25.04.2022

АЛ-ҚОСОС (ҚИССАЛАР)


فَاقْصُصِ الْقَصَصَ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ
БУ ҚИССАНИ ҲИКОЯ ҚИЛ, ШОЯДКИ ТАФАККУР ҚИЛСАЛАР (АЛ-АЪРОФ, 176).


Ушбу оятнинг “Бу қиссани ҳикоят қил...” деган қисмини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “уларга Қуръонни ўқиб бер” деб тафсир қилган. Ушбу тафсир оятнинг “шоядки тафаккур қилсалар” деган қисми билан боғланиб кетадики, у ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: “Шояд улар Қуръон мисоллари борасида тафаккур қилишса” дегани ривоят қилинади. 
Имом Мотуридий ҳам ушбу оят тафсирида дейди: “Аллоҳ келтирган мисолларни тадаббур ва тафаккур қилиб, ақл юритингизлар. Ҳасан (Басрий) шу маънони берган”.
Шунингдек, Абу Лайс Самарқандий дейди: “Уларга Қуръон мисолларидан ваъз-насиҳат олишлари ва унга иймон келтиришлари учун Қуръон ўқиб бер”.
Қуръони Каримда “Қисса қилинган хабар” маъносидаги алоҳида “Қосос” сураси бор. “Қисса” ва “хабар” орасида фарқ мавжуд бўлиб, барча хабар ҳам қисса бўлмайди. “Қисса” луғатда “кесиш” билан биргаликда “эргашиш”, “издан бориш”дир:
“У (она) у (Мусо)нинг опасига: “Изидан бор” деди” (Қосос, 11).
Хабарлар алоҳида тарзда келиши мумкин ва бунда улар қисса бўлмайди. Қачонки улар бир-бирига боғланиб келса, у қиссага айланиши мумкин бўлади. Шу маънода Қуръоннинг барча оятлари бири бошқасини тўлдириб, яхлит тизимни вужудга келтиради.  
Қуръони Каримнинг бошқа бир ўрнида ҳам шундай келтирилади: 
“Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир”.
Имом Мотуридий дейди: “Эътибор ўз ақллари билан фойда оладиган ақл эгалари учун бўлади”. 
Маълум бўлмоқдаки, Қуръон қиссалари ақлга мурожаат қилади ва унга қувват беради. Оят ва тафсирлардаги “ақл” деб таржима қилинадиган “луб” сўзи шартли бўлиб, аслида инсон ботини – ички дунёсининг энг тўрини ёки маънавий дунёсининг асосий ўзагига нисбатан ишлатилади. Шунинг учун у “сир” деб ҳам аталади. Ҳаким Термизий “Баён ал-фарқ” асарида келтиришича, у тавҳидга таянувчи ақлдир. Агар ёнғоқ мисолида тушунтирилса, у пўст, парда ва мағиздан сўнг келадиган ёғ қисми, чироқ мисолида тушунтирилса, шиша, пилик, мой кабилардан сўнг келадиган нур қисми, кўз мисолида ҳам унинг ташқи қисмларидан сўнг келадиган нур қисми кабидир. Ўзаги тавҳид бўлган ушбу нур тўкис ва батамом нур бўлиб, диннинг тиргаги у билан ва нурларнинг ҳаммаси унга қайтувчи, унинг собитлиги билан собит бўлувчидир. Унинг одатий ақлий ўлчам билан фарқи чироқ ва қуёш орасидаги фарқдекдир. Бошқача айтганда, ақллар тафовутли бўлиб, дунёда бир хил бўлган икки ақл топилмайди. Луб эса ақлнинг энг юксак даражаси бўлиб, Аллоҳ ва Унинг маърифатига боғланган, бу боғланиши доимий бўлиб, ундан узилиб қолмайдиган ва бундан улушини мўл-кўл оладиган ақлдир. 
Демак, маълум бўлмоқдаки, Қуръон қиссалари киши ақлини бошланғич нуқтасидан бошлаб босқичма-босқич юксалтирувчи, тўйинтирувчи, ички дунёсининг энг тубига қадар борувчи, демакки, уни тубдан ўзгартириб, қайта шакллантирувчи куч ва қийматга эгадир. 
Қолаверса, инсон ҳаёти ва унинг ибтидоси, ҳайвонот дунёси, жинлар олами ва бошқаларни қамраб олувчи ушбу қисса ва мисоллар тафаккури кишида ана шундай юксак даражадаги маънавий қувватни шакллантиришда энг зарурий асос сифатида хизмат қилади. 
Чунки Қуръон қиссалари ҳидоят ва залолат, ҳақ ва ботил, рост ва ёлғон, тўғри ва эгри, умуман, инсон ва башарият тақдири каби энг улкан ва зарурий масалаларга қаратилиб, уларни лозим даражадаги кенг кўлам билан  қамраб олади. Бу эса уларнинг бошқа қиссалардан фарқини, бошланғич ақл ва юксак даражадаги луб фарқида бўлганидек, чироқ ва қуёш фарқидек,  балки ундан ҳам каттароқ фарққа эгалигини кўрсатади. Мазмун жиҳатдан бу даражадаги фарқнинг асосий сабаби улар кишилар ибрати маҳсули эмас, балки оламлар Парвардигори ҳузуридан эканлигидир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Агарчи ундан олдин сен бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам” (Юсуф, 3).
Имом Насафий ушбу оят тафсирида шундай дейди: “Энг гўзал қисса”дан мурод у энг гўзал йўл ва энг ажойиб услуб билан қисса қилинади. Бу тарздаги қиссани сен аввалгиларнинг китобларида Қуръонда бўлганига яқин тарзда ҳам қисса қилинганлигини кўрмайсан. Агар қиссасдан мурод қисса қилиб бериладиган нарса бўлса, у “биз сенга воқеа-ҳодисалардан энг гўзал бўлганини қисса қилиб берамиз” маъносидадир. Унинг энг гўзал бўлиши ундан бошқасида бўлмаган ундаги ибратлар, ҳикматлар ва ажойиботлар туфайлидир. Кўриниб турган маъно шуки, у қисса қилиниши жиҳатидан ўз бобида энг гўзалидир. Бу худди “фалончи одамларнинг энг илмлиси” дейилгани каби бўлиб, бунинг маъноси унинг ўз соҳасида пешқадам эканлигидир. “Қосос” сўзининг келиб чиқиши изидан “қосос” қилиш бўлиб, бу қачонки изидан эргашгандадир. Чунки воқеа-ҳодисани қисса қилган киши, унинг баёнида у ўз ичига олган нарсаларга бирма-бир эргашиб боради”. 
Имом Мотуридийга кўра, ушбу оят “сенга баённинг энг гўзал услубида баён қиламиз” деб ҳам тафсир қилинади ва “энг гўзал”га “энг рост” деб ҳам маъно бериш мумкин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса “энг гўзал қисса”ни “Раҳмоннинг каломи” ҳам дейди. 
Шу билан бирга:
“Албатта, бу ўзи ҳақ қиссадир” (Оли Имрон, 62).
Бу оят Қуръони Каримда келган Исо алайҳиссалом қиссасига оид бўлса-да, умумий маънода ундаги барча қиссаларга тегишли. Шунинг учун Абу Лайс Самарқандий ушбу оят ҳақида “Албатта, бу Қуръон ўзи ҳақдир” тафсирини ҳам келтиради.  
Энг асосийси, келтирилганидек, Аллоҳ таоло қиссалардан муродни ҳам баён қилади: 
“Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир” (Юсуф, 111).
Қуръони Карим қиссалари ҳақида қадимда ҳам, замонамизда ҳам кўплаб асарлар ёзилган. Шулардан бири Муҳаммад Таҳомий Нақранинг “Қуръон қиссалари психологияси” номли араб тилидаги докторлик иши бўлиб, у 1971 йилда нашр этилган. Унда Қуръон қиссаларига психологик-руҳий, услубий, маърифий, тарихий, тарбиявий каби кўплаб жиҳатлардан таҳлилий назар ташланган. Ушбудек асарларнинг ўзбек тилига ўгирилиши қуръоний қиссалар борасидаги билимларимизни бойитиб, бу соҳада янги изланишларга асос бўлади.

 

Жўрабек Чўтматов – 
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими

Izoh qoldirish