27.06.2022

Исломда поклик

  Динимиз моддий ва манавий поклигимизга муҳим аҳамият бериб, ибодатлар учун пок бўлишимизни фарз қилди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам покликни иймоннинг ярмиси эканлигини айтадилар.

Инсоннинг руҳи фақат поклик билан таскин топади. Шундай экан, биз мусулмонлар учун поклик ҳеч ҳам воз кечиб бўлмайдиган дастур амалдир. Ҳаётнинг тамалидир. Уммати Муҳаммаднинг устунлигидир.

Мусулмон инсоннинг кийими, танаси, макони, қалби, руҳи, ақли, туйғулари, тили, луқмаси покдир. Бир сўз билан айтганда мусулмоннинг ҳар бир нарсаси покдир. Қандай қилиб пок бўлишни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаси билан бизларга ўргатиб қўйган.

Вужуднинг ташқи тарафини поклаган таҳорат ва ғусл, инсоннинг руҳига ҳам тезда кўчиб ўтади. Шу сабабдан мўминлар давомли равишда таҳоратли ҳолда юришга одатланади. Ҳатто ухлашдан олдин ҳам таҳорат оладиларки, руҳлари таналаридан чиқиб кетганида уйғонганларига қадар таналари таҳоратли ҳолатда бўлсин.

Таҳорат ва ғусл қилиш билан бошланган моддий поклик, намоз, Қуръони Карим тиловати ва тавоф каби ибодатлар билан маънавий покликга эриштириб, мўминнинг руҳий оламини поклашга ундайди, қалбини, руҳини ва охиратини нурлантиради. Мўмин инсон таҳорат олганда шундай бир маънавий ҳолга эришадики, шайтонлар ундан узоқлашиб, фаришталар уни ўраб олади. Мўминнинг таҳоратсиз ҳолида эса бунинг акси бўлиб фаришталар у мўминдан узоқлашади. Юқорида баён қилинган покликка сув билан эришилади. Аммо, Аллоҳ таоло сув билан бирга тупроқни ҳам Набий алайҳи саломга пок ва поклайдиган қилди. Шу сабабдан сув тополмаганимизда покланишимиз ва таҳорат олишимизни тупроқ билан адо қиламиз ва буни таяммум дейилади.

Қуръони Каримнинг поклик маъносини ифодаловчи калималар мавзусига кўра турлича сўзлар билан ифодаланган. Мисол учун жисм поклиги учун “тоҳуро”, “тоҳҳаро” ва “татоҳҳаро” феъллари ёки “тоҳур”, “мутатоҳҳир” калималари билан ифодаланган.

Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: “У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманг. Агар пок бўлсалар, уларга амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади”, деб айт.

 Бақара. 222 

Eй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингиз ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга маш тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар. Агар жунуб бўлсаларингиз покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёҳуд бирортангиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилсаю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга маш тортинглар. Аллоҳ сизга қийинчилик туғдириш истамас аммо, сизларни поклашни ва сизларга ўз нематини батамом беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар. 

 Моида.6

 “Уй”ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсланг. Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг. Ва Иброҳим ва Исмоилга: “Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар”, деб амр қилдик. (“масаба” зиёрат қилиб тўймайдиган макон.)

 Бақара. 125

Юқоридаги поклаб қўйинг бирикмаси маъносида “тоҳҳиро” феъли келган. Демак, жойларни тозалаш маъносида “тоҳҳаро” феъли ишлатилади.

Нарсалар ёки таомларнинг пок ва ҳалоли маъносида келганда “тоййиб” калимаси билан ифодаланади:

Ва булутларни устунгиздан соя қилдириб қўйдик, сизга манн ва беданани тушурдик. Ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар. Бизга зулм қилмадилар балки ўзларига зулм қилар эдилар. (Ибн Касирнинг айтишича “Манн” ўзини еса таом ва ширинлик, сувга қўшиб ичса ичимлик бўладиган нарсадир. Уни бошқа нарсага ҳам қўшса бўлаверади.) 

Бақара. 57

 Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: “Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир”, деб айт. 

Моида.4

 Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сизлар учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афифа мўминлар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афифалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали беҳуда кетадир ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир.

 Моида.5

Аммо, инсоннинг руҳий маънавий поклигини ифода этишда “закка”, “тазакка” феъллари ишлатилган.

 

Ҳақиқатан, ким пок бўлса, ютуқ топадир.

 Аъла.14

 Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа ютуққа эришади.

 Шамс.9

 Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беради, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ ойдин адашувда бўлсалар ҳам.

 Оли Имрон.164

 Қуръон оятларини синчиклаб ўрганилса, Ислом дини мукаммал поклик дини эканлиги намоён бўлади. Юқорида келтирилган оят мазмунларидан хулоса қилишимиз мумкинки, исломда фақат пок нарсалар ҳалол қилингани, пок кийимлар, пок таомлар покиза-бокира аёллар ҳалол қилингани ҳақида сўз боради. Мўминларни тарихда бўлган воқеалардан тўғри хулоса чиқаришга чақиради, ҳатто садақа қилишда ҳам фақат инсоннинг пок ва ҳалол топганидан садақа қилиш кераклиги уқтирилади. Мўминнинг қандай таҳорат олиши ҳақида ҳам Қуръон оятларидан ўрганамиз. Инсоннинг вужуди пок бўлиши билан бирга руҳи ва унинг маънавияти ҳам пок бўлишини бизга Қуръон оятлари ўргатади.

 ✍️ Саъдулла Бобохўжаев -Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими


 

Izoh qoldirish