27.09.2022

АСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ТАВАЛЛУД ТОПГАН ОЙ КИРИБ КЕЛДИ

Ҳижрий 1444 йил Рабиъул аввал ойининг биринчи куни милодий йил ҳисоб бўйича 2022 йил 27 сентябр кунига тўғри келмоқда.

🕌 “...Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят) деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

✅ “Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман”, деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин!

🌷Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафао соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида Робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси (баъзи манбаларда 8, 9 ёки 10-кунлари), душанба куни (милодий 571 йил, апрель ойида) дунёга келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

❓Робиъул аввал ойи қандай ой? 
Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлид ойи” деб ҳам номланади.

🌙 Мавлид нима дегани? 
Мавлид луғатда “туғилиш” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Рабиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлиди Набий” дейилади.

Мавлид ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.

❗️Бу ойни қандай ўтказиш керак? 
Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.

🌙 Салавот нима дегани? 
“Салавот” сўзи араб тилидаги “салот” сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади.

🔹 Салавот қандай айтилади?
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла аали Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла аали Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

🔸 Салавот айтишнинг қандай фазилатлари бор?
Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

🤲 Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. 
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”, дедилар.

Izoh qoldirish