Тарғибот тадбирлари давом этмоқда
Тинчлик буюк неъмат, қолаверса инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади. Чунки, осуда ҳаёт, яратувчанлик ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келганлар.
Аммо бугунги воқелик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали-ҳануз орзу бўлиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Мутахассислар тинчликка рахна солувчи омилларни турлича келтирадилар-давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар низолар, табиий офатлар... Лекин бу омилларнинг ичида бугунги кунда энг хатарли ва ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий хавф солишга қодир бўлгани диний экстремизм ва терроризм эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда.
Диний экстремизм ёки терроризм иллатининг сўнгги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда. Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлон онгига ватанпарварлик ва соф исломий ғояларни сингдириш, уларни ҳар жабҳада юксак савияли қилиб тарбиялаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан экстремистик ташкилотлар ва мутаассиб гуруҳлар ғояларининг аҳоли орасида тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар дастурига оид "Экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғаразли ниятлари ва муқаддас ислом динининг асл мазмун -моҳияти" мавзусидаги тарғибот-тадбирларининг кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида мунтазам ўтказиб келинаётганлиги фикримиз далили. Айни мавзудаги тарғибот тадбирининг навбатдагиси Термиз давлат университетининг Педагогика институтида бўлиб ўтди.
Учрашувда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Умарали Улжаев нутқ сўзлаб, бугунги кунда бир қатор гуруҳларнинг бутун дунё мамлакатлари ҳудудларида ноқонуний фаолият юритиб, бу давлатларнинг сиёсий, ижтимоий-маданий, маърифий ҳаётида бир қанча муаммолар туғдириб келаётган турли терросристик ташкилотларнинг вайронкор ғоялари ҳақида фикр билдирар экан, уларнинг асосий мақсади аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиб, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш, жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, бугунги кунда диний-экстремистик, террористик гуруҳлар фаолиятида муҳим ўзгаришлар кузатилаётганлиги, мамлакатимиз ва бошқа давлатларда диний-экстремистик, террористик ҳаракатларга нисбатан олиб борилаётган муросасиз ёндашув натижасида гуруҳ аъзолари ўз ҳаракатларини очиқ намоён этишни маъқул кўрмай, аксинча, хуфёна тарғибот-ташвиқот ишлари орқали, жумладан интернет орқали ўз ғояларини тарқатиш билан фаолиятларини жадаллаштиришаётганлиги таъкидланди. Учрашув давомида ёшларни терроризм ва диний экстремизмнинг таҳдидларига тушиб қолишларига сабаб бўлаётган асосий омиллар ҳам хаётий мисоллар оркали очиб берилди.
Бир сўз билан айтганда ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга зид бўлган диний мазмундаги маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга уриниш ҳолатлари мамлакатимизда ҳам кузатилмоқда. Бу каби экстремистик руҳдаги маҳсулотларни интернет ва бошқа йўллар орқали тарқатилиши аҳоли томонидан диннинг нотуғри талқин этилишига, кам маълумотга эга ўқувчилар маънавий онгининг бузилишига, турли эътиқод ва қарашларга эга бўлган одамлар, хусусан ёшлар орасида адоват ва хусумат уйғонишига замин яратмоқда.
Учрашув давомида сўз олганлар айни жараён ҳақида сўз юритиб, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш натижасида ҳам диний ҳам дунёвий билимларни мукаммал ўрганиш ҳамда янада ҳушёрликни ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтишди.
Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Шу нуқтаи назардан тарғибот гуруҳи томонидан ўтказиб келинаётган ушбу йўналишдаги тадбирлар ёшларнинг аввало интернетдан тўғри фойдаланиш маданиятини кучайтириб, жаҳонда тобора илдиз отиб бораётган мафкуравий таҳдид ва хатарларни тўғри таҳлил эта олишга ҳамда улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқаришга ўргатиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Имом Термизий илмий- тадқиқот маркази матбуот хизмати
Izoh qoldirish