АЛ-МАСАЛ (МИСОЛ)
ضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا
АЛЛОҲ МИСОЛ КЕЛТИРУР (НАҲЛ, 75).
Қуръони Каримдаги алоҳида мисоллар борасида қадимда ҳам, ҳозирда ҳам йирик тадқиқотлар битилган. Шулардан бири Муҳаммад Ҳаким Термизийга тегишли бўлиб, “Ал-Амсол минал-Китаби вас-сунна” (Қуръон ва Суннадан олинган мисоллар) номли асардир. Унда шундай келтирилади: “Билгинки, мисоллар келтириш ашёлар унга ғойиб ёки яширин ҳолда бўлганлар (яъни, ғайбий ва фаҳмий масалаларни англатиш) учундир. Кишилар улардан ашёлар махфий қолгани сабабли мисоллар келтирилишига муҳтождирлар. Улар ўзлари учун ғайб бўлган нарсаларни идрок этишлари учун Аллоҳ уларга ўзининг ҳузуридаги нарсадан эмас, балки ўзларидан ва ўзларининг ҳузурларидаги нарсалардан мисоллар келтирди”, “зеро, Аллоҳ мисоли йўқ Зотдир” (“У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир” (Шўро, 11), “Аллоҳга зарбул масал келтирманглар!” (Наҳл, 74). “Мисоллар – кўзлар ва қулоқлардан ғайбда бўлган нарсалар учун келтириладиган ҳикмат намуналари бўлиб, жонлар ўзлари идрок этган нарсаларини кўз билан кўриб тургандек бўлишига йўл топиши учундир”. Қуръонда мисолларни тушунган кишилар олимлар дейилган. Мисоллар, шунингдек, қалблар ва нафслар учун ойна бўлиб, у зоҳирий-ташқи кўз ва қулоқлар билан ботиний-ички (қалбдаги) кўз ва қулоқлар орасини боғловчи муҳим воситадир ҳамда ушбу мисоллар нафсга ҳам етиб бориши учун у тарбия босқичларидан ўтиши лозим”.
Аммо Қуръон ва унинг тафсирларига назар ташланса, қуръоний мисоллар янада кенгроқ миқёс касб этишига ва ушбу илоҳий Китобда баён этилган маъноларга дахлдор эканлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан:
“Сизга мисоллар келтирмадикми?” (Иброҳим, 45)
ояти тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики, Қуръонда ваъда, огоҳлантириш, раҳмат ва азоб каби барча жиҳатларни ўз ичига олган мисоллар келтирилгандир.
Имом Мотуридийга кўра, масал, яъни, мисол баён маъносида зикр этилади. Мисоллар келтиришда ҳиссий жиҳатдан бўлган кўзларга кўринмайдиган нарсаларни танитиб, билдириш бордир. Келтириладиган мисоллардан мўминлар фойда олишади. Чунки уларнинг назари ушбу мисоллар ичига жойлаб, қўйиб чиқилган нарсаларга қаратилган бўлиб, улар мисолларнинг айнан ўзига қарашмайди. Аммо кофирлар, мисолларнинг айнан ўзига қарашади, унинг ичидаги нарсага эмас. Бунинг натижасида эса улар ушбу мисолларни ҳақир санашиб, ақллари уларни қабул қилмади:
“Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади” (Бақара, 26).
“...қалбларида касали бор(мунофиқ)лар ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари...” (Мудассир, 31).
Шунинг учун Аллоҳ таоло мисолларни ақл ва тафаккур эгалари учун келтирганини баён қилиб ўтган:
“Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” (Анкабут, 43).
“Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар” (Ҳашр, 21).
Ушбу мисоллар борасида тафаккур қилинса ва уларга яхшилаб назар солинса, кишилар учун мавъиза ва олдингилар қилган нотўғри ишлардан қайтарувчи омил бўлади. Аслида эса: “Аниқки, Биз бу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик” (Исро, 89).
Ушбу маънодаги оят Қуръоннинг бир неча ўрнида келиб, уни муфассирлар шундай тафсир қилишадики, Қуръонда барча жиҳатлардан баён қилингандир. Унда инсонлар унга муҳтож бўлган ҳар бир маъно очиб берилган ва у ажойиблиги ва гўзаллиги билан мисол бўладиган тарздадир. Ҳатто Абу Лайс Самарқандий “барча мисоллардан”ни “барча нарсадан” деб тафсир қилганки, бу ҳам Қуръоннинг барчасини мисол ўрнида кўриш мумкинлигига далолат қилади. Имом Мотуридий таъбири билан айтганда: “Ушбу Қуръонда одамлар учун улар дин ва дунёлари масаласида муҳтож бўладиган барча нарсани баён қилдик. Уларга фойдалари ва зарарларига бўлган нарсалар ёки ўзаро муносабатлардаги масъулиятлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида хабар берилди”.
Қуръон қисса ва мисоллари ҳақида умумий хулоса сифатида Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг юқорида ҳам келтирилган ушбу сўзларини яна бир бор ушбу ўринга мос тарзда ўқиб кўришимиз мумкин: “Аллоҳ нозил қилган бирон калима йўқки, унда Аллоҳнинг бирон муроди ва истаги бўлмаса. Дарҳақиқат, Аллоҳ бизга Мусо ва Ҳорун ҳамда Юсуф ва унинг биродарларининг қиссасини ҳикоя қилди. Мана шуларда сўз, иш ва амалларда кўплаб нарсаларга далолат қилди. Шу билан бирга ниманики ҳикоя қилмаган бўлса, билиш лозимки, У Зот фақатгина унга бизнинг ҳожатимиз борлигини билган нарсаларнигина ҳикоя қилди ва ундан бошқа нарсалар борасида сукут қилди. Унинг бу нарсалардаги хитоблари маъноси шаҳват – истак-хоҳишга таянган хитоб эмас. Бу нав хитоб одамзодга хос бўлиб, у бирон нарсани хоҳласа, гапиради, нимани хоҳламаса, тарк қилади. Балки Алллоҳ у билан хитоб қилган нарсалар, албатта, ҳикмат биландир, у тарк қилган нарсалар ҳам ҳикмат биландирки, ўша нарсани фақат мана шу тахлитдагина тушуниб олиш мумкин бўлади”.
Жўрабек Чўтматов –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish