“Китоб ал-илал” (Ҳадис илмидаги иллатлар ҳақидаги китоб)
Китоб муаллифи: Имом Термизий (824-892 йй).
Нашрга тайёрловчи: Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Жўрабек Чўтматов.
Китоб ҳажми: 90 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) вафотларидан сўнг ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқала бошлади. Турли халқлар ислом динини қабул қилди, турли омиллар сабабли ҳадисларга ёлғон аралашди, тўқима ҳадислар пайдо бўлди.
Имом Термизий каби муҳаддис алломалар ҳадиси шарифларни соф ҳолда асраб, унга турли қўшимча ва ёлғонлар аралишиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳадис илмларини ишлаб чиқдилар. Ушбу илмлар ёрдамида ҳадиснинг ровийлари ва матни чуқур таҳлил қилина бошлади. Ҳақиқий ҳадислар ёлғон ҳадислардан ажратилди.
“Китоб ал-илал” асарида ҳадисларни ривоят қилувчи ровийлар томонидан ҳадисга қўшилган қўшимча сўзлар ёки сўзларнинг ўзгартирилиши аниқланади. Ушбу илм билан етук муҳаддисларгина шуғуллана олган. Имом Термизий эса ана шундай забардаст уламолардан бири бўлган.
Имом Термизийнинг ҳадис иллатларига бағишланган иккита асари бўлиб, бири “Илал ас-сағир” (Кичик иллатлар китоби), иккинчиси “Илал ал-кабир” (Катта иллатлар китоби) номи билан машҳурдир.
Ушбу асар мусулмон дунёсида эътироф этилган. Олимларнинг фикрича, мазкур асар ислом дунёсида ҳадис илмларининг қонун-қоидалари ёзма тарзда баён қилинган илк китоб ҳисобланади. Имом Термизийдан олдин бу илм оғиздан-оғизга ўтиб, нақл қилинган. Термизий бобомиз эса уни қоидавий тарзда китоб шаклида ёзишни бошлаб берганлар.
Имом Термизий ушбу асарини 884 йилда Самарқандда ёзиб тугатган.
Китобнинг кириш қисмида Имом Термизийнинг ибратли ҳаёти ва бой меросига оид маълумотлар келтирилган. Сўнг китоб матнининг араб тилидан қилинган таржимаси берилган.
– Т.: Мовароуннаҳр, 2017.
Izoh qoldirish