АМИР ТЕМУР ТАРИХИГА ОИД НОЁБ АСАРНИНГ БЕНАЗИР ТАРЖИМАСИ
Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, ундаги илм-фан, маданият жаҳон цивилизацияси тарихидан ўрин олган ва уни ўрганиш тарихшуносликнинг йирик илмий йўналишларидан бири сифатида доимо олимлар диққат эътиборида бўлган. Ўз ақл-идроки ва бетакрор салоҳияти билан ислом цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш хорижий юртларда ҳам ҳар доим юқори бўлган. Шу боис ҳам азалдан дунёнинг турли тилларида буюк бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўплаб асарлар яратилган. Соҳибқирон ҳақида айниқса, форс тилида кўплаб асарлар яратилгани тадқиқотчиларга яхши маълум. Тадқиқотчиларнинг фикрича, араб тилида нисбатан камроқ асарлар ёзилган бўлсада, лекин, шулар орасида XV аср араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ (1388-1450 йй.) томонидан ёзилган “Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” (“Темур тарихида тақдир ажойиботлари”) номли асари алоҳида аҳамиятга эгадир. Қисқача “Амир Темур тарихи” номи билан машҳур бўлган бу асар тўла-тукис Амир Темур ва унинг фаолиятига доир араб тилида ёзилган ягона асар ҳисобланади. Эътиборлиси шундаки, маълум сабабларга кўра Ибн Арабшоҳ асари гарчанд Соҳибқиронга нисбатан бир қадар танқидий руҳда ёзилган бўлсада, лекин Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятига доир, ўша даврдаги илмий, маданий ҳаёт, ободончилик, бунёдкорлик ишлари ҳақида шу қадар кўп ва хилма – хил маълумотлар берадики, ўша даврга оид бошқа бирорта манбада бунақа қимматли маълумотларни учратиш қийин. Амир Темурнинг шахсига оид кўплаб хабарлар, унинг давлат арбоби, моҳир лашкарбоши, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳақида кўплаб қимматли маълумотлар келтирилган.
Ушбу асарнинг ўзбек тилидаги таржимаси ва тадқиқи марҳум исломшунос, тилшунос ҳамда тарихчи олим Убайдулло Уватов (1940-2020 йй.) томонидан амалга оширилди. Олим 1974 йили Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтида филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун 34 ёшли йигит ҳимоя қилди. Диссертация “Ибн Арабшоҳ ва унинг «Ажоиб ал-мақдур фи навойиб Таймур» асарининг араб тилида, ўта мураккаб иборалар билан ёзилган асар таржимасига бағишланган эди. Айниқса, собиқ Иттифоқ даврида тарихчи Ибн Арабшоҳ тадқиқотлари асосида Амир Темур ҳаёти ва буюк саркарда сифатидаги фаолиятини ўрганиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш ўша давр учун маънавий жасорат эди. Ибн Арабшоҳнинг машҳур асари бўлмиш «Ажоибу-л-мақдур фий тарихи Таймур» (Темур тарихида тақдир ажоиботлари) асарининг асл араб тилидаги нусхасидан ўзбек тилига амалга оширган таржимаси, нафақат устознинг балки бутун темуршунос олимларнинг соҳадаги улкан ютуғи бўлган дейиш мумкин. Негаки, асарнинг асл матни мураккаб тилда, насрий сажъ услубида ёзилган бўлиб бу турдаги асарларнинг таржимаси мураккаблиги кўпгина шарқшунос олимлар томонидан эътироф этилган. Шунингдек, ушбу мураккаб асар таржимаси нафақат Ўзбекистон тарихи соҳасининг балки тилшунослик соҳасининг улкан ютуғи ҳам ҳисобланади.
Ибн Арабшоҳнинг илмий жамоатчиликка азалдан маълум бўлган бу тарихий-бадиий асари Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда ХIV асрнинг охири, ХV асрнинг биринчи чорагида содир бўлган воқеаларни ўз ичига олади.
Соҳибқирон Амир Темур ва у ҳукмронлик қилган давр ҳақида кўплаб тарихий асарлар ёзилган. Муаллифларнинг нуқтаи назари ва Амир Темур шахсига нисбатан муносабатига кўра, улар бир-биридан баъзи ҳолларда анча фарқ қилади. Ибн Арабшоҳнинг ушбу асари муаллиф гувоҳ бўлган, ўзи бевосита иштирок этган воқеаларни тасвирлагани билан ғоят муҳим тарихий аҳамиятга эга эди. Шу каби ҳолатлар ҳам унинг халқ орасида машҳур бўлишига сабаб бўлган эди.
Олим, Ибн Арабшоҳнинг бу китобининг арабча қўлёзмасини хорижда хизмат сафарида юрган пайтида қўлга киритган бўлиб, мазкур асарнинг тўлиқ таржимаси икки китобдан иборат шаклда 1991-1992 йилларда “Меҳнат” нашриётида босилиб чиқди (1991 йили 1-қисм 324 бетли, 1992 йили 2-қисм).
Биринчи жилдда соҳибқироннинг болалиги, Самарқанд тахтини эгаллашидан вафотига қадар бўлиб ўтган воқеалар тафсилоти баён қилинади. Иккинчи жилдда Амир Темурнинг вафотидан кейинги давр воқеалари, тож-тахт учун кечган қонли курашлар тўғрисида сўз юритилади. Тадқиқотчи таржимон асар матнига 1306 изоҳ ёзади. Жуғрофий жой номлари ва киши исмлари кўрсаткичлари (165-181) 16 бетни ташкил этади. Уларнинг барчаси асарнинг иккинчи жилдига жойлаштирилади. Ишни тўлиқ амалга ошириш учун 140 дан ошиқ қўшимча манбалар ва илмий адабиётлардан фойдаланади. Мазкур асар домла Убайдулла Уватовнинг заҳматли меҳнатлари ва фидокорона илмий тадқиқотлари эвазига илк бор ўзбек тилида нашр қилиниб, кенг китобхонлар оммасига етказилганди.
Ушбу асарнинг бошқа араб манбаларидан ажралиб турадиган яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, у ўзига хос тарихий асар бўлиши билан бир қаторда, адабий ва географик манба сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Юқарида қайд этиб ўтилганидек, асар араб тили адабиётининг саж услубида ёзилганлиги сабабли дунёнинг камдан кам тилларига таржима қилинган. У.Уватов томонидан араб тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб 1992 йилда нашр этилган асар мазкур ноёб таржималардан бири сифатида эътироф этилади. Асар икки жилдда нашр этилган бўлиб, биринчи жилдда Ибн Арабашоҳнинг ҳаёти ва фаолияти, “Ажоибу-л-мақдур фий тарихи Таймур” асари ҳақида умумий маълумот келтирилиди. Иккинчи жилднинг асосий қисми асарда келтирилган баъзи сўзлар изоҳига ажратилган. “Ажоибу-л-мақдур фий тарихи Таймур” асарининг У.Уватов томонидан тайёрланган ўзбек тилидаги таржимасини бошқа тиллардаги таржималар билан қиёслаганда фақатгина таржима эмас балки, асар илмий изоҳларга бойлиги билан ажралиб туради. Масалан америкалик олим Роберт Чисней томонидан тайёрланган инглиз тилидаги таржимасида қисқа изоҳлар билан чекланилган[1]. Шунингдек асарнинг Аҳсен Батур томонидан 2012 йилда амалга оширилган турк тилидаги таржимаси[2] билан ҳам қиёс ҳам қиёслаганда У. Уватов томонидан амалга оширилган таржима араб тилидаги матнларга содиқлиги ва таҳлилий изоҳларга бойлиги билан ажралиб туради.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, профессор У. Уватов томонидан тайёрланган Ибн Арабшоҳнинг “Ажоибу-л-мақдур фий тарихи Таймур” асари таржимаси нафақат Амир Темур ва Темурийлар даври тарихчилиги ривожида балки, арабшунослик соҳасида катта бурилиш ясаган асар сифатида ўзбек илим-фанида алоҳида ўрин эгаллайди.
✍️ Музаффархон Жониев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи, PhD
_________________________________________
[1] Arabshah A. I. Tamerlane-the Life of the Great Amir. – Ib tauris & Company Limited, 2017. – P. 384.
[2] Arabşah, İbni. Acaibu’l-Makdur (Bozkırdan Gelen Bela). Çeviren Ahsen Batur. – İstanbul: Selenge Yayınları, 2012. – S. 480.
Izoh qoldirish