ИЛМИЙ МАРКАЗЛАР – УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРЛАРИ
Тарихдан маълумки, ҳар қандай тараққиётнинг асосий калити илм-фан ҳисобланади. Бунга ислом тарихида икки марта рўй берган уйғониш даврларини яққол мисол сифатида келтириш мумкин. Жумладан, IX-XII асрларда ислом оламида вужудга келган биринчи Ренессанс даврининг асосий омили ҳам ҳукмдорлар томонидан илм-фанга қаратилган эътибор, илм аҳлига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром ҳисобланади. Ушбу уйғониш даврининг асосий таянчи ўз даврининг ҳақиқий маънодаги Фанлар академияси ҳисобланган “Байт ул-ҳикма”дир. Айнан ушбу илмий муассасада фаннинг барча соҳалари бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди, дунёнинг барча тараққий этган цивилизацияларига тегишли бўлган ноёб асарлар араб тилига таржима қилинди. Натижада ислом олами бошқа цивилизациялар эришган ютуқларни ўзлаштирди, ушбу ютуқлар ўз навбатида ислом илм-фан ютуқлари билан омухталашиб, ўзига хос юксак илмий муҳитнинг ташкил топишига сабабчи бўлди. Бунда таржимонлар фаолияти ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, аббосий халифалар таржимачилик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар. Жумладан, аббосий халифа Маъмун таржимонларга ҳомийлик қилиш борасида беназир бўлиб, ҳар бир таржима қилинган нодир асар учун таржимонга ўша китоб оғирлигича олтин берганлиги тарихий манбаларда қайд этилган.
Шарқ оламидаги иккинчи ренессанс асосчиси сифатида эътироф этилувчи соҳибқирон Амир Темур илм-фанга бўлган эътибори, олим ва шоирларни юксак даражада қадрлаши орқали мамлакат тараққиётига асос яратди. Унинг даврида Мовароуннаҳр ва Хуросон замини ўзининг энг ёрқин даврларини бошдан кечирди. Темур ва темурийлар давридаги олимларга қаратилган ғамхўрлик, қулай шарт-шароит натижасида диний ва дунёвий илмлар ривожланиб, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Саъдиддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий каби олим ва шоирлар Уйғониш даврининг асосий намояндалари сифатида майдонга чиқдилар.
Мана шундай илмий юксалиш даврларининг гувоҳи бўлган юртимизда мустақиллик шарофати билан бой маънавий меросимиз ҳисобланган алломалар меросини ўрганиш, уларни халқимиз орасида тарғиб қилиш масаласи долзарб аҳамият касб эта бошлади. Айниқса, сўнгги йилларда илм-фанга, таълимга эътибор кучайиб, “Учинчи Ренессанс” шиори остида соҳани янги босқишга кўтариш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказларининг ташкил қилинганлиги Учинчи ренессанс учун чин маънодаги пойдевор бўлиши, бебаҳо маънавий бойлигимиз ҳисобланган аждодлар меросини тадқиқ этиш йўлида таянч муассасалар бўлиб хизмат қилиши мақсадга мувофиқдир. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда зиёлиларимизга катта ишонч билан қараймиз”.
Учинчи Ренессанснинг том маънодаги ҳуқуқий асоси ҳисобланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони бевосита илмий-тадқиқот марказларининг фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, бой маънавий меросимизни халқимизга етказиш борасидаги фаолиятларини янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамият касб этмоқда. Тараққиёт стратегиясидаги 73-мақсад 3-банд “Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш” деб номлангани ҳам фикримиз исботидир.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ислом оламида яшаб ижод қилган мутафаккирларнинг дурдона асарларини тадқиқ этиш ва уларни ёш авлод маънавий юксалиши йўлида хизмат қилдириш илмий тараққиётнинг асосий калити ҳисобланади. Бу борада эса илмий-тадқиқот марказларининг ўрни беқиёсдир.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish