30.09.2021

Тарғибот-тадбирларининг навбатдагиси Тошкент Тиббиёт академияси Термиз филиалида бўлиб ўтди...

Сурхондарё вилоятида экстремистик ташкилотлар ва мутаассиб гуруҳлар ғояларининг аҳоли орасида тарқалишини олдини олишга қаратилган "Экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғаразли ниятлари ва муқаддас ислом динининг асл мазмун -моҳияти" мавзусидаги тарғибот-тадбирларининг навбатдагиси Тошкент Тиббиёт академияси Термиз филиалида бўлиб ўтди.

Тошкент Тиббиёт академияси Термиз филиалининг 1-босқич талабалари иштирокида қизғин кечган учрашувда тарғибот гуруҳи аъзолари, ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этишди.

Учрашувда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Умарали Улжаев нутқ сўзлаб, бугунги кунда диний экстремистик доиралар ўз мақсадларини амалга ошириш учун халқлар ўртасида биринчи навбатда миллатчилик ва диний айирмачиликни келтириб чиқариш ва шу йўл билан бир давлатда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасида миллий, диний ихтилоф ва низоларни вужудга келтиришга уринаётганлигини таъкидлаб ўтди.

 Қизғин ва баҳс-мунозарали кечган учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олишди.

Бир сўз билан айтганда ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ. Ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатларимизга рахна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, умримиз мазмуни бўлган тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга карши доимо огоҳ туришимиз даркор. Ана шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч нарса ўз танлаган йўлимиздан ортга қайтара олмайди ва биз кўзлаган улуғвор максадларимизга албатта етамиз.

 Имом Термизий илмий- тадқиқот маркази матбуот хизмати

Izoh qoldirish