27.09.2021

Халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди

«Абу Муин Насафий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусидаги халқаро онлайн конференцияда Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон ҳамда Марказий Осиё давлатларидан таниқли уламолар, етук олимлар, илмий тадқиқот маркази раҳбарлари ҳамда диний соҳа вакиллари иштирок этишди.

  Қуръон тиловати ҳамда эзгу дуолар қилингач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ўз нутқи билан халқаро онлайн конференция маърузасини бошлаб берди.

Конференция давомида Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон. Қирғизистон давлатлари муфтийлари ҳамда бошқа бир қатор илмий-тадқиқот марказ раҳбарлари нутқ сўзлаб, Абу Муин Насафий илмий меросини ва унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикрлар билдириб ўтишди. Жумладан Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази директори, ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров “Абу Муин Насафий меросининг Мотуридий таълимоти ривожида тутган ўрни” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек семинар давомида  Россия муфтийлар кенгаши раиси, Россия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Равил Гайнутдин, Шайхул Ислом, Кавказ муслмонлари  диний идораси раиси Аллоҳшукур Пошшозода, Тожикистон Ислом маркази раиси, муфтий  Саидмукаррам Абдулқодирзода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврузбай Таганули, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир Ракиев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик кафедраси доценти т.ф.н. Саидмухтор Оқиловлар ўз маърузаларида Абу Муин Насафий ҳаёти ва ижоди, алломанинг бой илмий меросини тадқиқ этиш ва ўрганиш, қолаверса, ислом манбашунослиги тадқиқоти натижалари, қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтишди.

Учрашув якунида турли даражадаги тажриба алмашинув ташрифларини йўлга қўйиш, шунингдек, илмий тадқиқот натижаларини кенг тарғиб этиш ва нашр ишларини кенгайтириш борасида таклифлар билдирилди.

Имом Термизий халқаро  

илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати

Izoh qoldirish