. Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа Ҳабашистонга келишгач, Нажошийнинг дин хизматчиларига совғалар беришди ва муддаоларини баён этишди: «Подшоҳнинг ерига ота-боболарининг динидан қайтган, ўз қавмининг гапига қулоқ солмайдиган аҳмоқ ёшларимиз кўчиб келишди. Агар биз подшоҳингизга шу ҳақида гапирсак, подшоҳ уларнинг дини тўғрисида сўрамасданоқ бизга топшириб юборишни маслаҳат берсангиз. Чунки қавмларининг катталари ёшлари эътиқод қилаётган нарсаларини улардан кўра яхшироқ билишади». Битриқлар бу гапга рози бўлишди. Икковлари Нажоший ҳузурига бориб, совғаларни беришди ва такаллуф ила сўз бошлашди: — Сизнинг мамлакатингизга бир гуруҳ ярамас ёшларимиз жойлашиб олишди. Улар биз ҳам, сиз ҳам билмайдиган динга сиғинишяпти. Бизни олдингизга ўшаларнинг оталари, қариндош-уруғлари уларни қайтариб олиб боришимиз учун жўнатишди. Албатта, оталари уларнинг бузғунчиликларини ҳаммадан яхшироқ билишади.
Нажоший дин хизматчиларига қаради. Улар икковини тасдиқ этишди. Нажоший бундан қаттиқ ғазабланди ва: — Аллоҳга қасам, уларни ҳузуримга чақириб, уларга нисбат берилган нарса ҳақида сўраб билмагунимча бирортасига рухсат бермайман. Агар ростдан ҳам шу иккови айтганидай бўлса, бу таклифга розилик билдираман. Агар ундай бўлмаса, уларни ҳимоямга оламан! — деди. Нажоший бизларни чақириб келишга одам жўнатди. Унинг ҳузурига боришдан олдин ўзаро бундай келишиб олдик: «Подшоҳ биздан динимиз ҳақида сўраса, ҳамма гапни очиқ айтамиз. Унга фақат Жаъфар ибн Абу Толиб гапиради. Бошқа ҳеч ким гапирмасин». Подшоҳ ҳузурига киргач, унинг икки тарафида эгниларига ридо, бошларига бахмал кулоҳ кийган битриқлар китобларини очиб ўтирганини кўрдик. Амр ибн Ос билан Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа ҳам ўша ерда эди. Нажоший бизга юзланди.
— Қавмингизнинг динини ташлаб, менинг ҳам, бошқа бирорта миллатнинг ҳам динига кирмай, ўзингиз учун қандай янги динни танлагансиз?
Жаъфар ибн Абу Толиб олдинга чиқди:
— Эй подшоҳ, биз санамларга сиғинадиган, ўлимтик ейдиган, фаҳш ишларни қиладиган, қариндошликни узадиган, қўшничиликни унутадиган жоҳил кишилар эдик. Кучлиларимиз заифларимизнинг ҳақини ер эди. То Аллоҳ таоло бизга ўзимиз унинг насабини ва ростгўйлигини, омонатдорлиги ва покизалигини жуда яхши биладиган Пайғамбар юборгунича шу ҳолда қолдик. У Пайғамбар бизни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, ўзимиз ва оталаримиз сиғинаётган санамлар ва бутларни ташлашга чақирди. У Зот бизга рост гапиришни, омонатни адо қилишни, қариндошлик ришталарини тиклашни, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишни, ҳаром нарсалардан тийилиш ва ноҳақ қон тўкишдан сақланишни буюрди. Бузуқ ишлардан, ғийбатдан, етимнинг молини ейишдан ва покиза хотинларга туҳмат қилишдан бизни қайтарди. Аллоҳнинг Расули бизга фақат ёлгиз Аллоҳ таолога ибодат қилишни, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликни буюрди. Унга ишондик ва иймон келтирдик. Улар бизни динимиздан қайтариш учун зулмни ҳаддан ошириб, сиқувга олишгач, сизнинг шаҳрингизга, сизнинг қўл остингизда зулм кўрмаймиз, деган умид билан келдик.
— Пайғамбарингиз Аллоҳ ҳузуридан олиб келган нарсадан бирор нарса биласанми?
— Ҳа.
— Ўқи.
Жаъфар ибн Абу Толиб Марям сурасининг бошидан бир неча оят ўқиди. Нажоший Қуръон оятларини тинглар экан, таъсирланиб, йиғлаб юборди, ҳатто, соқоли кўз ёшлари билан ювилди. Битриқлар ҳам йиғлаб, очиқ турган китобларини ҳўлқилиб юборишди.
— Шубҳасиз, Пайғамбарингиз келтирган нарса билан Исо алайҳиссалом олиб келган нарсанинг манбаи биттадир.
Нажоший ушбу сўзларини тугатгач, Амр ибн Ос ва унинг шеригига қарата: — Аллоҳга қасамки, буларни сизларга топшириб қўймайман! — деди. Подшоҳ ҳузуридан чиқишимиз билан Амр ибн Ос бизга эшиттириб шеригига:
— Эртага Нажошийнинг олдига келиб, буларга нисбатан ғазаб уйғотадиган бир ишларини айтиб бераман. Шунда подшоҳ буларнинг уруғини қуритиб юборади, — деди.
Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа: — Ундай қилма, динимизга қарши бўлсаҳам, улар бизнинг қариндошларимиз, — деди. Амр ибн Ос шеригидан жаҳли чиқиб, баттар тутақди:
— Эртага подшоҳга: «Булар Исони қул бўлган дейишади, дейман». Ана ундан кейин нима бўлишини кўрамиз. Эртасига у подшоҳ ҳузурига келиб, кечаги иддаосини айтди. Биз жуда оғир бир аҳволда қолдик. Агар, подшоҳ Исо ибн Марям тўғрисида сўраб қолса, нима деб жавоб берамиз, деб, ташвишлана бошладик. Кейин бу ҳақда Пайғамбаримиз бизга айтган Аллоҳ таолонинг сўзидан бошқа ҳеч нарсани айтмасликка келишиб олдик. Бу сафар ҳам фақат Жаъфар ибн Абу Толиб сўзлайдиган бўлди. Нажоший ҳаммамизни яна ҳузурига чақирди. Подшоҳ ва унинг битриқлари худди кечаги ҳолатда ўтиришарди. Амр ибн Ос билан унинг шериги ҳам шу ерда эди. Киришимиз билан Нажоший шошиб сўради:
— Исо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар? Яна Жаъфар ибн Абу Толиб жавоб берди:
— У ҳақда Пайғамбаримиз нима деган бўлса, шуни айтамиз. — Пайғамбарингиз нима деган?
— У Зот Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир. У Зот Аллоҳнинг Марямга бахш этган руҳи ва калимасидир.
Нажоший бу сўзларни эшитгач:
— Аллоҳга қасамки, Исо ибн Марям худди Пайғамбарингиз айтганидай бўлган, — деди.
Атрофидаги битриқлар уни инкор қилмоқчидай ғудурлашди. Нажоший:
— Жим бўлинглар! — деб, амр қилди. Сўнгра бизга:
— Боринглар, бемалол яшайверинглар. Ким сизларни ҳақоратласа, жарима тўлайди, ким сизларга қарши чиқса, жазоланади. Аллоҳга қасамки, сизларнинг бирортангизга бирор ёмонлик эвазига олтин тоғ ваъда қилинса ҳам, рози бўлмас эдим, — деди. Сўнгра Амр ибн Ос ва шериги келтирган совғаларни қайтариб берди. Иккови ҳам ғазабларини ичга ютганча чиқиб кетишди. Биз эса унинг ҳимоясида соғ-омон яшай бошладик».
Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг хотини Нажошийнинг мамлакатида ўн йил тинч ва хотиржам яшади. Ҳижратнинг еттинчи йилида ҳабаш тупроғини тарк қилиб, Жаъфар ибн Абу Толиб бошчилигида бир неча мусулмон Мадинага қайтишди. Улар Мадинага етишган пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам Ҳайбар қалъасини фатҳ қилиб қайтаётган эдилар. У Зот Жаъфарни кўриб, қувондилар ва: «Қайси бирига кўпроқ суюнай: Ҳайбарни олганимизгами ёки Жаъфарнинг келганигами?» дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Менинг қорним нонга тўймас эди. Ҳеч ипак кийим киймаганман, қорним устихонимга ёпишиб юрарди. Кишилар уйига олиб бориб қорнимни тўйғасса деган умидда, Қурон Каримни ўқиб берар эдим. Мана шундай чоғда Жаъфар мискинларнинг энг яхши кишиси эди. У бизни уйига олиб бориб, мой идишини олдимизга қўяр эди, биз эса унинг ичини ялар эдик.
Жаъфар ибн Абу Толибнинг қайтганига барча мусулмонлар, айниқса, камбағал мусулмонлар кўпроқ севинишди. Боиси у киши заиф ва камбағалларга ниҳоятда меҳрибон бўлгани учун «Мискинлар отаси» деб ном олган эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай ҳикоя қилади: «Биз, камбағаллар учун энг яхши одам Жаъфар ибн Абу Толиб эди. У бизни уйига олиб бориб, уйида бор нарсаси билан тўйдирарди. Агар овқати тугаб қолса, ёғ солинадиган мешини олиб чиқиб берар, ҳолбуки унда ҳеч нарса бўлмас эди, биз эса уни ёриб, ичидаги ёғ юқини ялар эдик».
Жаъфар ибн Абу Толибнинг ҳадис ривоятлари жуда кам. У кишидан ўғиллари Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Амр ибн Ос ва Умму Салама ривоят қилганлар. Яна икки ўғиллари Муҳаммад ва Авн ҳам ундан ривоят қилгани айтилади.
✍️ Маҳмуд Нормуродов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик бўлими илмий ходими
Izoh qoldirish