13.04.2022

КУРЪОНИ КАРИМ ИСМЛАРИ

АС-СИРОТ АЛ-МУСТАҚИМ (ТЎҒРИ ЙЎЛ)

اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ

БИЗНИ ТЎҒРИ ЙЎЛГА БОШЛАГИН (ФОТИҲА, 6).

 

Ушбу муборак оят тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, тўғри йўл – Аллоҳ рози бўладиган қойим динга рушду ҳидоят топишни сўрамоқ бўлиб, у Исломдир. Яна бир тафсири эса, Аллоҳнинг Китоби бўлиб, сўровчи гўёки унда келган ҳалол-ҳаром ва унинг баёнига ҳидоят топишни сўрайди. Бошқача айтганда, Қуръони Карим ҳидояти билан ҳидоятланишни сўрайди. 

Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда “У (Қуръон) – тўғри йўл” дейилади. Ушбу тафсирни Имом Табарий саҳобалардан Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолардан ҳам ривоят қилган.

 Имом Замахшарий ва Насафийларнинг келтиришича, “син” ҳарфи билан бўлган сирот – кенг йўлдир. Феъл шакли бирон нарсага нисбатан ишлатилганда эса бу ўша нарсани ютиб юборишни англатади. Сирот йўли ҳам унда юрувчи кишиларни ўзига сингдириб юборади. “Сод” ҳарфи билан бўлган “сод” эса, ушбу сўздаги “итқи” туфайли бўлиб, у қалин талаффуз этилгани учун ҳам “син” ўрнига “сод” танланган, худди “мусойтир” сўзида бўлгани каби. Бу Қурайшнинг луғатида шундай бўлиб, Қуръоннинг асосий нусхасида шундай битилган. 

Абу Лайс Самарқандий дейдики, у шундай йўлки, эгасини мақсадига етказиб олиб боради ва бошқа турли йўллардан сақлайди. Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, у зот шундай дейди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан бир чизиқ чиздилар. Унинг ёнига эса бошқа чизиқларни ҳам чизиб, сўнг дедилар: “Бу Аллоҳнинг тўғри йўли”. Сўнг унинг ўнг ва чап томонларига чизиқ чизиб, кейин дедилар: “Булар эса йўллар бўлиб, улардан биронтаси йўқки, унинг бошида унга чақириб турувчи шайтон бор”. Сўнг ўқидилар: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз” (Анъом, 153) Шунинг учун банда “Бизни тўғри йўлга ҳидоят қил ва бошқа турли-туман йўллардан сақла” деб дуо қилади.

Имом Табарийга кўра, умматдаги таъвил аҳлининг бари “тўғри йўл”нинг “эгрилиги бўлмаган очиқ-ойдин йўл” эканлигига ижмо қилишган. Бу дуо: “Бизни унда собит қил, қалбларимизни шунда сақла ва маъсиятларимиз туфайли ундан буриб юборма” маъноларини ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, Жобир, Ибн Аббос, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан бу йўлнинг Ислом, дин эканлиги, Жобир розияллоҳу анҳудан эса унинг осмону ер орасидан ҳам кенгроқлиги ривоят қилинган.

Тобеъин Абулолия Басрийдан эса бу тўғри йўлнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда Абу Бакр ва Умар каби саҳобалар эканлиги ҳам ривоят қилинган. 

Ибн Касирнинг келтиришича, Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ тўғри йўлни – ҳақ деб тафсир қилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Тўғри йўл – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни унда қолдирган нарсадир” деган. 

Имом Мотуридий “тўғри йўл” борасида Қуръон ва иймон тафсирини келтиргач, сўнг дейди: “Иккисидан қай бири бўлмасин, у эгрилиги бўлмаган қойимлик, унда ихтилоф бўлмаган ҳақиқат бўлиб, ким уни лозим тутса, унда зикр қилинган яхшиликларга етади”. Унинг “мустақимлиги – тўғрилиги” борасида дейиладики, у ҳужжат ва далиллар билан собит бўлиш маъносидаги қойимлик бўлиб, уни ҳеч нарса зойил қилмайди, ҳужжатларини алдамчиларнинг алдови, шак қилувчиларнинг ҳийлалари бузмайди. 

Тўғрилик борасида яна дейиладики, уни маҳкам тутган кишини тўғирлайди, токи у нажот топади ва жаннатга киради. 

Яна дейиладики, тўғрилик – у билан тўғри бўлиш маъносидадир, худди Аллоҳ таолонинг:

“кундузни кўрсатувчи этиб...” (Юнус, 67).

деган сўз каби. Яъни, у билан кўради. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам далолат қилади: 

“Албатта, “Роббимиз Аллоҳ” деган, сўнгра мустақим-тўғри бўлганлар...” (Фуссилат, 30).

Демак, мустақим-тўғрилик – Аллоҳ (буюрганларига) эргашмоқдир”. 

Ушбу тафсирларнинг бари сиротул мустақим – тўғри йўлнинг асли Қуръони Каримга қайтишини кўрсатади. Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф давомида ҳам: “Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур” дейилади.  Ислом асоси ва ҳақ манбаи Қуръондир. Қуръони Каримда Пайғамбар алайҳиссаломга шундай хитоб қилинади:

“Сен: “Агар мен залолатга кетган бўлсам, ўз зараримга кетурман. Агар ҳидоят топсам, Роббим менга ваҳий қилган нарса туфайли топурман. Албатта, У зот ўта эшитгувчи, яқиндир” деб айт” (Сабаъ, 50). 

“Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман” (Анъом, 50).

Шунинг учун ҳам муфассирлар дастлаб тўғри йўлнинг Қуръон эканлиги тўғрисидаги ҳадис ва хабарларга тўхталган бўлишлари мумкин. Бунга Имом Аҳмад “Муснад”ида Наввас ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади: 

“Аллоҳ тўғри йўл мисолини келтирди: унинг икки четида икки тўсиқ, уларда очиқ эшиклар, эшикларда туширилган пардалар бор. Йўл эшигида бир чақирувчи шундай демоқда: “Эй инсонлар, бу йўлга барчангиз кирингиз, эгри-бугриликни қўйингиз”. Яна бир чақирувчи йўлнинг тепасидан чақирмоқда. Қачонки инсон бу эшиклардан бирон нарсани очмоқчи бўлса: “Ҳолингга вой бўлгур, уни очма. Агар уни очсанг, унга кириб кетасан” дейди. Йўл – Ислом, икки тўсиқ – Аллоҳнинг чегаралари, очиқ эшиклар – Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар, йўлнинг бошидаги чақирувчи – Аллоҳнинг Китоби, йўлнинг устидаги чақирувчи эса ҳар бир мусулмон қалбида бўлган Аллоҳнинг воъизидир”.

Жўрабек Чўтматов –
 Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими

Izoh qoldirish