Мир Мансур Мусаввир Термизий ҳаёти ва ижодиий фаолияти
Мовароуннаҳр ўлкаси азалдан илм-фан бешиги бўлгани бежиз эмас. Ислом дини ва маданияти кириб келиши билан Бухоро, Самарқанд, Насаф, Кеш, Термиз шаҳарлари илм марказига айланди. Кўплаб муҳаддислар, муфассирлар, мутасаввифлар, мутакаллимлар, муаррихлар, шоирлар ва илм-фан соҳасидаги етук арбоблар бу заминдан етишиб чиқди. Дунёда биринчи Ренессанс пойдеворини айнан мана шу юрт алломалари қуйгани қувонарли ҳол. Бу анъанани буюк сиймоларимиз давом эттирган ҳолда иккинчи Ренессанс пойдеворини биринчи Ренессанс пойдевори асосида XV асрда қуйгани барчамизга маълум. Бу даврни “Ислом маданиятининг олтин асри” деб аталиши билан бирга фазо илми ва математика фанларининг ривожланиши билан юртимизда иккинчи Уйғониш яъни Ренессанс даврини бошлаб берди. Шу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Шу юрт алломалари қатори Термизий сайидлардан ҳам бир қанча фан арбоблари чиққани кўпчиликга маълум. Айниқса бадиий санъатнинг нозик тури бўлган – рассомлик ва наққошлик санъати буйича дунёда донг таратган Мир Мансур Мусаввир ва унинг ўғли Сайид Али Жудоий Термизий бадиий ижоди бугунги кунга қадар шу соҳа вакиллари диққатини ўзига жалб қилиб келмоқда. Гарчи бу улуғ зотлар Термизда фаолият юритмаган бўлсада, лекин Термизий нисбасига содиқ қолган ҳолда Ҳинд ва Форс диёрларида кенг шуҳрат қозонди. Шу нуқтаи назардан қуйида Мир Мансур Мусаввир Термизийнинг қисқача таржимаи ҳоли ва ижодий фаолияти билан танишамиз.
Мир Мансур Мусаввир Термизий XV асрда ижодий фаолият кўрсатган мусаввирлардандир. Таваллуд ва вафоти санасти маълум эмас. Асли Термизлик бўлиб давр ижтимоий-сиёсий тақозоси билан Термиздан Табрезга кўчиб боради. Шоҳ Таҳомосб саройида рассом, наққош, хаттот бўлиб ишлайди. Бир қанча тарихий ва бадиий асарларга зийнат беради. Жумладан “Шоҳнома-э Таҳомосб” асаридаги бир қисми тарихий шахслар расмини чизади. Шоҳ саройида у билан бирга Султон Муҳаммад Нигоргар, Оқо Мирак каби таниқли мусаввирлар ҳам бор эди. Настаълиқ, риқоъ, сулс хат турларида чиройли ёзарди. Мир Мансур Мусаввир Термизийнинг машҳур шогирдалари ўғли Мир Сайид Али Жудоий Термизий ва Зайнул-Обиддин мусаввир бўлган.
Бадиий асарларда чизган расмлари:
“Искандар ва Доронинг ўзаро ўришлари” – Низомий Ганжавийнинг “Хамса” асари қаҳрамонлари асосида, “Фирдавсий Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳузурига боргани тасвири” ва “Сосонийлар подшоҳининг мажлисда ўтирган тасвири” каби миниатюралари бугунги кунга қадар дунёнинг турли музейларида сақланиб келинмоқда.
Қуйида Мир Мансур Мусаввир Термизий томонидан чизилган тасвирлардан намуна келтирамиз:
Бу суратда “Шоҳнома” асарининг қаҳрамонлари чизилган
Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома” асаридаги воқеалар асосида тасвирланган. Подшоҳ ва сарой аҳли мулозимлари тасвири
Мир Мансур Мусаввир Термизий томонидан Низомий Ганжавийнинг “Хамса” асари асосида чизилган тасвир
Мир Мансур Мусаввир Термизий томонидан “Шоҳнома” асари асосида Баҳром Чўбинанинг саҳрода шер билан жанг қилиши тасвири
Лайли ва Мажнун асаридаги қаҳрамонлар тасвири
Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асаридаги қаҳрамонлари тасвири
Мир Мансур Мусаввир Термизий ўз бадиий санъатга бўлган қизиқиши ва маҳорати натижасида дунёда “Мусаввир Термизий” “Мир Мусаввир Термизий” “Наққош”, “Хаттот” ва “Музаҳҳиб” номлари билан тилга олинади. Бу каби Термизийлар бадиий ижодинининг моҳиятини ўрганиш бугунги куннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини қуйишга замин яратади.
Каромиддин Жамаҳматов –
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази манбашунослик бўлими бошлиғи
Izoh qoldirish