31.01.2024

АБДУЛАЗИЗ ИБН ХОЛИД ИБН ЗИЁД ТЕРМИЗИЙ – ИМОМ АЪЗАМ ШОГИРДИ

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Қумқўрғон, Шўрчи, Жарқўрғон туманлари имом-хатиб ҳамда имом ноиблари учун Термизий алломаларнинг ибратли ҳаёти ва илмий меросиини ўрганиш бўйича семинар тадбири ўтказилди.

Семинарда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими Жўрабек Чўтматов томонидан "Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг мусулмон дунёси тамаддунига қўшган ҳиссаси”, “Термизий алломалар меросида ёт ғояларга қарши раддиялар”, “Термизий алломаларнинг ислом илмлари ривожида тутган ўрни” каби мавзуларда маъуразалар қилинди.

Шунингдек, Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд Термизий – Имом Аъзам шогирди тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Табаъ тобеъинларнинг сўнггиларидан, исломий илмлар билимдони бўлган қози. Ушбу Термизий ҳам ҳадис илмида шайх, мақбул ва содуқ (ростгўй)дир. Ундан олти ҳадис тўпламлари муаллифларидан Имом Насаий ҳадис ривоят қилган. У фиқҳ – ислом қонуншунослиги илмида мазҳаббошимиз Имом Аъзамнинг шогирди бўлиб, у зотдан ҳадис ҳам ривоят қилган ва отасидан сўнг Термиз қозиси бўлган. 

Абдулазиз ибн Холид Термизий нафақат Термиз, балки юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам Ислом динининг тарқалишига хизмат қилган. Балх олимларидан бўлган Абу Муъоз Холид ибн Сулаймон Балхий (ваф. 814) билан бирга жаҳмийлик фирқасига мансуб қози Ҳасан ибн Муҳаммад Аъмаш тазйиқи туфайли ўз шаҳридан қувғин қилинаган Абдулазиз ибн Холид Термизий Фарғонага сургун қилинади. Абу Ҳафс Насафий (ваф. 1142) келтиришича, “Аллоҳ Шош ва Фарғона аҳлига бу икки олим билан хайру саховат кўрсатди. Уларнинг қўлида юз мингга яқин киши мусулмон бўлди. Қачонки (Имом Аъзамнинг шогирди) Абу Мутийъ (Балхий) қози бўлгач, Ҳасан ибн Муҳаммад Аъмаш қочди ва Марвга борди. Жаҳмийлик Марвга у орқали кириб келди. Абу Муъоз ва Абдулазиз эса ўз манзилларига қайтишди”. Шунингдек, Насафий ушбу Термизий ҳақида “У Самарқандга ҳам кирган” дейди.

Izoh qoldirish