19.10.2021

ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИГА ТАРЖИМА ҚИЛИНГАН “ТАЪВИЛОТ АЛ-ҚУРЪОН” АСАРИ ТАҚДИМОТИ СУРХОНДАРЁДА

21

 Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таржима қилиниб нашр эттирилган 30-жузи тақдимоти тадбирларининг навбатдагиси Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтди. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакиллиги ва Имом Термизий  халқаро илимй- тадқиқот маркази ва Имом Термизий номидаги ўрта-махсус ислом таълим муассасаси  билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, вилоятдаги нуфузли уламолар ва фаол имом-хатиблар, диний йўналишдаги таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Р.Тоғаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Д.Давлатов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ж.Чўтматов, М.Жониев ва О.Жўраев ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар масъуллари Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари ва унинг моҳияти, шунингдек диний маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган илмий ютуқлар ҳақида сўз юритишди.

Тақдимот маърузачилари ушбу бебаҳо мероснинг ўзбек тилига таржимаси улкан муваффақият ва илм оламидаги ўзига хос янгилик эканлиги таъкидлашиб, таржимонларнинг мазкур меҳнатини йирик илмий натижа сифатида баҳолашди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан асарни таржима қилиш таржимонлар гуруҳидан улкан маҳорат ва масъулият талаб этилиши қайд қилиниб, ғоявий зиддиятлар авж олган глобаллашув шароитида бу каби таржималарга улкан эҳтиёж мавжудлиги тилга олинди.

Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан юксак илмий қийматга эга мазкур асарни таржима қилиш жараёнида Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қарашларини имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратилиб, Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилган.

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавобларга бой бўлган тақдимот тадбири республикамизнинг бошқа вилоятлари бўйлаб давом этади.

 

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати

Izoh qoldirish