27.10.2021

“Икки улуғ донишманд” (Ҳаким Термизий, Абу Исо Термизий)

Китоб муаллифи: Тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов.
Китоб ҳажми: 112 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Китоб Сурхон заминидан етишиб чиққан икки буюк аллома Ҳаким Термизий (820-932 йй.) ва Имом Термизийлар (824-892 йй.) ҳаёти ва илмий меросига бағишланган.
I. Ҳаким Термизийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Термизийдир. У суфийликнинг йирик вакили ҳисобланади. 820 йил Термиз шаҳрида туғилган.
Ҳаким Термизийнинг тасаввуфга оид асарларида жон, унинг ҳолатлари ва ҳаракатлари, инсоннинг ўзини такомиллаштириши, тубан туйғуларини жиловлаб, ўз-ўзини поклаши зарурлиги ҳақидаги фикрлар баён этилган.Термизий фикрича, ақл-заковат ўзлаштира оладиган энг олий билим - маърифат ёки ҳикматдир, бу - инсон қалбини ёритувчи “илоҳий нур”дир. Турли илмларни ўқиб-ўрганиш жараёнида уни эгаллаш мумкин, аммо асл маърифат Аллоҳнинг ўзи ярлақаган зотларгагина насиб бўлади. Термизий авлиёларни айни шундай зотлар сирасига киритади. Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳадисларига бағишланган “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар) номли асар ёзган. Аллома танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда Ҳаким Термизий ўз қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган.
Унинг “Адаб ан-нафс” (Инсон одоби), “Китоб манозил ал-ибод мин ил-ибода” (Бандаларнинг ибодатдаги даражалари), “Ал-ҳаж ва асроруҳу” (Ҳаж ва унинг сирлари) каби асарлари ҳам мавжуд.
II. Имом Термизийнинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Термизийдир. Машҳур муҳаддис. Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилган.
Ёшлик чоғларидан илмга катта қизиқиш ва иштиёқ кўрсатган.
У Самарқанд, Бухоро, Марв ва бошқа шаҳарлардага машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини ўргана бошлаган. Термизий ҳадис ўрганиш ва уларни ёйиш учун 20 йил ўзга юртларда бўлган. Нишопурда Имом Бухорий билан учрашиб, кўп ҳадислар хусусида фикр алмашган. Бу учрашув ва буюк аллома билан беш йил биргаликда яшаши Термизий ҳаётида катта ўрин тутган.
Термизий “Жомеъ ас-саҳиҳ”дан ташқари “Шамоили Набавия”, “Китоб аз-зуҳд”, “Асмоъ ас-саҳоба”, “ал-Асмоъ вал-куно”, “Китоб ал-илал” ва бошқа асарлар ёзган.
Китобда Имом Термизийдан ривоят қилинган “Ким сукут сақласа, нажот топади”, “Яхшиликка сабабчи бўлган одам ўша яхшиликни қилганчалик савоб олади” каби ибратли ҳадислар келтирилган.
–  Т., 2017.

Izoh qoldirish