АЛ-УРВАТУ-Л-ВУСҚО (ИШОНЧЛИ АРҚОН)
فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَىٰ
БАТАҲҚИҚ, У ИШОНЧЛИ АРҚОННИ МАҲКАМ ТУТИБДИ (БАҚАРА, 256, ЛУҚМОН, 22).
Ушбу атама Қуръони Каримнинг икки ўрнида келган бўлиб, улар қуйидагилар:
“Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлур. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир” (Бақара, 256).
“Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур” (Луқмон, 22).
Маънолар таржималарида “ишончли арқон”, “мустаҳкам тутқич”, “мустаҳкам халқа”, “ишончли халқа” каби маънолар бериладиган “урватул-вусқо” жумласига муфассирлар томонидан ла-а илаҳа иллаллоҳ, иймон, ислом маънолари берилган.
Фахриддин Розий ўз тафсирида шундай келтиради: “Наҳв илми олимлари дейишдики, оятларни узилмас урватул-вусқо – мустаҳкам арқон билан тартиб-низомга солди”. Бошқа бир ўринда дейди: “Арқонларнинг энг мустаҳками Аллоҳ тарафидан бўлганидир. Чунки Ундан бошқаси ҳалок бўлиб, узилувчи, У Зот эса боқий бўлиб, Унинг учун узилиш йўқдир”. “Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур”. Яъни, ким уни Аллоҳга етказадиган арқон ва оқибати У Зотга қайтувчи ҳар бир нарсани тутса. Қачонки шу ҳолда оқибати Унга бўлган нарса унинг ҳам оқибатига айланиши ҳосил бўлса, бу яхшиликнинг олий чегарасидир”.
Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан Қуръон васфида нақл қилган ҳадиси шарифда эса: “У Аллоҳнинг метин арқонидир” дейилади.
Имом Табароний, Ибн Жарир Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “Аллоҳнинг Китоби – самодан ерга чўзилган Аллоҳнинг арқонидир” дейилади.
Ибн Абу Шайба, Имом Табароний каби муҳаддислар Абу Шурайҳ Хузоъий розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан ривоят қилган ҳадисда эса: “Албатта, ушбу Қуръон бир арқон бўлиб, бир томони Аллоҳнинг қўлида, бир тарафи эса сизларнинг қўлларингиздадир. Бас, уни маҳкам тутингиз. Албатта, сизлар ундан сўнг ҳаргиз ҳеч қачон адашмайсиз ва ҳалок бўлмайсиз” дейилади.
Имом Мотуридий “урватул-вусқо”ни тутган киши ҳақида дейди: “Ундан киши ўзи учун мустаҳкам ақд – боғлам ва битимга бўладики, ушбу ақд учун ажралиш ва узилиш йўқдир. Бу ақд тўкис бўлиб, баъзи қисми билан ҳужжат қойим бўлмайди”.
“Дарҳақиқат, у арқонларнинг энг мустаҳками ва собитини тутган бўладики, бу оятнинг бошқа ўрнида келган: “узилмайдиган” эканлигига кўрадир. Яъни, шундай мустаҳкам арқонни тутган бўладики, унинг учун узилиш, кесилиш ва завол йўқдир. Чунки у ҳужжат ва далиллар билан собит қилинган, ҳавойилик билан эмас. Ҳужжат ва далиллар билан собит бўлган ҳар бир нарса, доимо собит бўлиб, унинг учун завол ва кесилиш йўқ. Ҳавойилик билан “собит” бўлган ҳар бир нарса, ушбу ҳавойиликнинг заволи билан тезда зойил бўлиб, узилиб кетади”.
Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул” асарида “урватул-вусқо”нинг кишидаги таъсир доираси ҳақида дейди: “Албатта, Аллоҳ таоло муваҳҳидларга тавҳид нури билан хайру эҳсон қилди. Шунда улар унинг тавҳидига қойим бўлишди. Сўнгра нафснинг баъзи сабабларга аралашиши бор. Агар нафс бирон сабабга боғланса, тавҳид тутумига зарар етмайди, чунки у улуғ тутумга боғланган. Ана ўша “урватул-вусқо” бўлиб, уни қудратли ва улуғ Аллоҳ Ўз китобида зикр қилиб, унинг “узилмайдиган мустаҳкам тутқич” эканлигини хабар берди”. Яъни, бу мустаҳкам тутқич сабабларга суяниш вақтида иймон асосларини сақлаб қолади. Аммо кейинчалик сабаблар нафс учун суянчиқдан ҳам ўтиб, эътиқодга айланиб, шу орқали қалбни асирга олади. Натижада қалб ва нафс ўртасида кураш бошланганида қалб айнан ана ўша “урватул-вусқо”дан куч олган ҳолда курашга қайтади ва нафс устидан ғалабага эришади “Аммо қалб – у ушбу нарсаларни инкор қилувчи, ўз ақидаси асосларига боғланган ва “урва” тутқичидан тутган, нафс султони тарафидан қаҳрга учраган ҳолдадир. Токи Аллоҳ бандасига раҳмат билан иқбол қилди ва тавба (қайтиш) султонини берди. У ўша қувват билан нафсдан юз ўгиради ва ушбу шаҳватларни нафснинг юзига итқитади. Аллоҳни қасд қилган ҳолда курашга киради. Бандага етган тавба ва нурнинг миқдоридан нафсдаги шаҳватлар ўчди. Чунки бу нур раҳматдан келди. Агар у қалбга келса, шаҳват оловлари ўчади ва қалб нафс асирлиги ва унинг қаҳридан чиқиб олади. Энди нафс қаҳр кўрсатилган ва қайтарилган ҳолга келади. “Урватул-вусқо” эса – Аллоҳ банданинг қалбига лозим қилган ўша нурнинг ўзидир. Қалб ўшани тутиб, қувватланди ва ушбу тутқичнинг тиргаги ва қарорини (оятда келган) “узилмайдиган мустаҳкам тутқич” эканлигида, яъни, ажралиб кетмаслигида топди. Аллоҳдан узилиш йўқ. Дарҳақиқат, банда Парвардигори билан шундай боғландики, душман (шайтон) унга бу ўртада киришга йўл топа олмайди”.
Юқорида келган маъноларнинг бари Қуръони Каримга қайтади ва ўз асосини ундан олади. Арқонларнинг энг мустаҳками ва Аллоҳга энг еткизувчироғи Қуръони Каримдир. Имом Термизий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда дейилади: “Бандалар Аллоҳга (бошқа нарса билан) Ундан чиққан нарса билан бўлгани каби яқинлаша олмайдилар”. Ҳадис ровийлардан бири буни шундай изоҳлайдики, яъни, Қуръон билан.
Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳ “Тафсири Ҳилол”да шудай келтиради: “Биз “ишончли арқон” деб таржима қилган маъно оятда “ал-урватул вусқо” деб келган. “Вусқо” ишончли дегани, “ал-урвату” деб эса, тоққа осилиб чиқиладиган арқонга айтилади. Демак, бу дунёда олий мақсадга эришиш баланд тоғ чўққисига чиқиш деб олинса, Ислом динини тутиш ўша чўққига чиқиш учун узилмайдиган, ишончли арқонни маҳкам тутишга ўхшар экан. Чўққига чиқмоқчи бўлган одам, энди арқондан кўнгли тўқ бўлаверсин. Бу ёғи ўзига боғлиқ, ҳаракат қилса, чўққига албатта чиқади. Шунинг учун аввал-бошдан унга иймон келтириб, У нозил қилган Қуръонга эргашавериш керак”.
Жўрабек Чўтматов –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish