29.09.2021

Экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғаразли ниятлари ва муқаддас ислом динининг асл мазмун моҳияти

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий барқарорликни сақлаш, миллатлараро ва динлараро ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, танланган дунёвий демократик тараққиёт йўлимизнинг бардавомлигини таъминлаш янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакатимизда миллий бирликни, ҳудудий яхлитликни, барқарор ривожланишни таъминлаш дарҳақиқат, долзарб муаммодир. Ушбу муаммони муваффақиятли ҳал этиш атрофимизда кечаётган ижтимоий жараёнларга оқилона ёндашувни талаб қилмоқда.

Эртамиз эгалари бўлмиш ёш авлодни бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, мафкуравий таҳдидларга алданиб қолмаслиги учун қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилиб, турли даражадаги учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Термиз давлат университетида айни мавзу доирасида ташкил этилган тарғибот тадбирида ОТМ профессор ўқитувчилари, талаба-ёшлар, тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этишди. Учрашувда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи У.Улжаев нутқ сўзлаб, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғаразли ниятлари ва муқаддас ислом динининг асл мазмун моҳияти ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Шунингдек, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлиги, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш лозимлиги, динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадларидан доимо огоҳ бўлиш лозимлиги маърузачилар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Қизғин ва баҳс-мунозарали кечган учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олишди.

Бир сўз билан айтганда инсонлар қалби ва онги учун катта курашлар кечаётган глобаллашув даврида юксак маънавият, одоб ахлоқ тарбиясига эътиборни кучайтириш долзарб вазифадир. Ўсиб келаётган ёш авлодни диний – миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, Ватанга меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни хар-хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш ва муносиб ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир!

 

Имом Термизий илмий- тадқиқот маркази матбуот хизмати

Izoh qoldirish