01.02.2024

Исроил ибн Зиёд Термизий

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Денов тумани имом-хатиб ҳамда имом ноиблари учун Термизий алломаларнинг ибратли ҳаёти ва илмий меросиини ўрганиш бўйича семинар тадбири ўтказилди.

Семинарда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими Жўрабек Чўтматов томонидан "Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг мусулмон дунёси тамаддунига қўшган ҳиссаси”, “Термизий алломалар меросида ёт ғояларга қарши раддиялар”, “Термизий алломаларнинг ислом илмлари ривожида тутган ўрни” каби мавзуларда маъуразалар қилинди.

Шунингдек, Исроил ибн Зиёд Термизий, Суфён ибн Омир Термизий, Ғолиб ибн Ҳилол Термизий  тўғрисида  тўхталиб ўтилди.

Исроил ибн Зиёд Термизий

Баззозий (ваф. 1424) ва Бадриддин Айний (1360-1451) каби олимлар уни Абдулазиз ибн Холид Термизий билан бирга Имом Аъзамнинг Термиз аҳлидан бўлган шогирдлари қаторида қайд этади ҳамда охиргиси дейди: “Уни (Имом Аъзамни устоз сифатида) лозим тутди ва унинг маноқибини (яъни, мақтовли сифатлари жамланган китобни) битди”. 

Суфён ибн Омир Термизий

Термиз аҳлидан бўлган ва ҳадис илмида шайх ва содуқ (ростгўй) ҳисобланган шахсдир. Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий: “У солиҳ инсон эди” дейди. У Бухоро қозиси бўлган.

Ғолиб ибн Ҳилол Термизий

У машҳур тобеъин олим Абу Муҳаммад Кўфий Аъмашдан (681-765) ривоят қилган. Ғолиб Термизий Имом Аъзам шогирди, машҳур қози Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий Кўфий Бағдодийга (113-182/731-798) яқин шахс бўлган. У ўз устозининг мўътазила фирқаси ва унинг вакилларидан бири бўлган Бишр Марисийга қилган насиҳатларини келтирган: “Абу Юсуфдан бир ёки икки бор эмас, балки неча бор эшитганимни саноғига етолмайдиган миқдорда Бишр Марисийга: “Бу гапни қўй...” деганини эшитдим”. Манбаларда келишича, у солиҳ киши эди”. 

Izoh qoldirish