05.11.2021

“Кешлик алломалар”


Китоб муаллифи: Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукурилло Умаров
Китоб ҳажми: 228 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Ўрта асрларда Мовароуннаҳрнинг қадимги Кеш воҳасидан етишиб чиққан муҳаддис, муфассир, фақиҳ, тарихчи олимларнинг ҳаёти, илмий-маънавий мероси ҳақида.
Кешдаги илмий муҳит, илк мадрасалар, ҳадис мактабларида етишиб чиққан муҳаддислар ва уларнинг дунёдаги машҳур қўлёзма китоб фондларида сақланаётган 25 га яқин асарлари ҳақида фойдали маълумотлар берилган. Хусусан, Мовароуннаҳрнинг VIII-IХ асрлардаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ҳолати таҳлил қилинган. Қашқа воҳасига мансуб Насаф, Кеш, Касби, Хусор (Ғузор) каби шаҳарлардан етишиб чиққан алломаларнинг дунё илм-фан ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ёрқин мисоллар келтирилган.Кеш шаҳри ва ундан етишиб чиққан алломалар ижодига алоҳида эътибор қаратилган. Кешнинг тарихи, сўлим гўшалари, дунёни ўзига жалб этган шавкати ҳақида сўз юритилган. Сомонийлар давлати пайдо бўлиши ва улар томонидан илм-фанга катта эътибор қаратилиши замирида Бухоро, Марв*, Самарқанд, Найсобур*, Балх, Бинкент*, Термиз, Хўжанд, Урганч сингари шаҳарлар қаторида Кеш ва Насаф ҳам илм-фан, маданият ва тижорат марказларига айланган. Хусусан, Кешнинг ўз даврида илм-фан, ривожланган ҳудуд сифатида тарихда қолгани баён қилинган.
Асарда Кеш шаҳрининг шарафини баён қилувчи яна ушбу маълумотларни учратиш мумкин: Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” тарихий асарида Кешнинг мафтункор табиати, иқлимининг гўзаллиги тавсифланган. Бу диёрда машҳур муҳаддисларнинг бир вақтда жам бўлиб, илм-маърифат билан машғул бўлгани келтирилган. Шунингдек, Имом Кеший, Имом Бухорий ва Имом Доримийлар Кешда бир муддат яшаб, илмий ҳамкорликда фаолият олиб боришган. Шу даврда дунёнинг турли ҳудудларидан илм толиблари келиб, Кешдаги катта ҳадис мактабида таҳсил олган. Муслим ибн Ҳажжож ҳам бу даврда Кешда яшаб, мазкур муҳаддислардан таълим олган.
Бу тўрт машҳур муҳаддиснинг Кешда биргаликда олиб борган илмий фаолияти сабаб, бу ерда илм-фан, маданият ривожланган. Ҳадис, фиқҳ ва бошқа фанлардан мукаммал таълим берадиган катта илмий мактаб яратилган. Мазкур муҳаддисларнинг буюк хизматлари натижасида дунё аҳли бу воҳага юксак баҳо бериб, Кешни “Қуббат ал-илм ва ал-адаб” (”Илм ва адаб гумбази”) деб эътироф этган.
Кеш ҳадис илми мактаби ҳақида асарда шундай маълутлар берилган: Кешда 60 дан ортиқ муҳаддислар фаолият олиб борган. Уларнинг ичида энг машҳурлари Абдулҳамид Кеший, Муҳаммад ибн Абд Кешийлардир. Тарихий манбаларда баён этилишича, талабаларнинг турли минтақалардан келиб Кешда Абдулҳамид Кешийдан дарс олиши воҳада фаолият олиб борган ҳадис мактаби ҳақидаги хулосаларни тасдиқлайди. Машҳур муҳаддис Ҳасан ибн Мансур Исфижобий, Самарқанд қозиси бўлган шайхулислом Абу Йуср Паздавий, Нуҳ ибн Жаноҳ Можжармий”, Наср ибн Сайёр Довудий ва бундан бошқа кўплаб муҳаддислар Кешда илм-маърифат билан машғул бўлган.ҳақидаги хулосаларни тасдиқлайди. Машҳур муҳаддис Ҳасан ибн Мансур Исфижобий, Самарқанд қозиси бўлган шайхулислом Абу Йуср Паздавий, Нуҳ ибн Жаноҳ Можжармий”, Наср ибн Сайёр Довудий ва бундан бошқа кўплаб муҳаддислар Кешда илм-маърифат билан машғул бўлган.
Китобда Кешнинг ифтихори бўлган қатор аломаларнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Ҳумайд ибн Носир Кеший, Носир Кеший, Муҳаммад ибн Абд Кеший, Яҳё ибн Абдулғаффор Кеший, Умар Ҳафис ибн Абу Ҳафс Кеший, Муҳаммад ибн Умар ибн Абдулазиз, Абу Шакур Солиймий Кеший ва яна кўплаб илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган алломалар ҳақида маълумот олиш мумкин.
Китобда бугунги кунда дунё кутубхоналарида сақланаётган Кешлик алломалар асарининг қўлёзма нусхаларидан 25 тага яқинининг номи келтирилган. Улар ҳақида қисқа маълумотлар берилган.
Китобда, Мовароуннаҳр ҳадис илми ривожига ўзининг муҳим асарлари, илм-маърифати катта ҳисса қўшган Абдулҳамид Кешийнинг илмий меросига кенг ўрин берилган. 786 йил Кешда таваллуд топган алломанинг илмий фаолияти, машҳур устозлари, шогирдлари ҳақида маълумотлар келтирилган, “Муснади Абд”, “Тафсири Абд” асарлари мазмун-моҳияти ёритилган.
Китобда зикр этилганидек, VIII-IХ асрларда Кешда илм-фан, маданият ва маърифатнинг янги тизими вужудга келган. Ислом дини янги маънавий йўналиш сифатида бутун маданий жараёнга, маърифий алоқаларнинг кучайишига катта таъсир кўрсатган. Кешлик алломаларнинг энг машҳури Абдулҳамид Кеший минтақада ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом йўналишларида катта мактабга асос солган.
Алломанинг асарлари ўрта асрларда энг улуғ асарлар сифатида эътироф этилган. Бизгача етиб келган асарлари устида тадқиқотчилар томонидан ҳамон изланишлар олиб борилмоқда. Мазкур “Кешлик алломалар” китобининг бошқаларидан фарқли жиҳати, унда ҳадис, тафсир, фиқҳ, тарих ва бошқа фанлар бўйича дунёга танилган 40 га яқин кешлик алломалар ҳақидаги нодир маълумотлар мавжуд. Уларнинг асарлари ҳозирда дунёнинг қайси китоб фондларида сақланаётганлиги ҳам берилган.
Абдулҳамид Кеший билан замондош Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Муслим, Имом Термизий каби муҳаддислар фаолият олиб борган. Мазкур алломаларнинг буюк хизматлари сабаб ўрта асрларда юртимизда уч мингдан зиёд муҳаддислар фаолият олиб борганлиги илмий асосланди.
Шунингдек, китобда Абдулҳамид Кешийнинг машҳур асари “Муснади Абд ибн Ҳумайд Кеший” асарида ижтимоий-ахлоқий масалалар ва фарзандлар тарбиясига доир ҳадислар танлаб олиниб, уларнинг таржимаси ва қисқа изоҳлари ҳам берилди.
– Т.: Ғафур Ғулом, 2019.

* Марв - қадимий илм марказларидан бири, ҳозирги Туркманистон ҳудуди

Izoh qoldirish